Малида вагнерчилар пистирмага дуч келди
Бу россиялик ёлланма жангчиларнинг Африкадаги энг йирик йўқотишга учраши билан якунланди. 80 нафаргача вагнерчи ҳалок бўлгани айтилмоқда.
28 июл куни Reuters ва Associated Press агентликлари Мали шимолида, Жазоир билан чегара яқинида, маҳаллий исёнчи туареглар билан тўқнашув оқибатида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг собиқ жангчилари ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.
BBC рус хизматига кўра, вагнерчлар Малида 2021 йилдан буён ҳаракатланиб келади. Ўшанда давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятга полковник Ассими Гоита келган, шундан кейин мамлакатдан беш мингдан ортиқ француз ҳарбийлари контингенти чиқариб юборилганди (уларни олдинги президент Иброҳим Кейта айирмачи туарегларга қарши курашиш учун чақирган). Гоита эса уларнинг ўрнига вагнерчиларни таклиф этади.
Россиядаги Z-каналлар 20 июлдан бошлаб бир неча кун давомида сўнгги 12 йил мобайнида Малининг шимолий қисмини назорат қилиб келган ва ҳатто 2012 йилда Азавад номли алоҳида давлат тузилганини эълон қилган айирмачи туареглар тез орада тўлиқ тор-мор этилишини прогноз қила бошлаганди.
Мали ҳукумати баёнотларига кўра, операциянинг илк кунларида Мали армияси вагнерчилар билан биргаликда муваффақият билан илгарилаган. Бир ҳафта олдин улар Жазоир билан чегарадаги Ин-Афарак қишлоғини ўз назоратига олган.
25 июлдан 26 июлга ўтар кечаси эса россиялик ёлланма жангчилар карвони Жазоир ҳудудидаги Тин-Зауатин томон ҳаракатлана бошлаган.
Ёлланма жангчилар билан алоқадор телеграм-каналлар ёзишича, ҳарбийлар икки мамлакат чегарасидан икки километр масофада турганида кучли қум бўрони ёпирилган ва колонна ҳаракати тўхтаб қолган. Маҳаллий исёнчилар эса бу шароитдан фойдаланиб, вагнерчиларга пистирма қўйган.
Тўқнашув натижаси Россия томони учун «олис йўналишлар»даги (Украинадаги урушни ҳисобга олмаганда) Суриянинг Дайр-аз-Зор вилояти Ҳашам шаҳри яқинидаги жангдан кейинги энг йирик йўқотиш бўлган. Ўшанда, 2018 йил февралида вагнерчилар колоннаси Американинг зарбдор вертолётлари билан ўққа тутилиши оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди.
Исёнчи туареглар гуруҳи баёнотида Мали ҳарбий хизматчилари ва вагнерчилар «жонли куч ва техникада катта йўқотишларга учрагани» айтилган — гап «ўнлаб» қурбонлар ва яраланганлар ҳақида боради. Туареглар қўмондонлиги маълумотига кўра, жангда 54 нафар вагнерчи ва малилик етти нафар ҳарбий ўлдирилган. Мали армияси икки ҳарбий ўлими ва яна 10 нафари яралангани ҳақида хабар қилган.
Вагнерчиларнинг йўқотишлари ҳақида аниқ маълумот йўқ — аммо жанг ҳақидаги хабарлар билан бирга воқеа жойида олинган видеолар ҳам пайдо бўлган, уларда 30 тача жасад акс этган — ҳам оқ, ҳам қора танлиларнинг. Baza телеграм-канали тасдиқлашича, жангда камида 20 киши ҳалок бўлган. Россия мудофаа вазирлигига яқин бўлган Rybar телеграм-канали ҳам йўқотишлар сони «йигирмадан ошмаслиги» ҳақида ёзган. Канал муаллифи видеодаги жасадларнинг бир қисми исёнчи туарегларга тегишли ва «картинка учун жойлаштирилган» бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
BBC рус хизматининг муқаддам «Вагнер» ХҲК сафида жанг қилган манбаси камида 82 нафар ёлланма жангчи ҳалок бўлганини айтган. Нашрнинг Малидаги бошқа бир манбаси алоқага чиқмаган, унинг онасининг «ВКонтакте»даги саҳифасида мотамни англатувчи шам пайдо бўлган. «Вагнер»нинг штурм отрядининг «Русич» лақабли собиқ командири ҳам қурбонлар сони 80 дан ортиқлиги ҳақида айтган. The Wall Street Journal бу катта эҳтимол билан россиялик ёлланма жангчилар Африкага келган 2017 йилдан буён учраган энг йирик йўқотиши экани ҳақида ёзди.
