Спорт | 16:47 / 26.07.2024
4816
3 дақиқада ўқилади

Тимур Кападзе Мисрга қарши ўйиндан олдинги фикрларини билдириб ўтди

У бўлажак рақибнинг кучли томонлари ҳамда имкониятларини яхши билишларини ва олдинги ўйиндан керакли хулосалар чиқарилганини таъкидлади.

Фото: ЎФА

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе эртанги ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Кеча Нант шаҳрига етиб келдик, тайёргарликни давом эттирмоқдамиз. Олдимизда Мисрга қарши учрашув кутиб турибди. Энг асосийси — ҳамма соғ-саломат, бироқ битта йўқотишимиз бор. Ҳимоячимиз Иброҳимхалил оилавий сабабларга кўра терма жамоа ихтиёрини тарк этишга мажбур бўлди. Лекин бунга қарамасдан режа бўйича машғулотларни давом эттиряпмиз ва эртанги учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз», — деди Кападзе.

«Мисрга келсак, Африканинг энг кучли жамоаларидан бири. Улар билан ўтган йили Тошкентда ўйнаганмиз. Рақибимизнинг кучли томонлари ва имкониятларини яхши биламиз. Шунга яраша биз ҳам ўз режамизга кўра тайёргарлик кўрамиз ва ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга соламиз», — деди жамоа мураббийи.

Тимур Кападзе Испанияга қарши кечган ўйин ҳақида ҳам ўз фикрларини яна бир бор билдириб ўтди.

«Биринчи учрашувдан кейин ўйинимизни таҳлил қилиб чиқдик ва ўзимизга керакли бўлган хулосаларни чиқардик. Ўйин давомида баъзи вазиятларда яхшироқ ўйнадик, баъзида эса камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бироқ, айтганимдек, хатолар устида ишлаб боряпмиз ва ҳозирда бор эътиборимиз эртанги ўйинга қаратилган», — деди Кападзе.

«Жамоада қолган барча соғ, муаммо йўқ. Иброҳимҳалил кетганидан сўнг захира футболчиларимиздан бирини қайдномага киритишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада ташкилий қўмитага сўров юбордик, ҳозирча жавобни кутмоқдамиз», — деди бош мураббий.

Ўзбекистон олимпиячилари эртага, 27 июл куни турнирдаги ўйинини Мисрга қарши ўтказади. Ўйин соат 20:00 да Нант шаҳридаги «Стаде де ла Беаужоире» — «Божуар» стадионида бошланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид