Жаҳон | 22:05 / 31.07.2024
13875
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАСнинг лидерларини ўлдириш мумкин, лекин ғоясини ўлдириб бўлмайди — таҳлилчилар

Исмоил Ҳаниянинг йўқ қилиниши миллий озодлик ғояси атрофида бирлашган Фаластин халқининг тарихий курсига таъсир кўрсатмайди. Исроил ҲАМАСни ташкилот сифатида йўқ қилишга эришган тақдирда ҳам, эртами-кечми шу ёки бошқа ном остида худди шундай ташкилотлар пайдо бўлаверади, дейди таҳлилчилар.

Kun.uz мухбири “Геосиёсат” дастурининг бугунги сонида Фаластиннинг ҲАМАС ташкилоти сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилиши бўйича саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.

Каримовнинг фикрича, бу ҳужумга ҲАМАС ва Эрон томонидан Исроилга йирик ҳарбий жавоб бўлиши эҳтимоли анча паст.

“ҲАМАС 7 октябрдан бери Исроил билан уруш ҳолатида, ҳарбий потенциали анча пасайган, шу сабаб жуда катта жавоб реакциясини қайтара олмайди Исроилга. Ҳаниянинг ўлдирилиши ортида ҲАМАСни парчалаш ғояси турибди. Яъни ташкилот ичидаги бирликни йўқотиш мақсади”, – дейди у.

Таҳлилчининг қайд этишича, бу ҳужум Эрон президенти сифатидаги илк кунлариданоқ Пезешкиённинг олдига катта масалани қўяди. Исроил ўз олдига қўйган катта мақсадларига эришиш, АҚШни минтақада ҳарбий фаоллаштириш учун Эронни урушга тортмоқчи. Пезешкиён бу вазиятда бундай провокацияларга берилмаслик кераклигини халққа тушунтириш йўлини танласа керак, дейди таҳлилчи.

Камолиддин Раббимовга кўра, Исроил ҲАМАС раҳбарларини йўқ қилгани билан, бу – аввало ғоявий ташкилот. Яъни Исроил ҳатто ҲАМАСни ташкилот сифатида йўқ қилишга эришса ҳам, эртами-кечми бошқа ном остидаги худди шундай ташкилотлар пайдо бўлаверади.

“Бундай жангари гуруҳлар аъзолари ҳар қандай паллада ўлим келиши мумкинлигини тасаввур қила олишади. ҲАМАС ҳам бутунлай йўқолиб кетмайди. Кейинги 30 йилликда Исроилга қарши турадиган гуруҳлар анча ривожланиб бормоқда. Исмоил Ҳаниянинг ўлими минтақа давлатларида Исроилга бўлган нафратни фақат оширади”, – дейди у.

Экспертлар шарҳи билан тўлиқ ҳолда видео орқали танишинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид