Жаҳон | 10:47 / 27.07.2024
4231
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон бош вазири Моди августда Украинага ташриф буюради

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери биринчи марта август ойида Украинага ташриф буюриш ниятида. ОАВ хабарларига кўра, у Москва ва Киевга тинчлик музокараларида воситачиликни таклиф қилиши мумкин.

Фото: Reuters

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди август ойида Украинага ташриф буюриш ниятида. Бу ҳақда 27 июл, шанба куни Ҳиндистоннинг инглиз тилидаги WION нашри Деҳлидаги дипломатик манбаларга таяниб хабар берди. Уларга кўра, Модининг сафари ҳозирча тайёргарлик босқичида ва катта эҳтимол билан август ойи учинчи ҳафтасида, тахминан 23 августда бўлиб ўтади. Бу Ҳиндистон бош вазирининг Россия кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Украинага биринчи ташрифи бўлади.

Россиянинг ТАСС агентлиги Ҳиндистон парламентидаги манбага таяниб, Моди Москва ва Киевга тинчлик музокараларида воситачиликни таклиф қилиши мумкинлигини ёзмоқда. «Ҳиндистон Россия билан кўп йиллик дўстона муносабатларга эга, бош вазир эса президент Владимир Путин билан яхши муносабатларга эга», дея суҳбатдошининг сўзларини келтирган ТАСС. 

Март ойида Моди ва Володимир Зеленский телефон орқали суҳбатлашган, унинг давомида Украина раҳбари Ҳиндистон бош вазирини Украинага келишни таклиф қилган. Июн ойида улар Италиядаги «катта еттилик» саммити доирасида учрашишди. Бу суҳбат чоғида Нарендра Моди «Ҳиндистон тинч йўл билан келишувни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келган барча ишни давом эттиришини» яна бир бор таъкидлади. 

Моди июл ойида Россияга ташриф буюрди

8-9 июл кунлари Ҳиндистон бош вазири Москвага ташриф буюриб, Путин билан учрашди. Ушбу ташриф давомида Нарендра Моди Украинада мулоқот орқали тинчликка эришишга чақирди. «Тинч ечимлар ва музокаралар бомба, қурол ва снарядлар остида ишламайди», деди у.

Ҳиндистон бош вазири, шунингдек, 8 июл куни Россия томонидан ракета зарбасига учраган Киевдаги «Охматдет» касалхонасида болаларнинг ўлими юзасидан «оғриқ ва даҳшат»ни билдирди. «Бегуноҳ болалар ўлдирилганда, уларнинг ўлишини кўрсангиз, юрагингиз оғрийди ва бу оғриқ чидаб бўлмас даража», деди Моди.

Бу унинг уруш бошланганидан бери Россияга биринчи ташрифи эди. 

Россия Украинада жанг қилаётган ҳиндлар билан шартномаларни тўхтатади

Россия Мудофаа вазирлиги у билан шартнома имзолаган барча Ҳиндистон фуқароларини хизматдан бўшатади ва уларнинг ватанларига қайтишига ёрдам беради. Бу қарор Нарендра Модининг Россияга ташрифидан сўнг қабул қилинди, деб хабар берди NDTV. 

Феврал ойида Ҳиндистон ҳукумати Украинадаги урушда қатнашган 20 нафар фуқарони ватанига қайтаришга ҳаракат қилаётганини билдирган эди. 6 март куни уларнинг етти нафари видеомурожаат билан чиқди, унда улар Россия армияси сафига алдов йўли билан жалб қилинганликларини тушунтирди. Март ойида Ҳиндистонда ёш йигитларни Россияда ишлаш учун ёллаганликда айбланиб, бир неча киши қўлга олинган эди. РФга келгандан сўнг, ёлланганлар Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид