Жаҳон | 13:44 / 30.07.2024
5618
9 дақиқада ўқилади

Ғарбий соҳилдаги рейдлар, Россия паспорти учун 2 йиллик хизмат ва Байденнинг янги ташаббуси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Фаластиндаги вазият

Исроил оккупацион қўшинлари Фаластиннинг босиб олинган Ғарбий соҳилдаги қисмида жойлашган Байт-ул Лаҳм шаҳридаги Ад-Даҳийш қочқинлар лагерида рейд ўтказган. Гувоҳларнинг айтишича, бутун бир оилалар ҳибсга олинган.

Босқин чоғида яҳудий аскарлари жанговар патронлар ва кўздан ёш оқизуввчи газлардан фойдаланишган.

Исроил оккупацион кучлари Ал-Халил, Туркарим ва Рамаллоҳ шаҳарларига ҳам киргани маълум қилинмоқда.

2023 йилнинг 7 октбярида Исроил Ғазо секторида агрессия бошлагач, Ғарбий соҳил ҳамда Шарқий Қуддусда ҳам ушлаш, рейд ва босқинлар сони ошиб бормоқда. New York Times нашрига кўра, Исроилдаги Сде-Тейма ҳарбий базасида минглаб фаластинликлар ноинсоний қийноқларга дучор қилинганча ушлаб турилган.

7 октябрдан буён Ғарбий соҳилда 143 нафар бола Исроил кучлари томонидан ўлдирилган.

Газодаги уруш қурбонлари сони эса 39 минг 363 нафарга етган. Сўнгги бир сутка ичида 39 киши ўлдирилган, 93 киши яраланган. 7 октябрдан буён ярадор қилинганларнинг сони 90 минг 923 кишига етган. Тўхташ билмаётган зулм туфайли ғазоликлар ҳаттоки қабристонларда яшашга мажбур бўлишмоқда.

Исроилнинг Ливанга таҳдиди

Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ливаннинг жанубини бомбалагани хабар қилинмоқда. Маълумотларга кўра, “Ҳизбуллоҳ”нинг чегарага яқин позициялари ўққа тутилган. Аммо на Исроил томони, на Ливан томони бу борада аниқ баёнот берган.

Исроилнинг Ливанга кутилаётган ҳужумидан таҳдид туфайли Ливан пойтахти Байрут шаҳрининг Рафиқ Ҳаририй номидаги халқаро аэропортида парвозлар тўхтатилган.

Аэропорт сайтидаги маълумотларга кўра, Байрутдан дунёнинг турли нуқталарига бориш ва келиш мўлжалланган барча рейслар “бекор қилинган” ёки “кечиктирилган” рейслар каби белгиланган.

Рейсларни бекор қилиш ёки кечиктириш Исроил армиясининг Ливанга ҳужуми таҳдиди туфайли эрталабгача давом этиши хабар қилинган. Бу хабар ёзилаётган чоғда Байрут аэропорти фаолиятини секин-аста тикланган.

Бир қатор давлатлар Исроил ҳужуми хавфи туфайли ўз фуқароларини Ливанни зудлик билан тарк этишга чақирган.

Бу орада Исроил танклар ва оғир техникаларини Ливан билан чегарага жўнатмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Жўлан тепаликларига берилган зарбага “қатъий жавоб” берилишини эълон қилган.

Исроил молия вазири, ултраўнг миллатчи Бецалел Смотрич ўз нутқида жанубий Ливанни “қайта оккупация” қилишга чақирган. У 1980 йилларда Ливандаги фуқаролик уруши даврида Исроилнинг Ливан ҳудудларини оккупация қилганига ишора қилган.

Исроил дрони душанба куни Ливан жанубидаги транспорт воситасига зарба берган.

Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати “юқори аниқликдаги ақлли ракеталар”ни Исроил билан чегарага кўчира бошлаган. Ҳаракат вакилларидан бирининг Associated Pressʼга маълум қилишича, “Ҳизбуллоҳ” Исроил билан кенг кўламли урушни истамайди, бироқ агрессия бошланса чекловларсиз урушишни бошлайди. Исроил баҳолашларига кўра, “Ҳизбуллоҳ” 150 мингдан ортиқ ракеталарга эга.

РФ паспорти учун ҳарбий хизмат

Россиянинг янги фуқаролари бошқаларга нисбатан икки баробар кўпроқ ҳарбий хизмат қилишига тўғри келади. Россия Давлат думаси Россия фуқаролигини қўлга киритмоқчи бўлган шахслар учун армияда хизмат қилиш муддатини узайтириш таклифини ўртага ташлади.

Шунингдек, Россия фуқаролигини қўлга киритган чет элликлар учун ҳам армияга чақириқ ёши ошириладиган бўлди, ҳозирча бу қарорнинг деталлари ошкор қилинмаяпти.

Бундан ташқари, Россия фуқаролигини қўлга киритмоқчи бўлган чет эл фуқароларини мажбурий ҳарбий ҳисобга қўйишни тасдиқламоқчи.

Бу янги ташаббусларни РФ Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ўртага ташлаган.

Аввалроқ, Вячеслав Володин миграцияни тартибга солиш соҳасида 25 та қонун лойиҳаси тайёрлаб қўйилгани ва улар кўриб чиқиш учун навбат кутаётганини таъкидлаган эди. Володин бу мавзу айни пайтда энг устувор мавзулардан бири саналишини таъкидлаган.

