Спорт | 00:37 / 31.07.2024
17399
2 дақиқада ўқилади

Париж-2024. Ҳасанбой Дўсматов Олимпиадани ғалаба билан бошлади, энг ёш боксчимиз ҳам чоракфиналда

Фото: Getty Images

Париж-2024 Олимпиадасида кейинги босқичга йўлланма олган бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари сони 6 нафарга етди.

30 июл, сешанба оқшомида Ҳасанбой Дўсматов Париж-2024 Олимпиадаси бокс баҳсларини ғалаба билан бошлади.

Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби саналмиш ўзбекистонлик -51 кг вазн тоифасидаги боксчи ўзининг мусобақадаги илк баҳсини Пуэрто-Рико вакили Хуан Мануел Лопесга қарши ўтказди. Жангда рақибидан устунлигини намойиш этган Ҳасанбой уч раунд якунига кўра, 5:0 ҳисобида ғалабага эришиб, чоракфиналга йўлланма олди.

Ҳасанбойнинг жангидан ярим соат ўтиб, бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг энг ёш аъзоси Тўрабек Ҳабибуллаев ҳам Париж-2024 Олимпиадаси бокс баҳсларини ғалаба билан бошлади.

Фото: Getty Images

-80 кг тоифасидаги ўзбекистонлик 20 ёшли боксчи 1/8 финалда филиппинлик Токио-2020 совриндори Эумир Марсялга қарши рингга кўтарилди. Жанг давомида рақибидан устунлигини кўрсата олган Тўрабек уч раунд якунларига кўра, Марсялни мағлубиятга учратди – 5:0.

Шу тариқа, у ҳозиргача чоракфиналга йўлланма олган ўзбекистонлик 6-боксчига айланди. 

Эслатиб ўтамиз, бунгача боксчилардан Руслан Абдуллаев, Лазизбек Муллажонов, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов ва Ситора Турдибекова ҳам кейинги босқичга чиққан бўлса, Нигина Ўктамова турнирни тарк этганди.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид