Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Божларни қайтариш таклифи, янгиланадиган парламент ва иккичи абитуриентлар — ҳафта дайжести
Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқарувчи учта йирик заводдан яна бири электромобиллар импортини чеклашни сўраб чиқди. Марказий банк асосий ставкани 7 йиллик минимумга тушириб, келгуси йилга рекорд даражадаги паст инфляцияни прогноз қилди. Бу йил ҳам абитуриентларнинг ярми минимал ўтиш баллини йиғолмади. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Автосаноат: Имтиёз эгалари яна имтиёз сўрамоқда
Ҳафтанинг энг муҳокамали мавзуларидан бири яна автосаноатга тааллуқли бўлди. Муҳокамалар марказида – ADM Jizzakh заводи бош директори ва завод эгаларидан бири Дониёр Давлетяров. У жума кунги очиқ мулоқотда ҳукуматдан электромобил импорти учун божларни қайта тиклашни сўради.
Давлетяровнинг компанияси Ўзбекистонда KIA ва Chery бренди остидаги автомобилларни йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқаради. Компания аввалроқ гибрид ва электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалари ҳақида эълон қилган. Лекин, Давлетяровнинг кечаги йиғилишда айтишича, ҳозир Ўзбекистонда электромобил ишлаб чиқаришдан фойда йўқ, чунки 0 фоизлик бож режими амал қиляпти. Бундай шароитда ишлаб чиқариш импортдан кўра қимматга тушади, чунки бутловчи қисмларнинг ҳаммасини ҳам маҳаллийлаштириб бўлмайди ва уларни бож тўлаган ҳолда импорт қилишга тўғри келади.
Тадбиркор муаммо ечими сифатида бутловчи қисмлар импортини ҳам бождан озод қилишни сўраш ўрнига, электромобил импортига бож жорий қилишни илгари сурди. Қўшимчасига, Хитойдан олиб келинаётган электрокарлар “маҳаллий техник талабларга мос эмаслиги”ни таъкидлаб, импортга нисбатан янги сертификацион талаблар ҳам киритишга чақирди. Бу ҳам етмагандек, ADM Jizzakh заводи автомобилларни фақат расмий дилерлар томонидан олиб кириш тартибини тиклашни ҳам сўраяпти. Аввалроқ BYD ҳам шунга ўхшаш чақириқлар билан чиққанди.
Бунга жавобан, иқтисодчи Отабек Бакиров маҳаллий автозаводлар ўзи шундоқ ҳам давлатдан триллионлаб сўмлик имтиёзлар олаётгани, энди уларга шу ҳам камлик қилаётганини писанда қилди. Бакировнинг ёзишича, Дониёр Давлетяров раҳбарлик қилаётган компания четдан олиб келиб сотаётган машиналари учун нафақат импорт божини, балки қўшилган қиймат солиғини ҳам тўламайди. Натижада у олаётган имтиёзлар миқдори ҳатто UzAuto Motors'никидан ҳам ошиб кетган. Хусусан, компания 2023 йилда импорт божхона тўловлари бўйича 4 трлн сўмдан ортиқ, 2024 йилнинг 1-чорагида эса 1,4 трлн сўмлик имтиёзлардан фойдаланган.
Иқтисодчининг фикрича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги импорт бўйича имтиёзхўрларнинг рўйхатини ва улар тўламаётган божлар миқдорини очиқлаши керак. “Халқ “ўз қаҳрамонларининг” муваффақияти қаердан эканини билиб қўйса ёмон бўлмайди”, дея ёзди Отабек Бакиров.
Марказий банк: 2025 йил охиригача инфляция 5 фоизга яқинлашиши кутилмоқда
Пайшанба куни навбатдаги бошқарув йиғилишини ўтказган Марказий банк ўзининг янги, анча оптимистик прогнози билан эътиборни тортди. Регуляторнинг қайд этишича, энергоресурслар нархлари ошишининг инфляцияга таъсири кутилганидан пастроқ бўлган. Натижада энди йил охиригача инфляция аввал кутилганидек 9-11 фоиз эмас, 9 фоиз атрофида шаклланиши, 2025 йил охирида эса 5 фоизлик (!) таргетга яқинлашиши кутиляпти. Расмийларга кўра, бу прогнозни ҳисоблашда келаси йил баҳорда энергия тарифлари яна ошиши ҳам ҳисобга олинган. Таъкидлаш керак, Марказий банк келгуси йилга ваъда қилаётган 5-6 фоизлик инфляция, яъни нарх-навонинг бутун йил давомида сезиларли ўзгармасдан туриши Ўзбекистон тарихида ҳали кузатилмаган.
