Жаҳон | 21:45 / 01.08.2024
4151
3 дақиқада ўқилади

Гвинеянинг собиқ ҳарбий етакчиси инсониятга қарши жиноятда айбли деб топилди

Унинг бошқарув даврида мухолифат томонидан ўтказилган норозилик митинги шафқатсизларча бостирилган ва оқибатда 150 дан ортиқ одам ўлдирилган эди.

Фото: AP Photo

Гвинея суди собиқ ҳарбий етакчи Мусса Дадис Камарани инсониятга қарши жинояти учун 20 йил муддатда озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарди.

Гвинея Жиноий суди мамлакат пойтахти Конакри яқинидаги стадионда мухолифат митингини бостириш иши бўйича икки йилдан буён давом этиб келаётган суд жараёнини якунлади. Ўшанда митингни шафқатсиз бостириш жараёнида камида 156 киши ҳалок бўлган ва 109 нафар аёл зўрланган эди.

Суд қотиллик, зўрлаш, қийноқ ва одам ўғирлаш каби айбловлар Камара ва бошқа етти ҳарбий командирга ҳукм чиқарилишидан олдин инсониятга қарши жиноятлар сифатида таснифланишини эълон қилди. Тўрт нафар айбланувчи эса оқланди.

Суд жараёнида Камаранинг президент гвардияси аъзолари томонидан 2009 йилда содир этилган оммавий қирғинда омон қолган юзлаб инсонлар ва қурбон бўлган шахсларнинг яқинлари кўрсатма берди. Суд қурбонларга 23 мингдан 174 минг АҚШ долларгача компенсация тўлаш бўйича қарор чиқарди.

Қурбонларнинг айрим қариндошлари ушбу ҳукмни одилона деб баҳолаётган бўлса, баъзилар 2023 йилнинг ноябрида қамоқхонадан қочиб кетган, бироқ кўп ўтмай қўлга олинган Камара учун етарлича жазо эмас деб ҳисобламоқда.

«Ҳукм жиноятларга мос келмаяпти. Бизнинг опаларимиз зўрланди, акаларимиз ўлдирилди, уларнинг жасадлари бедарак йўқолди», — дейди қурбонлардан бирининг қариндоши 25 ёшли Сафиату Балде.

Ҳимоячиларнинг таъкидлашича, ҳукм чиқарилган кунда айбловларни инсониятга қарши жиноятлар сифатида қайта таснифлаш айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум қилади ва уларнинг адолатли судлов ҳуқуқларини бузади. Айбланувчилар ва даъвогарлар 15 кун ичида ҳукм устидан шикоят қилишлари мумкин.

Камаранинг ҳокимиятга келиши

2008 йилнинг 22 декабрь куни Гвинеянинг президенти Лансана Конте кутилмаганда вафот этади. Эртаси куни соат 07:00 да Мусса Дадис Камара телевидение орқали чиқиш қилиб, Демократия ва ривожланиш учун миллий кенгаш тузилганини, ҳукумат тарқатилиб юборилишини эълон қилади. Унинг айтишича, давлат тўнтаришига мамлакатдаги қашшоқлик ва коррупция сабаб бўлган.

24 декабрь куни радио орқали Камаранинг президент этиб тайинлангани эълон қилинади, шу куни у мамлакатда 2010 йил декабрга қадар эркин президентлик сайловлари ўтказилишини маълум қилади.

Камаранинг авторитар бошқаруви мухолифат кучларининг қаршилигига учрайди. 2009 йил сентябрда мухолифат норозилик акцияларини бошлайди ва охир-оқибат у бостирилади. Ҳарбийлар стадиондан чиқиш йўлларини ёпиб қўйиб, намойишчиларни ўққа тутади. Кейинроқ армия пойтахт дўконларини ўмаришга тушади ва кўчаларда ҳукуматдан норози кайфиятда юрган фуқароларни отишга киришади.

Мавзуга оид