Жаҳон | 07:22 / 31.07.2024
5429
3 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Байрутга берган зарбаси оқибатида 70 дан ортиқ киши жароҳат олди

Исроилнинг Байрут чеккасига уюштирган зарбаси оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди, 74 киши яраланди, дея хабар берди Ливан расмийлари.

Фото: Hussein Malla / AP

30 июл, сешанба куни Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Исроилнинг Байрут жанубий чеккасига берган зарбаси оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди. Яна 74 киши жароҳатланган. «Вайроналар остида бедарак йўқолганларни қидириш давом этмоқда», — дея қўшимча қилди вазирлик.

Аввалроқ Исроил мудофаа кучлари Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қўмондонига зарба берилгани ҳақида хабар қилган эди. Исроилга кўра, у бир неча кун аввал Жўлан тепаликларини ўққа тутиб, 12 кишининг ҳаётига зомин бўлгани учун жавобгардир.

ЦАҲАЛ: «Ҳизбуллоҳ» қўмондони ўлдирилди

Байрутга ҳужум ҳақида хабар берилганидан бир неча соат ўтиб ЦАҲАЛ «мақсадли» ҳужумда «Ҳизбуллоҳ» бош котиби Ҳасан Насруллоҳ маслаҳатчиси бўлиб ишлаган юқори мартабали «Ҳизбуллоҳ» ҳарбий қўмондони Фуад Шукр ҳалок бўлганини айтди.

БМТ Исроил ҳужумидан «қаттиқ хавотирда»

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливан бўйича махсус координатори Жанин Хеннис-Плассхарт 30 июл куни Исроилнинг Байрут чеккасидаги аҳоли зич жойлашган ҳудудига уюштирган зарбаси туфайли «кўп сонли тинч аҳоли қурбон бўлганидан қаттиқ хавотирда» эканини айтди.

Ҳеннис-Плассхарт «Исроил ва Ливан ўртасидаги можарога ҳарбий ечим йўқлигини» таъкидлади ва урушни тўхтатиш учун «дипломатик вариантлардан» фойдаланишга чақирди. 

Жўлан тепаликларига ҳужум

Исроил 27 июл куни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини Жўлан тепаликлари шимолидаги Маждал Шамс қишлоғини ўққа тутганликда айблади. Отишма оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти ўсмирлардир. Зарба вақтида улар футбол майдонида бўлган.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац «Ҳизбуллоҳ» Маждал Шамсга ҳужуми билан «барча қизил чизиқларни кесиб ўтганини» айтди ва «тўлиқ кўламли уруш» эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. 

Ўз навбатида, «Ҳизбуллоҳ» ҳужумга алоқадорлигини рад этади. Ҳаракат вакили AP агентлигига берган изоҳида гуруҳ «Маждал Шамсга ҳужум уюштирганини қатъиян рад этиши»ни ва зарбаси фақат Исроил ҳарбий базасига қаратилганлигини таъкидлади.

Мавзуга оид