Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазодаги озиқ-овқат муаммоси, Парижда очилган олимпиада ва демографик кризисга дучор бўлган Россия — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
БМТга кўра, Ғазодаги аҳолининг ҳар 10 нафаридан 9 таси мажбурий кўчирилган одамлар ҳисобланади. Аҳолиси 2,3 млн бўлган эксклавда энди одамларнинг борадиган жойи қолмади, дейилади БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги маълумотномасида.
Мажбуран кўчирган одамлар қаерда бошпана топса ўша ерда жойлашмоқда: мактабларнинг тўлиб-тошган бинолари, вайрон бўлган уйлар, қўлбола чодирлар, ҳаттоки чиқиндихона ичида
7 октябрдан буён тинмаётган Исроил ҳужумлари туфайли Ғазо аҳолисининг катта қисми мажбурий кўчиш билан яшаб келмоқда. Эксклавда кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланиб кетган мажбурий кўчиш туфайли, тинч аҳоли, айниқса аёллар ва болалар жуда қийин шароитларда кун кўришга мажбур бўлмоқда.
Фаластин Қизил яримой ташкилоти маълумотига кўра, Исроил томонидан “хавфсиз” деб аталган Ал-Мавасий қочқинлар лагерида битта чодир тикиш учун ҳам бўш жой қолмаган.
БМТ шунингдек Ғазо аҳолиси озиқ-овқат етишмовчилигига дучор бўлаётганини ҳам қайд этган. Секторнинг 80 фоиз аҳолиси мажбурий кўчирилган шахсларга айланган ва жаҳондаги энг ўткир озиқ-овқат инқирозига рўбарў келган.
Бибининг АҚШга ташрифига реакция
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Америкага ташрифи, айниқса унинг Конгрессдаги чиқиши қарсаклар билан кутиб олингани қаттиқ қораланмоқда.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бутун дунё геноцид олиб бораётган қотилга қарсак чалинганига гувоҳ бўлди, деган. Эрдўғанга кўра, қотил эмас, инсониятга хизмат қилаётганлар олқишланиши керак.
“Вакиллар палатаси 40 минг болалар, аёллар ва қарияларни йўқ қилган инсонга тик туриб қарсак чалди. Дунёга демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳақида ақл ўргатадиганлар замонамизнинг Ҳитлерини уялмасдан кўкларга кўтаришмоқда”, — деди Эрдўған.
Эрдўған “қўлларида Ғазонинг 150 минг аҳолиси қони бўлган қассоб (Нетаняҳу)” АҚШ Конгрессида чиқиш қилганда чалинган қарсакларни “онгнинг қоронғилашиши” деб атаган.
Туркия парламенти раиси Нўъмон Қуртулмуш Нетаняҳунинг жойи минбарларда эмас, судланувчилар курсисида бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Унга кўра, 10 ойдан буён Ғазода геноцид миқёсида қирғин олиб бораётган, ўзининг сиёсий дастурини Фаластин халқининг мавжудлиги ва ҳуқуқларини рад этиш асосига қурган экстремистик ҳукумат раиси жазога тортилиши керак.
Париж олимпиадаси расман очилди
Париждаги XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тарихда биринчи марта у стадионда эмас, балки сувда - Сена дарёсида ўтказилди. Анъанавий миллий қайиқ парадида 206 давлатдан 6 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди.
Анъанага кўра, биринчи бўлиб ўйинлар асосчиси - Греция жамоаси сузиб ўтди. Унинг ортидан - қочқинлар жамоаси. Кейин делегациялар алифбо тартибида пайдо бўлди. Қайиқлар маршрути тахминан 6 км бўлди ва якуний шоу Трокадеро майдонида бўлиб ўтди.
Олимпиада машъаласини дзюдочи Тедди Ринер ва енгил атлетикачи Мари-Жозе Перек ёқди – машъала билан шар Франция пойтахти осмонига кўтарилди. Бу 1783 йил воқеаларига ишора - ўша пайтда французлар Жозеф-Мишел ва Жак-Этенн Монгольфе томонидан ихтиро қилинган ҳаво шарида биринчи парвоз содир бўлган.