2008 йилдан буён Россияда фуқаролар учун армияда мажбурий муддатли хизмат икки йилдан бир йилга қисқартирилган эди.

Россияда поезд ағнади

Россиянинг Волгоград областида йўловчи поезднинг саккиз вагони релсдан чиқиб, ағнаб кетган, ўнлаб кишилар жароҳатланган. Тўқнашувга “Камаз” юк машинасининг поездга келиб урилиши сабаб бўлган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи сигнализация ишлаётганига қарамасдан темирйўл кесишмасига яқинлашиб қолган, Қозон—Адлер йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезднинг олдига чиқиб кетган. Ҳайдовчи тирик қолган ва дарахтлар тўсгани туфайли поездни кўрмай қолганини айтган.

ТАСС хабарига кўра, беш киши «қониқарли» аҳволда шифохонага ётқизилган. «Интерфакс» маълумотларига кўра, 800 кишини миндириб келаётган поезднинг 100 га яқин йўловчиси тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган.

Кейинроқ Россия темирйўллари тўқнашув оқибатида 150 киши жароҳатлангани, шундан 16 киши шифохонага ётқизилганини маълум қилди. Шифохонага ётқизилганлардан 13 нафари катта ёшли йўловчилар, бир нафари ёш бола, яна икки нафари борт кузатувчилари. Яна 140 нафарга яқин кишида енгил тилиниш ва кўкаришлар қайд этилган.

Юк машинаси ҳайдовчиси ҳам шифохонага ётқизилган.

Венесуэладаги сайловлар

Лотин Америкасининг тўққиз давлати Венесуэладаги сайлов натижаларини қайта кўриб чиқишга чақирди. Улар «овозларни санаб чиқиш шаффоф бўлиши ва натижалар шубҳа туғдирмаслиги керак»лигини таъкидламоқда.

Ушбу қўшма декларация Венесуэладаги вазиятдан ортиб бораётган хавотирни ва қайд этилган мамлакатларнинг Венесуэла ҳукумати томонидан фуқароларнинг иродасини ҳурмат қилишини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўриш ниятларини акс эттириш учун мўлжалланган, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Венесуэла Миллий сайлов кенгаши амалдаги президент Николас Мадуро сайловда ғалаба қозонганини маълум қилди. Мадурони Путин, Лукашенко ва Пизишкиён ғалаба билан табриклашга ҳам улгурган.

Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо сўзларига кўра, сайловда Мадуронинг асосий рақиби Эдмундо Гонсалес Уррутиа ғалаба қозонган.

«Венесуэлада янги президент бор ва бу Эдмундо Гонсалес Уррутиа. Биз ғалаба қозондик ва буни бутун дунё билади. Яқин кунларда ҳақиқат ва миллий суверенитет ҳимояси учун хатти-ҳаракатлар эълон қилинади», деди у журналистларга.

Венесуэлада сайлов натижаларидан норози фуқаролар намойишларни ҳам бошлаб юборишган.

Байдендан янги ташаббус

Жо Байден АҚШ президентларининг жиноий таъқиб қилинишдан «иммунитети»ни чеклашни таклиф қилди. Хусусан, у президентларнинг федерал таъқибдан дахлсизлик ҳуқуқига эга эмаслигини аниқ кўрсатувчи ўзгартиришни Конституцияга киритишни таклиф этмоқчи.

Аввалроқ, 1 июл куни Доналд Трамп иши бўйича Олий суд президентлар «расмий лавозимдаги хатти-ҳаракатлари» учун жиноий жавобгарликка тортилишдан дахлсизликка эгалигини тасдиқлаган эди. Байден ушбу меъёрни ўзгартириш тарафдори эканини айтди.

«Ҳозир содир бўлаётган воқеалар оддий ҳол эмас ва бу суд қарорларига, шу жумладан шахсий эркинликларга таъсир қиладиган қарорларга бўлган ишончни йўқотади», деган Байден.

Шунингдек, Байден АҚШда ҳеч ким қонундан устун эмаслигини қўшимча қилган:

«Миллат оддий, аммо жиддий тамойил асосида шаклланган: ҳеч ким қонундан устун эмас. АҚШ президенти ҳам, Олий суд судяси ҳам. Аммо Олий суднинг 1 июлдаги президентларга ўз лавозимида содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилишдан кенг иммунитет бериш ҳақидаги қарори давлат раҳбари хатти-ҳаракатларига ҳеч қандай чекловлар йўқлигини англатади, бу фақат Оқ уй раҳбари ўзи белгилайдиган чекловлар бўлади».

Politico нашрига кўра, Байден таклиф қилган чоралар Конгресс томонидан маъқулланиши керак ва конгрессменлар томонидан бу таклифни қабул қилиш имконияти кам. Агар демократлар сайловдан кейин иккала палатани назорат қилсалар ҳам, улар Сенатда тўсиқни бартараф этиш учун зарур бўлган 60 овозни тўплаши даргумон.

Конституцияга ўзгартириш киритиш эса янада мураккаб жараён бўлиб, Конгресс иккала палатасининг 2/3 қисми ёки штатларнинг 2/3 қисми томонидан қўллаб-қувватланган конвенцияни, шунингдек, штат қонун чиқарувчи органларининг 3/4 қисми томонидан тасдиқланишини талаб қилади.

Мавзуга оид