Регулятор асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, 13,5 фоиз деб белгилади. Шу тариқа, 2017 йилдаги валюта ислоҳотидан кейинги даврда биринчи марта асосий ставка 14 фоиздан пасайди. Бу – инфляциянинг пасайиш прогнозлари, алмашув курсининг барқарорлашгани ва бошқа омиллар билан боғлиқ. Шу билан бирга, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг айтишича, пул-кредит сиёсатида юмшатиш фазасига ўтилди дейишга ҳали эрта. Асосий ставка ярим фоизга пасайгани билан, етарлича қаттиқлик хусусиятини сақлаб қолади.
Нурмуродовнинг сўзларига кўра, алмашув курси барқарорлашишида бир томондан экспорт ва импорт кўрсаткичлари мувозанатлашаётгани, бошқа томондан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми сезиларли ошгани муҳим ўрин тутган. Хусусан, биринчи ярим йилликда хориждан пул ўтказмалари миқдори Марказий банк прогнозидан икки баробар кўп – 6,5 млрд долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 25 фоизга кўп. АҚШ, Германия, Полша ва Кореядан ўтказмалар миқдори сезиларли ошган. Россиянинг улуши эса жами ўтказмалар таркибида 77 фоизгача тушган. Бу – меҳнат миграциясининг географияси ўзгаришда давом этаётганидан дарак беради.
Росстат маълумотларига кўра, Россияга мигрантлар оқими охирги 10 йилдаги энг паст даражага тушиб кетган. Бу оқимнинг камайиши нафақат уруш ва унинг иқтисодий оқибатлари, балки “Крокус” теракти, мигрантларга нисбатан кўпайиб бораётган тақиқлар ва уларда Россиядан бошқа вариантлар ҳам пайдо бўлаётгани билан боғлиқлиги айтилмоқда.
Депутатлар – инфоқаллобларга қарши
Ўзбекистонда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган тренингчилар фаолияти тўғрисида қонун қабул қилинди. Депутатларнинг айтишича, бу қонун асосида, “осон бойиб кетишни ўргатаман” деганга ўхшаш ваъдалар билан турли вебинар ва семинар-тренингларни сотаётган шахсларнинг фаолияти тартибга солинади. Қонунчиликка “маърифий фаолият” деган тушунча киритилиб, бундай фаолият билан шуғулланиши ман этилган шахслар доираси белгиланади. Яъни фирибгарлик ва бошқа қатор турдаги жиноятларни содир этган шахсларга семинар-тренинглар ўтиш тақиқланади.
Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, шакллари, талаблари ва шартлари қонун билан эмас, ҳукумат қарори билан белгиланиши кутиляпти. Белгиланган талабларни бузган шахслар 3 млн 400 минг сўмгача миқдорда жаримага тортилади.
Шу ҳафта депутатлар Сенатга юборган яна бир қонун ҳам шу йўналишга яқин, аниқроғи психологлар ва ўзини психолог деб атовчиларга дахлдор. “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун психологлар фаолиятига бюрократик талабларни, хусусан фақат сертификат асосида ишлаш талабини киритади, шунингдек, психология йўналишида олий маълумотга эга бўлмаган шахсларнинг психолог бўлиб ишлашини чеклайди. Бундай шахслар хусусий тартибда руҳшунос бўлиб ишламоқчи бўлса, давлатга қарашли таълим ташкилотларида қайта тайёрловдан ўтиши керак бўлади. Сертификати йўқ шахсларга ўз хизматларини реклама қилишда “психолог” сўзидан фойдаланиш тақиқланади.
27 октябрда – сайлов
Роппа-роса 3 ойдан кейин Ўзбекистонда депутатлик сайловлари бўлиб ўтади. 2016 йилдан кейинги даврдаги иккинчи шундай сайловлар, кутилганидек, 27 октябрга белгиланди. Жума куни бу ҳақда маълум қилган Марказий сайлов комиссияси, сайлов кампанияси бошланганини ҳам эълон қилди. Янги шаклланадиган парламент таркиби – Олий Мажлиснинг бешинчи чақириғи бўлади ва у 2030 йилгача давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи бўғинини амалга оширади.
Бу сафарги сайлов биринчи марта аралаш, яъни мажоритар-пропорционал тизимда ўтади. Бунда парламент депутатларидан 75 нафари мажоритар тизим асосида, яъни сайловчиларнинг аниқ шахсларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича, сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланади. Сенатнинг янги шаклланадиган аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга камаяди, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари маҳаллий кенгашлар раҳбарлигидан олиниб, кенгашларга раислар сайланиши ҳам кўзда тутилган. Ҳокимлар сайлови эса бўлмайди.
ЙҲХХнинг янги бошлиғи ашаддий қоидабузарларга қарши курашмоқчи
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги тайинланган бошлиғи Шерзод Ибрагимов аҳолига мурожаат билан чиқди. У ўз мурожаатида йўлларда энг аввало пиёдалар, жамоат транспортлари ва велосипедларга устуворлик берилиши, ашаддий қоидабузар ҳайдовчиларга қарши муросасиз кураш олиб борилишига ваъда берди.