Россия ва Беларус жамоалари Москванинг Минск кўмагида Украинага қарши олиб бораётган уруши сабабли Париж Олимпиадасида қатнашмади. Шунга қарамай, 15 нафар россиялик ва 17 нафар беларуслик спортчи нейтрал мақомда Олимпиада мусобақаларига қабул қилинди. Улар парадда иштирок этмадилар.
Ўзбекистон делегацияси лицензиялар бўйича ўз рекордини янгилаб, илк бор 19 спорт турида, 85 нафар спортчи билан 75 та йўлланмага сазовор бўлди. Бунгача рекорд 1996 йилги Олимпиадага тегишли бўлиб, ўшанда Атлантадаги мусобақаларда ўзбекистонлик 71 нафар спортчи қатнашган эди.
Россияга қарши санкциялар
2022 йил февралидан 2024 йил июн ойи охиригача 57 давлатнинг 494 компанияси АҚШнинг ушбу санкцияларига дучор бўлди, деб ёзади «Ведомости» нашри.
Нашрга кўра, иккиламчи санкциялар ҳолатлари ярмидан кўпи АҚШ Молия вазирлигининг экспорт назорати остидаги электроника ва саноат товарлари ҳамда ускуналарини етказиб бериш билан боғлиқ. Иккинчи сабаб - компаниянинг илгари санкциялар қўлланган жисмоний ёки юридик шахслар билан алоқаси билан боғлиқ.
Нашр маълумотларига кўра, санкцияланган шахслар рўйхатидаги улуши 378 та юридик шахс ёки уларнинг 76,5 фоизи “дўстона” давлатлардаги фирмалардир. Қолган 116 та «зарар кўрган юридик шахслар» «нодўстона» мамлакатларда ёки Россияга қарши санкциялар қўйган давлатларда рўйхатга олинган.
Иккиламчи санкцияларга дучор бўлган компанияларнинг аксарияти Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Кипр ва Швейцариядан. Постсовет мамлакатлари орасида бундай юридик шахслар унчалик кўп эмас.
Россия билан савдо айланмаси мунтазам ўсиб бораётган «дўстона» Ҳиндистонда АҚШнинг иккиламчи санкцияларига дучор бўлган фақат иккита компания рўйхатга олинган бўлса-да, куни кеча АҚШ Молия вазирлиги Ҳиндистон банкларини Россия билан ҳисоб-китоблар қилишда санкцияларга дучор бўлиш билан огоҳлантирган.
Россиядаги демографик вазият
Кремл иқтисодий силкинишлар ва уруш Россияда демографияга жиддий таъсир ўтказганини тан олмоқда. Туғилиш коэффициенти рекорд даражада паст —1,4.
Бу эса миллатнинг келажаги учун ҳалокатли, деган Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков. «Биз дунёнинг энг катта давлатида яшаймиз. Бироқ йилдан йилга камаймоқдамиз», — деган Песков.
Россия яқин 75 йил ичида йилига 300-600 минг кишига камайиб бораверади ҳамда XXI аср охирига келиб, охирги 135 йил ичида мамлакат аҳолиси энг паст даражага тушади, дея проноз қилмоқда БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти. БМТ демографларининг баҳолашларича, Россиянинг аҳолиси ҳозирги 145,2 млндан 2035 йилда 140 млнга, 2050 йилда 136,2 млнга, 2075 йилда эса 128,64 млнгача қисқаради.
2100 йилга бориб Россия аҳолиси базавий сценарийда 126,43 млн кишигача тушади, бу эса 1965 йилдан буён энг паст кўрсаткич бўлади.
Россия президенти Владимир Путиннинг ўрта асрлардаги каби 8 тадан фарзанд дунёга келтириш ҳақидаги чақириқларига қарамасдан, БМТ прогнозига кўра, Россияда яқин йилларда туғилиш даражаси камайяпти: агар 2023 йилда 1,297 млн чақалоқ дунёга келган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1,186 млнгача тушади. Натижада, Россия яқин 50 йил ичида аҳолининг табиий камайиши ҳисобига йилига 500-700 минг аҳолисидан айрила бошлайди ва фақат 2080-90 йилларга бориб бу суръатлар йилига 300-400 минг кишигача пасаяди.
Аҳвол бу тарзда давом этадиган бўлса, 2100 йилга бориб ўлим даражасининг туғилиш даражасидан ортиқлиги натижасида мамлакат 40 млн аҳолисидан айрилиши мумкин.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025