Жаҳон | 07:56 / 31.07.2024
4284
2 дақиқада ўқилади

Эронда янги президентнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди

Масъуд Пезешкиён Теҳронда қасамёд қилди. У Эронда ўтган президентлик сайловларида ўзидан олдинги президент Иброҳим Раисий вафотидан кейин ғалаба қозонди.

Фото: IRNA

30 июл, сешанба куни Теҳрондаги Эрон парламенти биносида мамлакат сайланган президенти Масъуд Пезешкиённинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Эрон манбаларига кўра, маросимда 80 дан ортиқ давлатдан юқори мартабали меҳмонлар иштирок этган. Аксарият Ғарб давлатлари Пезешкиённи сайловдаги ғалабаси билан табрикламади ва инаугурация маросимида қатнашмади.

Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари

Масъуд Пезешкиён ўзидан олдинги президент Иброҳим Раисий авиаҳалокатда ҳалок бўлгани сабабли ўтказилган навбатдан ташқари сайловлардан сўнг президент бўлди. Ислоҳотчилар номзоди, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Пезешкиён умумий овозларнинг 53,6 фоизини қўлга киритди. Консерватор Саид Жалилий 44,3 фоиз овоз олди.

Сайловолди кампанияси давомида Пезешкиён мамлакатда ўзгаришларни амалга ошириш ва Эронни халқаро изоляциядан чиқариш ниятида эканлигини бир неча бор такрорлаган. Бунга эришиш учун у янги ташқи сиёсатни ваъда қилди. У АҚШ билан муносабатларни яхшилаш ва аёллар эркинлиги тарафдори. Шу билан бирга, Пезешкиён Эронда сўнгги сўзни айтадиган Эроннинг олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоманаийга содиқлигини таъкидлайди.

Ташқи сиёсатнинг айрим жабҳаларида янги президент ўзидан олдинги президент йўналишини сақлаб қолади. Пезешкиён сайловолди ташвиқоти давомида Эроннинг апрел ойида Исроилга ракета ва учувчисиз учоқлар билан берган зарбасини қўллаб-қувватлаган. Исроилнинг ҲАМАС ҳаракатига қарши урушида янги президент ҳамасчилар томонида. У ҲАМАС ҳаракатини янада қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Мавзуга оид