Эрдўғаннинг Исроилга таҳдиди, Ливанга ҳужумга тайёрланаётган Исроил ва Малида ўлдирилган вагнерчилар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил армиясининг Хон Юнусга берган авиазарбаси туфайли 13 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Кўплаб инсонлар ярадор бўлган.
Исроил авиацияси Ғазо секторида ўзлари томонидан хавфсиз зона деб эълон қилинган Хон Юнусдаги турар жой биноларидан бирига “ҳаво-ер” типидаги ракета билан зарба берган.
Ғазо фуқаро мудофаасининг хабарига кўра, ўлганларнинг аксарияти ёш болалар. Фаластин активистлари ижтимоий тармоқларга зарба оқибатлари тасвирларини жойлаштиришган.
Исроил шунингдек, Хон Юнусдаги Ас-Сикка туманига ҳам зарба берган. 3 киши ҳалок бўлган.
7 октябрдан Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 39 минг 324 кишига етди. Уларнинг 16 минг 172 нафари ёш болалар ва 10 минг 798 нафари аёллар. 90 минг 830 киши ярадор бўлган.
Вайроналар остида минглаб инсонларнинг жасадлари олинмасдан қолмоқда. Чунки вайроналарни тозалашнинг имкони бўлмаяпти.
Шунингдек, Исроил шу пайтгача Ғазодаги 400 дан зиёд мактаб ва университетларни бомбалагани маълум қилинмоқда. Уйлари вайрон бўлган инсонлар асосан мана шундай ижтимоий объектларни бошпана қилишаётган эди.
Исроилнинг хунрезликларига чидай олмаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилга бостириб кира олиши мумкинлигини билдирди.
“Биз Қорабоғга, Ливияга кирганимиз каби, Исроил билан ҳам шу ишни қила оламиз. Имконсиз ишнинг ўзи йўқ. Бундай ишларни амалга оширишимиз учун биз янада кучлироқ бўлишимиз талаб этилади”, деган.
Бунга жавобан Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац Эрдўғанни Саддам Ҳуссайн тақдири кутаётгани билан таҳдид қилган:
“Эрдўған Саддам Ҳуссайн изидан бориб, Исроилга таҳдид қилмоқда. Нималар бўлгани ва ҳаммаси нима билан тугаганини унутмаслик керак”, - деган Исроил Кац.
Исроил-Ливан уруши
Исроил ўзи оккупация қилган, асли Сурияга тегишли бўлган Жўлан тепаликларидаги Мажд уш-Шамс шаҳарчасидаги стадионга шанба куни ракета келиб тушгач, яқин соатлар ичида Ливанга ҳужум қилишни режалаштирмоқда.
Исроил ракетани Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи учирди, деган фикрда. “Ҳизбуллоҳ” эса зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаяпти.
Ҳужум натижасида 13 киши, жумладан ёш болалар ҳалок бўлган ва 35 киши яраланган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу борада ҳукуматнинг асосий вазирлари иштирокида мажлис чақирган.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса Ливанга ултиматум қўйган.
«Шанба куни қирғин “Ҳизбуллоҳ” томонидан барча қизил чизиқларни босиб ўтиш ҳисобланади. Бу бошқа армия билан урушаётган армия эмас, улар кўпроқ тинч аҳоли ҳужум қилаётган террорчилик ташкилотидир”, - деган Исроил ташқи ишлар вазирлиги спикери Орен Марморштейн.
У ҳужум учун тўлиқ жавобгарликни Эронга ва Теҳрон томонидан қўллаб келинаётган “Ҳизбуллоҳ”, ҲАМАС ва “Ансоруллоҳ” зиммасига юклаган, шунингдек, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини террорчилик ташкилоти, деб топиб, унга нисбатан санкциялар қўллашга чақирган.
Ўз навбатида “Ҳизбуллоҳ” агар Исроил Ливанга ҳужум қиладиган бўлса Исроилга қарата узоқ масофаларга уча оладиган ракеталар билан ҳужум қилишини билдирган. Эрон ҳам Исроилни Ливанга ҳужум қилишдан ҳазир бўлиш ҳақида огоҳлантирган.
Ривожланган давлатлар дипломатлари Исроилнинг Ливанга жавоб зарбаси “муқаррар” эканини тан олишган, ҳозир улар Исроилни йирик шаҳарлар, жумладан Байрутга зарба беришдан қайтариш устида иш олиб боришмоқда.
Исроил эса оғир техникаларни Ливан билан чегараларга кўчирмоқда.
Ҳизбуллоҳ Исроилнинг эҳтимолли ҳужуми юз бериши фонида Ливан жанубидаги позицияларини тарк этаётгани маълум қилинмоқда.