Бундан ташқари, BBC маълумотига кўра, малилик исёнчилар камида битта Ми-24 вертолётини шикастлаган. WSJ хабарида қайд этилишича, туареглар ярадор вагнерчиларни ташиш учун фойдаланилган вертолётга у Тинзауатен шаҳри яқинидаги Кидалга мажбурий қўнишни амалга оширган вақтида ҳужум қилган.
Қурбонларнинг жасадлари акс этган видеолардан бирида вагнерчиларга алоқадор бўлган Grey Zone телеграм-канали муаллифи Никита Федянинни танишан. Унинг ўлими ҳақида неонацистларнинг ДШРГ «Русич» гуруҳи хабар берди, кейинроқ бу маълумотни Федяниннинг яқинлари ТАСС мухбирига тасдиқлади.
Евгений Пригожин тириклигида бу «Вагнер» ХҲК ҳақида ёзувчи энг машҳур канал бўлган, унинг 500 мингдан ортиқ обуначиси бор.
Федянин «Пятисотий» ва «Белий» лақаблари билан танилган. Ижтимоий тармоқдаги маълумотларга кўра, у 29 ёшда эди. «Озодлик радиоси» суриштирувчиси Марк Крутов Федяниннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасини ўрганиб, у охирги марта 21 июл куни онлайн бўлганини аниқлаган. Grey Zone телеграм-каналига сўнгги пост 23 июл куни қўйилган — унда «Африка Саҳали»даги (беш мамлакат — Буркина-Фасо, Мавритания, Мали, Нигер ва Чадни ўз ичига олувчи минтақа) давлатлардан бири ҳудудидаги «Тайфун» русумли зирҳли автомобил фонида тушган вагнерчилар фотоси акс этган.
Вагнерчиларнинг бир қисми асир тушган. Ҳарбий мавзудаги Colonelcassad телеграм-каналини юритувчи Борис Рожиннинг аниқлашича, улар орасида «Лотос» чақирув белгисига эга Антон Елизаров ҳам бўлган. Кейинроқ Рожин «уни аллақачон алмашишгани» ҳақида ҳам хабар қилди. «Военний осведомител» телеграм-канали ёзишича, асирга тушган вагнерчиларнинг барчаси Россия мудофаа вазирлигининг Африка корпуси воситачилигида «оператив тарзда сотиб олинган».
The Insider манба келтирмаган ҳолда 2023 йил августида Дмитрий Уткин Твер областидаги авиаҳалокатда Евгений Пригожин билан биргаликда ҳалок бўлганидан кейин Елизаров «Вагнер жангариларининг де-факто командирига айлангани» ҳақида ёзган.
Бу вақтда Украинадаги нашрлар Елизаров Украинанинг Соледар ва Бахмут шаҳарларини қамал қилган кучларга бошчилик қилгани ҳақида ёзмоқда. Украина мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов эса, Малида вагнерчилар тор-мор этилгани юзасидан изоҳ бераркан, исёнчи туарегларга «россиялик ҳарбий жиноятчиларга қарши амалиёт ўтказиш учун зарур маълумотлар етказиб берилгани ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилгани» ҳақида айтган. Ўз навбатида, исёнчилар Украина байроғини кўтарган ҳолда суратга тушган эълон қилинган.
29 июл куни «Вагнер» ХҲК матбуот хизмати чақирув белгиси «Пруд» бўлган командир Сергей Шевченко бошчилигидаги штурм отряди 22 июлдан 27 июлга қадар Мали ҳарбий хизматчилари билан биргаликда Тинзауатен аҳоли яшаш манзили яқинида «Азавад мувофиқлаштириш ҳаракати» ҳамда «Саҳалдаги Ал-Қоида» гуруҳига қарши жанг қилгани ҳақида хабар берган. Маълум қилинишича, гуруҳ жангарилари қум бўрони туфайли қайта гуруҳланиб, оғир қуроллар ҳамда дронларни қўллаган ҳолда вагнерчиларга ҳужум қилган. Компания ҳужум қилган томон камида минг кишидан иборат бўлганини иддао қилган. 27 июл куни Шевченконинг гуруҳидан сўнгги радиограмма келган, унда улар «уч киши қолгани, аммо жанг қилишда давом этиши» айтилган. Шундан кейин Шевченко жангда ҳалок бўлган.
Шунингдек, баёнотда «Вагнер» ХҲК йўқотишларга учрагани айтилган, аммо қурбонларнинг исмлари ва сони келтирилмаган.
Мавзуга оид
13:20 / 15.10.2024
Киев Малидаги исёнчиларга УУА етказиб берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди
22:12 / 25.09.2024
FT: Евгений Пригожин пулларни яширин равишда ғарб банклари орқали ўтказган
20:33 / 18.09.2024
Арманистонда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди
13:16 / 11.09.2024