Жаҳон | 14:10 / 02.08.2024
3812
2 дақиқада ўқилади

Доҳада ҲАМАС етакчисининг дафн маросими олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Қатар пойтахтидаги бир қатор кўча ва шоҳкўчалар ҳаракат учун ёпилган, жума намози ва жаноза маросимлари бўладиган масжид атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Фото: Picture Alliance

Теҳрондаги суиқасдда ҳалок бўлган Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг дафн маросими олдидан Доҳада кучайтирилган чоралар кўрилди.

Ҳамад халқаро аэропортида тундан бери пойтахтга турли давлатлардан вакиллар келиши сабабли узун навбатлар кузатилмоқда.

Доҳадаги бир қатор кўча ва шоҳкўчалар транспорт ҳаракати учун ёпилган, жума намози ва жаноза маросими бўладиган Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб масжиди атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Масжид атрофига кўплаб маҳаллий ва хорижий матбуот вакиллари ҳам тўпланган. 

Исмоил Ҳаниянинг жасади жума намози ва видолашув маросимидан кейин дафн этилади.

Теҳронда ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания Эрон янги сайланган президенти Масъуд Пезешкиён инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди. 

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси 31 июл куни эрталаб Эрон пойтахтида Исмоил Ҳания қароргоҳига зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди. 

Эрон ва ҲАМАС Исроилни қотилликни уюштирганликда айблади. Бироқ Исроил расмийлари воқеага изоҳ беришдан ўзларини тийиб турибди.

Исмоил Ҳания 2017 йил 6 май куни ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланган эди. У бу лавозимда Холид Машаал ўрнини эгаллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид