Ўзбекистон | 21:56 / 29.07.2024
6052
5 дақиқада ўқилади

29 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўқишга ўтишнинг минимал баллари, 15 фоизга оширилган контракт суммаси, 7 йилга қамалган паспорт столи собиқ бошлиғи, 47 фуқарони алдаб пулини олган шахс ушланди — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўтиш баллари ўзгармади

Давлат қабул комиссияси тегишли баёни билан 2024-2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига минимал ўтиш баллари тасдиқланди.

Республика олий таълим муассасаларига давлат гранти бўйича минимал ўтиш балли – 68 балл (максимал 189 баллнинг 36 фоизи), тўлов-контракт бўйича минимал ўтиш балли – 56,7 балл (максимал 189 баллнинг 30 фоизи) этиб белгиланди.

Мазкур талабни бажармаган абитуриентлар олий таълим муассасалари учун танловда иштирок этмайди.

Янги ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланди

Янги ўқув йилида олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов-контракт миқдорлари ўртача 15 фоизга оширилди. Қайд этиб ўтиш керак, сўнгги бор контракт миқдорлари 2019/20-ўқув йилида оширилган эди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабарига кўра, тўлов-контракт миқдорлари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ҳамда таълим шаклларига (кундузги, сиртқи, кечки) қараб фарқланади.

Давлат олий ўқув юртларида 2023/24 ўқув йилидаги тўлов-контракт миқдорлари билан солиштирилса, тўлов суммалари ўртача яхлитланган ҳолда 15 фоизга оширилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда айни дамда 111 та давлат олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда.

Эҳтиёжманд хотин-қизлар учун қўшимча грант квотаси

Хотин-қизлар учун қўшимча 2000 та давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти эълон қилинди.

Квоталар аниқ ва табиий фанлар, техника фанлари ва тиббиёт фанлари йўналишларига ажратилган. Бу соҳадан ортиб қолгани қолган соҳалар учун ажратилади. Буни жадвалда аниқ кўриш мумкин.

Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи давлат гранти умумий квотанинг 4 фоизини ташкил этади. Унга талабгорлар тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидан олади.

Тавсияномани кам таъминланган, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, ногиронлиги бўлган ота-онанинг фарзандлари каби бир қатор тоифаларга мансуб хотин-қизлар олиши мумкин. Улар алоҳида танлов доирасида кириш имтиҳонларида қатнашади, энг юқори балл олган 2 минг хотин-қиз тавсиянома асосида, фақат кундузги бўлимга давлат грантига ўқишга қабул қилинади.

Яна бир грант ковтаси

2024/25 ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий ўқув юртларида давлат гранти асосида ўқиш учун 1200 та квота ажратилди. Бу аввалги йилгидан 200 тага кўп.

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат гранти асосида ажратилган ўринларнинг олий таълим ташкилотлари кесимидаги тақсимоти тасдиқланди.

Паспорт столи” бошлиғи 7 йилга қамалди

2022 йилнинг апрелидан 2023 йилнинг мартига қадар Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган шахс З.А. Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларига пул эвазига, ноқонуний тарзда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахс гувоҳномаси (ID карта) ҳамда хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириб бергани аниқланди.

Ушбу “хизмати” учун жиноий шериклар чет эл фуқароларидан 4 минг доллардан 15 минг долларгача пул маблағини олиб, ўзаро тақсимлаб олишган.

Шуниси эътиборлики, З.А. бу ишларнинг айримларини лавозимидан бўшатилганидан сўнг, ИИВнинг ҳар қандай электрон тизимлардан фойдаланиш ваколатига эга эмаслигига қарамасдан ўзига бириктирилган электрон калитни белгиланган тартибда топширмасдан амалга оширган.

Суд ҳукмига кўра, З.А. Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Паспортларни ноқонуний қўлга киритган чет эл фуқароларига 48 млн сўмдан 124,5 млн сўмгача жарима жазолари берилган.

47 кишини алдаган фуқаро ушланди

Самарқандда 47 кишини алдаб, чет давлатларга ишга юбориши эвазига жами 37 минг 160 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган фуқаро ушланди.

Оқдарё туманида далилий ашё билан қўлга олинган фуқаро В.И. икки фуқаронинг ишончига кириб, уларни Англия давлатига ишга юбориши эвазига 4500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, тадбир давомида 1,2 млн сўм ва 700 АҚШ долларини қайтариб берган чоғида ушланган.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида фуқаро В.И. 47 нафар фуқарони юқоридаги каби алдаб, чет давлатларга ишга юбориши эвазига жами 37 минг 160 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан фирибгарлик айблови билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид