Ўзбекистон | 21:43 / 31.07.2024
6680
6 дақиқада ўқилади

31 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Чеченистон раҳбарининг совға қилиб жўнатилган отлари, жиноий жавобгарликка тортилган ҳоким ўринбосари, тошбақага нос чектирганларга берилган жазо, Қўйлиқда фаолияти тугатилган овқат бозори — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Рамзон Қодировдан совға

Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга туғилган куни муносабати билан иккита зотдор от совға қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналига ёзиб қолдирди.

«Бугун Грознийда “Ахмат” Осиё жанг лигаси президенти Нодир Қодировга иккита зотдот отни топширдим. Бу бошқа катта акамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни учун совға. Унинг ушбу олийжаноб ҳайвонларга муҳаббатини билган ҳолда, ишонаманки, совға маъқул келади. Отлар ёш бўлса-да, турли мусобақаларда ўзини мувафаққиятли кўрсатган», — деб ёзади Қодиров.

Шунингдек, Чеченистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига ўз номидан энг яхши тилакларини етказиб қўйишларини сўраган.

Ҳоким ўринбосари жиноий жавобгарликка тортилди

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин қизлар бўлими бошлиғи Фотима Камолова “Аёллар дафтари” жамғармасидаги маблағларни, шунингдек, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш учун ажратилган қурилиш материалларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур жиноят ишида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Камолиддин Усканбаев ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Сулеймановлар ҳам тергов қилинган.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Фотима Камолова Қуйи Чирчиқ туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи сифатида ишлаётганда “Шўрданак” ҳажвий театри дастури чиптаси учун ноқонуний тарзда “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 15 млн сўм ажратиб, шартнома тузишга сабабчи бўлган.

Суд ҳукми билан Фотима Камоловага нисбатан 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Тайинланган асосий жазо шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланган.

Тошбақага нос чектирганлар жазоланди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Ўрта Осиё чўл тошбақаси оғзига нос солганларга чора кўрилди.

Ижтимоий тармоқларда шу мазмундаги видеолавҳа тарқалгач, ҳолат Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят ИИБ ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, жониворларга бешафқат муносабатда бўлиш ҳолатига Денов тумани Янгикуч маҳалласида истиқомат қилувчи икки нафар фуқаро томонидан апрел ойида йўл қўйилган.

Ҳолат юзасидан уларнинг ҳар бирига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига асосан БҲМнинг 3 баробари – 1 миллион 20 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.

Қўйлиқдаги овқат бозори фаолияти тўхтатилди

Санэпидхизмат ва ички ишлар ходимлари Қўйлиқдаги овқат бозорда рейд ўтказиб, у ердаги санитар ҳолат бир неча марта огоҳлантириш берилганидан кейин ҳам яхшиланмаганини қайд этди.

Энди мазкур объект санитар нормаларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилмагунга қадар, бозор ишламайди.

Бозорда жойлашган овқат сотиш шохобчасида санитария қоидалари қўпол равишда бузилаётгани, бир неча маротаба огоҳлантиришлар ва тарғибот ишлари ўтказилишига қарамасдан, объектда ҳолат ўзгаришсиз қолгани сабабли “овқат бозори”нинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.

“Объектда санитария ҳолати яхшиланиб, мутахассислар томонидан талабга жавоб бериши тўғрисида хулоса берилмагунга қадар, овқат бозори иш фаолиятини давом эттирмайди”, – дейилади расмий ахборотда.

Ўзбекистон яна қарз олди

Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан яна 400 млн доллар қарз олади.

«Хусусий секторнинг фаол иштироки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва трансформацияси учун жуда муҳим аҳамиятга эга», деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.

Қарзнинг 300 млн доллари энергетика соҳасини ислоҳ қилиш дастурининг иккинчи кичик дастурига мўлжалланган. Жумладан, дастур энергия самарадорлигини ошириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу ислоҳотлар сирасига электр энергияси бозорини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси, рақобатни ривожлантириш ва шаффофликни таъминлаш учун мустақил энергетика регуляторини яратиш, марказий харид ва чакана савдо функцияларини ажратиш ва янги ташкил этилган мустақил ташкилотларга ўтказиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ошириш киради

100 млн долларлик иккинчи кредит «Молия бозорларини ривожлантириш дастури» иккинчи кичик дастурга қаратилган. Ушбу кредит молиявий операциялар ва хизматлар учун муҳитни яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистонда капитал ва пул бозорларини ривожлантириш бўйича талаб ва таклифни бошқариш чора-тадбирларини кўпайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.

Мавзуга оид