Ўзбекистон | 10:12 / 27.07.2024
2551
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда китобхон судялар тақдирланди

Самарқанд вилоят суди ҳамда вилоят Маъмурий суди тизимида “Китоб – маънавият кўзгуси” танлови ўтказилди. Танловда вилоятдаги барча судя ва суд ходимлари иштирок этди.

Кейинчалик доимий тус берилиши мўлжалланаётган танловнинг дастлабки босқичида судялар ва суд ходимларига жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари бўлмиш турли жанрлардаги 10 та китоб танлаб, ўқиш тавсия қилинди. Бир ой давомида китобхонлик мавзусида семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиб борилди.

Белгиланган муддатда туман-шаҳар ва туманлараро судлар жамоалари навбати билан танловда иштирок этдилар. Танлов ишчи гуруҳига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ходимлари, адабиётшунос олимлар жалб этилди.

Таъкидлаш керакки, танловлар юқори савияда ўтди. Судялар ҳам, суд ходимлари ҳам катта иштиёқ китобларни ўқигани, мазмун-моҳиятини англаб етгани сезилиб турди, чунки саволлар 10 асар асосида етарли даражада мураккаб тузилган эди.

Танловда Паст Дарғом туманлараро иқтисодий суди Луқмонбой Асатов биринчи ўринга, Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Навбаҳор Турсунова иккинчи ўринга ва Самарқанд вилоят маъмурий суди Умиджон Махаммадиев учинчи ўринга лойиқ кўрилди. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

ЖИБ Каттақўрғон шаҳар суди девонхона мудири Отабек Мажидов, ФИБ Каттақўрғон туманлараро суди раиси Зафар Равшанов, Самарканд шаҳар иқтисодий суди судья ёрдамчиси Муҳаммади Узоқов, Самарқанд вилоят маъмурий суди судя ёрдамчиси Ситора Садриддинзода рағбатланттирувчи мукофотларга лойиқ кўрилди. Уларга ёзувчи, шоир, журналист Фармон Тошевнинг яқинда чоп этилган 4 жилдлик Сайланма асарлари тўплами тақдим этилди.

ЖИБ Каттақўрғон туман суди, Иштихон туманлараро иқтисодий суди ва Самарқанд вилоят Маъмурий суди жамоалари танловда юқори тайёргарлик ва юксак савияда қатнашганлиги сабабли, “Энг китобхон жамоалар” деб эътироф этилди.

Китобхонлик танлови мунтазам ўтказиб боришга келишилди. Кейинги босқич сентябр ойида бошланиб, жаҳон адабиёти ва ўзбек адабиётининг олтин фондидан жой олган 10 ортиқ асарлар танлаб олинади. Келгуси йилнинг феврал ойида танловлар бўлиши белгиланди.

Ш.Шокиржонов

Мавзуга оид