Венесуэладаги сайловлар
Венесуэлада президентлик сайлови учун овоз бериш жараёни ўтказилди. Сўровларда мухолифат етакчиси Эдмундо Гонсалес Уррутиа етакчилик қилаётгани ҳақида хабар берилганига қарамасдан, мамлакатнинг авторитар ҳукмдори Николас Мадуро 51 фоиз сайловчиларнинг овозини тўплашга муваффақ бўлгани айтилмоқда.
Сўровлар ва экзет-поллар мамлакат ҳукмдори, учинчи олти йиллик муддатга даъвогарлик қилаётган Николас Мадуронинг мағлубиятини башорат қилаётган эди.
Унинг даврида бир пайтлар Жанубий Америкадаги энг йирик нефт қазиб олувчи мамлакат бўлган Венесуэла иқтисодиёти гиперинфляцияга тушиб қолди ва етти миллионга яқин одам, яъни ҳар тўрт фуқародан бири мамлакатни тарк этди. Мадуро режими зўравон репрессиялар орқали мухолифат ва фуқаролик жамиятини бостириб келади.
Мадуро, агар у сайловда мағлуб бўлса, мамлакатда «қон тўкилиши» бошланиши билан таҳдид қилган.
Бироқ Марказий сайлов комиссиясининг тарқатган хабарларига кўра, Мадуро ўз лавозимида қолиши учун етарли кўрсаткич — 51 фоиз тўплашга муваффақ бўлган, Уррутиа 44 фоиз овоз тўплаган.
АҚШдаги сайловлар олдидан
Bloomberg нашри хабарига кўра, демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод Камала Ҳаррис жамоаси вице-президентликка номзодлар рўйхатини кўриб чиқмоқда. Харрис 7 августгача ўз номзодини танлаши кутилмоқда.
Агентлик манбаларига кўра, Ҳарриснинг потенциал номзодлар рўйхатига Аризонадан сенатор ва собиқ астронавт Марк Келли, Пенсилвания губернатори Жош Шапиро ва Миннесота губернатори Тим Уолз киради.
Нашрга кўра, Харрис рўйхатидаги номзодларнинг аксарияти «марказий қарашларга эга оқ танлилар» бўлиб, улар иккиланаётган штатлардаги сайловчилар, таниқли тадбиркорлар ва донорлар овозини жалб қилишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, қисқа рўйхатдаги амалдорлар «Трамп ва унинг оташин сиёсий услубига ҳужум қилиш тажрибаси»га эга. Камала Ҳарриснинг бўлажак иттифоқчиси унга «кампанияни ўтказишда ва унинг номидан пул йиғишда ёрдам беради, кучли томонларини тўлдиради ва заиф томонларини қоплайди», деб таъкидлайди Bloomberg.
Малида ўлдирилган “вагнер”чилар
Евгений Пригожин асос солган “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига Африканинг Мали давлатида туарег исёнчилари ҳужум қилган ўнлаб ёлланма жангарилар ўлдирилган.
Воқеа Мали шимолида рўй берган. Жазоир билан чегара яқинида Мали ҳукумат қўшинлари ва иттифоқдош «Вагнер» ёлланма аскарларидан иборат колонна туареглар устунлик қиладиган қуролли гуруҳлар коалицияси билан жангда рус жангарилари мағлуб бўлишган.
Associated Press томонидан тарқатилаёган маълумотларга кўра, икки кунлик жанг натижасида туареглар Мали армияси ва рус ёлланма аскарлари колоннасини «мағлубиятга учратишган», гап «ўнлаб» ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақида кетяпти.
Айрим Россия ёлланма аскарлари ва Мали аскарлари қочиб кетишган, бошқалари таслим бўлишган.
Аввалроқ Мали армияси исёнчилар ҳужумида икки аскар ҳалок бўлгани ва 10 нафари яралангани ҳақида баёнот тарқатган эди. Шу билан бирга, россиялик Z-блогерлар Африкада ҳарбий мухбир ва «Вагнер» ХҲК билан боғлиқ бўлган Grey Zone Telegram-канали муаллифининг ўлими ҳақида ёзишмоқда.
Олимпиададан қувилган журналистлар
Парижда ўтаётган ёзги олимпиададан ТАСС журналистлари қувиб юборилди.
Олимпиада ўйинлари ташкилий қўмитаси Россиянинг ТАСС давлат агентлигининг тўрт нафар журналистига берилган аккредитацияни қайтариб олган. Бу ҳақда ТАССнинг ўзи хабар бермоқда.
Таъкидланишича, бунга Франция ҳокимиятининг Франция ички хавфсизлик Кодексига ҳавола қилинаётган қарори асос бўлган.
Аввалроқ Олимпиада ўйинларига Россиянинг РИА Новости агентлигининг беш нафар ходими қўйилмаган эди. Париждагилар Россия давлат ОАВлари ходимларига уларни жосусликда гумон қилиб аккредитация бермаслигини билдирган.
Мавзуга оид
14:38 / 23.11.2024
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024