Жаҳон | 08:45 / 02.08.2024
2158
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Демократик партияси Ҳаррисни президентликка илгари суриш учун овоз беряпти

Электрон овоз бериш беш кун давом этади. АҚШ вице-президентини ҳукуматнинг энг юқори лавозимига номзод кўрсатиш жараёнида иштирок этган демократ делегатларнинг 99 фоизи қўллаб-қувватлади.

Фото: Reuters

АҚШ Демократик партияси аъзолари 1 август, пайшанба куни вице-президент Камала Ҳаррисни президентликка номзод сифатида расман кўрсатиш учун овоз беришни бошлади. Электрон овоз бериш учун беш кун вақт ажратилган.

Ҳаррис ўзининг ғалабасига шубҳа қилмаяпти. Партия маълумотларига кўра, Ҳаррис номзодни кўрсатиш жараёнида иштирок этаётган демократ делегатларнинг 99 фоизи томонидан қўллаб-қувватланган. Демократик партиянинг миллий қурултойи 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади.

Трампнинг ирқчилик кайфиятидаги баёноти

Айни пайтда, мамлакатнинг собиқ президенти ва Республикачилар партиясидан энг юқори ҳукумат лавозимига расмий номзод Доналд Трамп ўзининг тахминий рақибига нисбатан ирқчилик кайфиятидаги баёнот билан чиқди. Оқ уй собиқ раҳбари Чикагодаги қора танли журналистлар миллий ассоциацияси билан суҳбатда Ҳаррис узоқ вақтдан бери ўзини ҳинд миллатига мансуб аёл деб таништиргани ва яқинда ўзини қора танли деб таърифлай бошлаганини айтди. «Бир неча йил олдин қора танли бўлгунига қадар мен унинг қора эканлигини билмасдим, энди эса у қора танли эканини даъво қиляпти», — деди Трамп.

Оқ уй собиқ президентнинг сўзларини «таҳқирловчи» ва «жирканч» деб атади. Ҳарриснинг ўзи республикачи номзод Иллинойс штати энг йирик шаҳрида «бўлиниш» ва «ҳурматсизлик»нинг «эски шоусини» кўрсатаётганини таъкидлади. 

Камала Ҳаррис Калифорнияда туғилган. Унинг отаси АҚШга Ямайкадан, онаси эса Ҳиндистондан кўчиб келган.

Байденнинг президентлик пойгасидан чиқиши

АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябр куни бўлиб ўтади. 21 июль куни амалдаги давлат раҳбари Жозеф Байден қайта сайланишдан воз кечишини эълон қилди ва ўз ўрнига Камала Ҳаррисни таклиф қилди. Вице-президент энг юқори давлат лавозимига номзодини қўйишга рози бўлди. 

Амалдаги давлат раҳбари бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини алоҳида таъкидлади. 

Мавзуга оид