“Аварияларнинг асл омилларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва комплекс бартараф этиш, таълим муассасалари олди, ҳодисалар ўчоқлари ва пиёдалар ўтиш жойларида ишончли, хавфсиз тизимни яратиш, шунингдек, ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашиш – бизнинг долзарб вазифамизга айланади”, – деди ЙҲХХнинг янги бошлиғи.
Тизим раҳбарининг ўзгариши йўллардаги вазият ҳам яхши томонга ўзгаришига олиб келади, деб умид қилиб қоламиз. Рўй бераётган аварияларнинг сони ва даҳшати аҳвол ўта оғирлигини яққол кўрсатиб турибди. Шерзод Ибрагимов мурожаат билан чиқиш қилган куни ҳам, 2024 йилнинг энг қонли аварияларидан бири рўй берди. Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида Lacetti ва Cobalt тўқнашуви оқибатида 8 киши ҳалок бўлди. Расмий хабарга кўра, фожиага 30 ёшли Lacetti ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиши ва 23 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt билан тўқнашиши сабаб бўлган. Оқибатда 3 киши воқеа жойида, яна 5 киши шифохонада вафот этган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Олийгоҳларга кириш учун давлат имтиҳонлари якунига етди. Тестларда 737 минг абитуриент қатнашди ва уларнинг ярми тестдан йиқилди: статистикага кўра, имтиҳон топширганларнинг 47 фоизи ўтиш балли, яъни максимал баллнинг 30 фоизини ҳам тўплай олмаган. Энг юқори ўртача балларни Бухоро вилояти, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятидан қатнашган абитуриентлар қўлга киритган. Билим даражаси энг кам абитуриентлар учлиги эса сирдарёлик, қорақалпоғистонлик ва андижонлик ёшлардан иборат бўлди.
Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси Олимпиададаги дебют иштирокини бошлади. 24 июл куни бўлиб ўтган илк ўйинда жамоамиз Испанияга 2:1 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса-да, ўйин сифати билан мухлислар олқишига сазовор бўлди. Ўзбекистоннинг Олимпиалардаги илк голига пеналтидан Элдор Шомуродов муаллифлик қилди. Иккинчи ўйин эса катта эҳтимол билан ушбу дайжест эълон қилинадиган соатларга тўғри келади, унда Темур Кападзе шогирдлари Мисрга қарши майдонга тушади.
UzAuto Motors Chevrolet Lacetti автомобилини ишлаб чиқаришни тўхтатганини эълон қилди. Миллионлаб ўзбекистонликларнинг орзусига айланган Lacetti'нинг энг охиргиси тантанали равишда конвейердан чиқарилган. Расмий маълумотларга кўра, UzAuto 2013-2024 йиллар давомида жами ярим миллионга яқин Gentra ишлаб чиқарган. Шунга қарамай, бу моделнинг маҳаллийлаштириш даражаси жуда пастлигича қолаётган, аксарият деталлари импорт қилиб келинаётган эди.
Келаси йилдан фуқароларнинг айрим тоифаларига ижтимоий карталар тақдим этилади. Президент қарорига кўра, 1 апрелдан бошлаб босқичма-босқич ўқувчилар, талабалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчиларининг қоғоз шаклдаги гувоҳномалари бекор қилиниб, уларга ижтимоий карталар берилади. Бу карталар ҳам гувоҳнома ўрнини босади, ҳам берилган имтиёзлардан фойдаланишни автоматлаштиради. Шунингдек, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб, пул шаклида бериладиган ёрдамларнинг бошқа бир қатор турлари ҳам ижтимоий карталар орқали тақдим этиладиган бўлади.
Олий суд газ ва свет бўйича ижтимоий нормадан шикоят қилган фуқаронинг арзини кўриб чиқмади. Фуқаро ойига 200 kWh ва 100-500 кубгача белгиланган ижтимоий нормалар ҳақидаги ҳукумат қарорини бекор қилишни сўраб, Олий судга мурожаат қилган эди. Судя унинг аризасини иш юритувига қабул қилишни рад этган. 23 июл куни Олий суд апелляция инстанцияси ҳам бу ажримни ўзгаришсиз қолдирди. Судлар киритилган аризани маъмурий судга ҳам, фуқаролик ишлари бўйича судга ҳам, иқтисодий судга ҳам тааллуқли эмас деб топди. Аризачи эндиликда Конституциявий судга шикоят қилмоқчи.
Мавзуга оид
09:39 / 25.05.2025
АҚШ билан виза музокараси, Россиянинг талаблари ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести
22:41 / 24.05.2025
Ўзбекистоннинг ликвид захиралари жорий йилда энг юқори чўққисига чиқиб, кейин камайиб боради — S&P
09:00 / 18.05.2025
“Ижтимоий тармоқлар қонуни” ва грин-картадаги лидерлик — ҳафта дайжести
17:27 / 16.05.2025