Жаҳон | 09:30 / 02.08.2024
2643
4 дақиқада ўқилади

Давлат думаси собиқ депутати Иля Пономаревга ҳужум уюштирилди

Россиялик мухолифатчи унга бешинчи ҳужум уриниши ҳақида маълум қилди. Украина матбуотига кўра, Пономаревнинг Киев яқинидаги уйига УУА ҳужум қилган. Расмийларнинг билдиришича, уриб туширилган учувчисиз учоқ қолдиқлари қулаши оқибатида икки киши жароҳатланди.

Фото: AP

Украинада яшовчи россиялик мухолифатчи сиёсатчи, Давлат думаси собиқ депутати Иля Пономарев ҳаётига суиқасд қилинганини айтди. «Бугун менинг иккинчи туғилган куним бўлди, бешинчи ҳужум уриниши энг ғайриоддий ва энг муваффақиятли бўлди, ундан ҳимояланиш қийин эди», — деб ёзди сиёсатчи 1 август, пайшанба куни. У ёмон ниятли шахслар ҳеч ниманинг уддасидан чиқмаслигига ишонч билдирди ва тафсилотларни кейинроқ айтишга ваъда берди.

Воқеа тафсилотларини «Обозреватель» нашри исми ошкор этилмаган суҳбатдошларига таянган ҳолда тақдим этди. Уларнинг сўзларига кўра, Пономаревнинг Киев яқинидаги уйига «Герань-2» учувчисиз учиш аппарати ҳужум қилган ва у олд эшикдан беш метр масофада портлаган. Сиёсатчи яраланган, аммо унинг ҳаёти хавф остида эмас. Гап Киев вилоятига ҳужумда уриб туширилган дронлардан бири ҳақида кетмоқда, дея аниқлик киритмоқда «Зеркало недели» нашри.

31 июлга ўтар кечаси Пономарев жойлашган ҳудудга учта дрон учиб борган, бироқ улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган ва уйдан 50-100 метр узоқликда қулаган, дея хабар беради «Обозреватель». Унинг сўзларига кўра, полиция тергов ишларини олиб бормоқда. 

Минтақавий ҳокимият: дрон қисмлари қулаши оқибатида икки киши жароҳат олди

Айни пайтда, Киев вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Руслан Кравченконинг айтишича, тунда уриб туширилган учувчисиз учоқлар қолдиқлари қулаши натижасида икки киши жабрланган. Эркак ва аёл касалхонага ётқизилган ва уларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, деб ёзди Кравченко Facebook’да. Бундан ташқари, вилоятдаги аҳоли пунктларидан биридаги иккита хусусий уйнинг томлари шикастланган, фасадларига зарар етган, дераза ва эшиклари синган, дея қўшимча қилди вилоят маъмурияти раҳбари.

Иля Пономаревга қарши иш

Иля Пономарев Россия Федерацияси Давлат думасининг 5- ва 6-чақириқлари депутати этиб сайланган, «Адолатли Россия» партияси фракцияси аъзоси эди. 2015 йилда у депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинган, кейин халқаро қидирувга берилган ва Россия суди томонидан сиртдан ҳибсга олинган. 

2022 йил август ойида Москванинг Коптевский суди сиёсатчини Россия армияси ҳақида «фейк» хабарларни тарқатганликда айблаб, яна сиртдан ҳибсга олди. Феврал ойида Пономаревга нисбатан давлатга «душман томонига ўтиш шаклида» хиёнат қилиш, террорчилик ташкилотида иштирок этиш ва интернет орқали террорчилик фаолиятини амалга оширишга чақириқлар бўйича жиноий иш очилган. 

Иля Пономарев, хусусан, «Россия озодлиги» легиони» билан боғлиқ ҳолда кўрилади. У асосан руслардан ташкил топган ва Украина Қуролли кучлари (УҚК) сафида жанг қилади. Бундан ташқари, Пономарев республикада антисемитизм кайфиятини қўзғатган ва Маҳачқалъа аэропортига бостириб кирганларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштирган «Доғистон тонги» Telegram-канали ортида туришда ҳам айбланган. Пономаревнинг ўзи бу канал билан алоқадор эканини қатъий рад этган. Сиёсат бир неча йилдан бери доимий равишда Киевда яшайди ва Украина фуқаролигини олган.

Мавзуга оид