Жаҳон | 20:53 / 30.07.2024
13875
8 дақиқада ўқилади

Нетаняҳуга «Ҳизбуллоҳ» ҳужумига жавоб чораларини кўришга рухсат берилди. Йирик уруш эҳтимоли қанчалик?

Исроил хавфсизлик кабинети бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва унинг мудофаа вазирига шанба куни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи томонидан амалга оширилган ракета ҳужумига жавоб зарбасини қачон ва қай тариқа йўллашни ҳал қилиш ҳуқуқини берган.

Jalaa Marey / AFP / Scanpix / LETA

Вазирлар Исроил томонидан оккупация қилинган Жўлан тепаликларидаги Маждал-Шамсга қилинган ҳужумдан кейин шошилинч йиғилиш ўтказган.

Шанба куни кечқурун йўлланган ракеталардан бири футбол майдонига келиб тушиши оқибатида друзлар жамоасига мансуб бўлган 12 нафар болалар ва ўсмирлар ҳалок бўлган, яна ўнлаб киши жароҳатланган. «Ҳизбуллоҳ» ушбу зарба алоқадорлигини тан олмаган.

Шундан кейин Нетаняҳу АҚШга ташрифини тўхтатиб, Исроилга қайтди. Кўп соат давом этган йиғилишдан кейин бош вазир канцелярияси қисқача баёнот берди, унда фақат «кабинет аъзолари бош вазир ва мудофаа вазирига «Ҳизбуллоҳ» террорчилик ташкилотига қарши жавоб ҳаракатлари кўриш усули ва муддати бўйича қарор қабул қилиш ваколатини бергани» айтилган.

Шанба кунги ҳужум шу вақтгача томонлар ўзини тийиб келган ҳарбий ҳаракатлар кенг кўламли урушга айланиб кетиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни кучайтирди.

Ғарб мамлакатлари ушбу ҳужумни қоралашди, аммо Исроилни жавоб чоралари кўришда вазмин бўлишга чақирди. Оқ уй «мазкур қўрқинчли ҳужумдан бери» исроиллик ва ливанлик ҳамкасблар билан тўхтовсиз музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Америка маъмуриятидагилар «„мовий чизиқ“ [Исроил ва Ливан ўртасидаги норасмий чегара] бўйлаб барча ҳужумларга бутунлай чек қўядиган дипломатик ечим устида иш олиб борилаётгани»ни қўшимча қилган.

Маждал-Шамсга ҳужум бутун Исроилда ва друзлар жамоасида ғазаб келтириб чиқарди.

Якшанба куни шаҳарда қурбонларни дафн этиш маросими бўлиб ўтди, унда минглаб кишилар тўпланди. Бу зарба асрлар мобайнида Жўлан тепаликларида яшаб келган друзлар жамоаси учун энг ажалвор зарба бўлди.

Фавқулодда хизмат ходимлари ўққа тутилган жойда ишламоқда
Ammar Awad / Reuters / Scanpix / LETA

Маждал-Шамс — Жўлан тепаликларидаги тўртта аҳоли яшаш манзилидан бири бўлиб, унда 25 минг друз истиқомат қилади — улар XI асрда пайдо бўлган шиаларнинг диний гуруҳи (фирқа) ҳисобланади. Друзлар араб тилида гаплашади.

1981 йилда, Исроил Жўлан тепаликларини аннексия қилганида (1967 йилга қадар бу ҳудуд Сурия назорати остида эди; жаҳон ҳамжамиятининг аксар қисми ушбу ҳудуд аннексиясини тан олмаган, АҚШ Доналд Трамп президентлиги даврида Исроилнинг Жўлан тепаликлари устидан суверенитетини тан олган илк давлат бўлганди), друзларга Исроил фуқаролиги таклиф этилган, аммо уларнинг фақат бир қисми буни қабул қилган. Уларнинг аксари ҳамон ўзини Сурия фуқаролари деб билишади.

Исроилда Жўлан тепаликларидаги друзларни доимий яшовчилар сифатида кўришади, улар таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқига эга, аммо фақат Исроил фуқаролигини қабул қилганларгина сайловларда овоз бера олади (шу билан бирга, уларда армияда хизмат қилиш мажбурияти ҳам бўлади).

Исроилнинг тан олинган чегараларида ҳам друз жамоалари мавжуд. Улар мамлакат аҳолисининг атиги 1,5 фоиз қисмини ташкил этади, барча фуқаролар каби ҳуқуқларга эга ҳамда армияга чақирилади: улар Исроил мудофаа армияси ҳарбий хизматчилари орасида яҳудийлардан кейинги ўринда турувчи энг йирик этник гуруҳ ҳисобланади.

Шанба куни Нетаняҳу исроиллик друзлар раҳнамоси, шайх Мувафақ Тарифга ҳам қўнғироқ қилган. «„Ҳизбуллоҳ“ бунинг учун мисли кўрилмаган даражада тўлов қилади», — дея ишонтирган у.

Мамлакат ички ишлар вазири Исраэл Кац «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ «боши билан жавоб бериши» кераклигини айтди, ултраўнг молия вазири Бецалел Смотрич Исроил «Ҳизбуллоҳ» билан кенг кўламли урушга яқинлашаётганидан огоҳлантирди.

