Жаҳон | 11:17 / 30.07.2024
4807
3 дақиқада ўқилади

Лондон биринчи марта россиялик олигархнинг музлатилган маблағларини олиб қўйди

Британия жиноятчилик билан курашиш агентлиги Петр Авеннинг номига рўйхатдан ўтмаган, лекин унга тегишли бўлган санкция остидаги маблағлар мусодара қилиниши таъминланганини билдирди.

Фото: Максим Блинов / РИА Новости

Британия биринчи марта даромадлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ санкцияланган маблағларни мусодара қилмоқда. Жиноятчилик билан курашиш агентлиги (NCA) 29 июл, душанба куни россиялик олигарх Петр Авендан 780 минг фунт стерлинг (тахминан 925 минг евро) мусодара қилинишини таъминлаганини маълум қилди.

Актив бошқарувчиси Авен пулларини ўтказишга рози бўлди 

Қайд этилганидек, Авен активлари бошқарувчиси Стивен Гейтер бу пулни Британия расмийларига санкциялардан бўйин товлаш бўйича терговни якунлаш учун беришга рози бўлган. NCA ва Гейтер ўртасидаги келишув куннинг бошида Вестминстер магистратура суди томонидан тасдиқланган. 

Маблағлар Авен номига расмийлаштирилмаган, аммо унга тегишли бўлган ва шунинг учун 2022 йилда Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин Россия ҳукуматини қўллаб-қувватлагани учун Британия томонидан киритилган санкциялар туфайли музлатиб қўйилган, дейилади баёнотда. 

Британия санкциялари бузилиши 

Британия департаменти маълумотларига кўра, Британия жазо чоралари пул ўтказишга уринишлар, шунингдек, Авен активлари бошқарувчиси томонидан 2022 йил 15 мартдан кейин амалга оширилган транзакциялар билан бузилган. Бошқа нарсалар қаторида, бу Авеннинг 20 дан ортиқ уй ходимларига маош тўлаш ва 160 минг фунт стерлинглик Bentley Bentayga автомобилини сотиш билан боғлиқ. 

NCA Авен маблағларини хатловга олиш қарорини департаментнинг мураккаб ва узоқ давом этган терговининг муҳим натижаси деб атади. «Бу NCA’нинг Британия санкциялар режимига риоя этилишини таъминлаш ва давлат ҳамёнига ноқонуний ушлаб қолинган пулларни қайтариш мажбуриятини намойиш этади», дейилади баёнотда.

«Альфа-групп» асосчиларидан бири Петр Авен Россия қўшинларининг Украинага ҳужумидан кўп ўтмай, Европа Иттифоқи ва Британия, 2023 йил августида эса АҚШ санкциялари остида қолди. У 2022 йилда санкцияларни бузгани учун тергов қилинганидан кейин Британияни тарк этган. ОАВ маълумотларига кўра, Лондон расмийлари Авенга ойига 60 минг фунт стерлинг (70 минг евро) миқдорида нафақа тўлашни маъқуллаган ва бу сумманинг 50 минг еврога яқини Авен молиявий менежерининг қўриқлаш компаниясига ўтказилган, у тадбиркорга жарималардан қочишда ёрдам кўрсатгани учун тергов қилинмоқда.

2024 йил апрель ойида ЕИ суди Петр Авен, шунингдек, унинг шериги Михаил Фридманга нисбатан санкцияларнинг бир қисмини бекор қилди. 

Мавзуга оид