Исроил Ғазо секторидаги мактаб биносига зарба берди
ҲАМАС назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 30 киши ҳалок бўлган.
Исроил армияси (ЦАҲАЛ) Ғазо секторидаги мактаб биносига ҳаво ҳужуми уюштирди, деб хабар берди BBC.
ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, зарба оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлган, юздан ортиқ одам жароҳатланган. Ярадорлар ва ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар кўп экани айтилмоқда. Ғазо фуқаролик мудофааси ушбу мактабдан кўчирилганлар учун бошпана сифатида фойдаланилаётганини айтди.
ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, ҲАМАС террорчилари мактабдан ўз қўмондонлик ва назорат маркази сифатида фойдаланган, у ердан ҳужумларни режалаштирган ва қурол сақлаган. Ҳужум бошланишидан олдин, тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтириш бўйича «кўплаб чора-тадбирлар», жумладан, ҳаводан кузатув ва қўшимча разведка ишлари олиб борилгани таъкидланмоқда.
Исроилга кўра, ҲАМАС террорчилари ўз қўмондонлик марказларини жойлаштириш учун мунтазам равишда шифохоналар, мактаблар ва бошқа фуқаролик биноларидан фойдаланади. Охирги ҳафталарда бундай нишонларга 50 дан ортиқ ҳаво ҳужуми уюштирилди.
ЦАҲАЛ ҳарбий амалиётлар доирасида Ғазони мунтазам бомбардимон қилмоқда, унинг мақсади ҳамасчиларни тўлиқ йўқ қилиш ва Исроилга ҳужум пайтида террорчилар томонидан гаровга олинганларни озод қилишдир.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳарбий ҳаракатлари оқибатида 38 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Исроилнинг минтақадаги ҳужумлари оқибатида қурбон бўлганлар сони ҳақида мустақил ҳисоб-китоблар мавжуд эмас. БМТ, Қизил Хоч ва инсон ҳуқуқлари бўйича HRW ташкилоти Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларини умуман ҳақиқатга яқин деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024