«Ҳизбуллоҳ» эса бу ҳужумга алоқадорлигини қатъиян рад этиб, буни исроилликлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси билан боғлаган. Гуруҳ медиа-офиси раҳбари Муҳаммад Афиф «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроил шимолидаги «Маждал-Шамсда рўй берган ҳодисага қандайдир алоқадорлиги»ни рад этган ва барча айбловлар ёлғонлигини айтган.

Аммо зарба оқибатлари акс этган кадрлар пайдо бўлишидан олдинроқ «Ҳизбуллоҳ» тўрт зарба, хусусан, Хермон тоғи этагидаги «Хермон» бригадаси ҳарбий штабига йўлланган зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди. База портлаш рўй берган футбол майдонидан тахминан уч километр масофада жойлашган.

Якшанба кунги баёнотида Исроил ҳарбий штаби бошлиғи генерал-лейтенант Герци Ҳалеви ракета айнан қаердан учирилгани Исроил мудофаа армиясига маълум эканини айтди.

Генерал Ҳалеви уни жанговар қисми 35 кг бўлган «ер-ер» типидаги, бошқарилмайдиган Falaq ракетаси сифатида таърифлаган. «Бу „Ҳизбуллоҳ“нинг ракетаси. Ва бундай ракетани аҳоли яшаш пунктига учирганлар, тинч аҳолини, болаларни ўлдиришни хоҳлайди», — деган у.

Ливан ички ишлар вазири Абдулла Буҳабиб BBC билан суҳбатда «Ҳизбуллоҳ» қасддан шундай ҳужум амалга оширган деб ўйламаслигини айтган, аммо шундай қўшимча қилган: «Бу исроилликларнинг ёки „Ҳизбуллоҳ“нинг хатоси бўлиши мумкин — буни мен билмайман».

Ливандаги давлат нашрлари душанба тонгида исроилликларнинг дрони зарбаси оқибатида Ливаннинг Исроил чегарасидан 6,5 км масофада жойлашган Шакра шаҳрида икки киши ҳалок бўлганини хабар қилди, «Ҳизбуллоҳ» қурбонлар — ўз жангчилари эканини тасдиқлаган. Исроил бу хабар юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Катта уруш хавфи

Исроил ва Ливан чегарасидаги ўтган йил 8 октябрида, «Ҳизбуллоҳ» Ҳамасга бирдамлигини намойиш этиш учун Исроил объектлари бўйлаб ракета ва снарядлар учиришни бошлаганидан кейин кескинлик юзага келганди. Икки гуруҳ ҳам Исроил давлатини йўқ қилишга чақиради.

«Ҳизбуллоҳ»нинг тез-тез рўй берадиган ҳужумлари асосан Исроил шимоли ва Жўлан тепаликларига амалга оширилади, Исроил Ливан жанубига жавоб зарбалари беради. Октябр ойидан буён бериб келинаётган зарбалар оқибатида, Ливанда 450 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, шундан 100 нафарга яқини тинч аҳоли вакилларидир. Исроил эса «Ҳизбуллоҳ» ҳужумлари оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 23 киши ҳамда 17 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини маълум қилган.

Шу билан бирга, шарҳловчилар қайд этишича, ҳозирча икки томоннинг ҳаракатлари ҳам нисбатан жиловланган характерда — Исроил ҳам, «Ҳизбуллоҳ» ҳам ўзи учун ҳалокатли оқибатларга эга бўлиши мумкин бўлган кенг кўламли урушни хоҳламайди.

«Ҳизбуллоҳ» — минтақадаги энг қудратли кучлардан бири бўлиб, унинг ихтиёрида 150 мингга яқин ракета ва снарядлар мавжуд. Гуруҳ Эрон томонидан қўллаб-қувватланади, ушбу мамлакат аллақачон Исроилни Ливандаги ҳар қандай «янги авантюралар» «мисли кўрилмаган оқибатлар» келтириб чиқаришидан огоҳлантирган.

Исроил қўшини ҳамон Ғазодаги амалиёт билан банд, яна бир ҳарбий фронт очилиши мақсадга мувофиқ эмас.

Бошқа томондан, сўнгги ойлар давомида 60 000 исроиллик Ливан билан чегарадош ҳудудлардаги уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ва кўпчилик ҳукуматдан «Ҳизбуллоҳ» таҳдидини бартараф этишни талаб қилмоқда.

7 октябрдан кейин сайловчилар орасида машҳурлигини йўқотган Нетаняҳу сиёсатчи сифатида омон қолиши учун барча ишни қилмоқда. Танқидчилар уни Ҳамасга қийиндан қийин шартлар қўйиш орқали Ғазодаги урушни чўзишда айблашади, чунки у анклавдаги ҳарбий ҳаракатлар тўхташи билан навбатдан ташқари сайловлар ўтказилиши ва унда ғалаба қозониши қийин бўлишини билади.

Таҳлилчилар ултраўнг вазирлар босими остида ва қисман ўзининг сиёсий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда Нетаняҳу ҳарбий кампанияни Ливан жанубига кенгайтиришга ҳаракат қилиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.

Мавзуга оид