Жаҳон | 15:20 / 02.08.2024
23848
4 дақиқада ўқилади

Ҳаниянинг ўлими бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлди

Исмоил Ҳания Теҳронда ракета зарбаси оқибатида эмас, бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган. The New York Times маълумотига кўра, портловчи қурилма у тунаган меҳмонхонага икки ой олдин қўйилганди.

Office of the Iranian Supreme Leader / West Asia News Agency / Reuters / Sc

Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания 31 июлга ўтар кечаси Теҳрондаги меҳмон уйларидан бирига ўрнатилган бомба ҳаракатга келтирилиши оқибатида ҳалок бўлган. Бу ҳақда The New York Times Яқин Шарқдаги кўплаб манбалар, шунингдек эронлик икки мулозим ва бир америкалик суҳбатдошга таяниб хабар тарқатди. Бунгача ОАВда Ҳаниянинг ўлимига ракета зарбаси сабаб бўлгани айтилаётганди.

Газета манбаларининг сўзларига кўра, бомба тахминан икки ой муқаддам меҳмон уйига жойлаштирилганди. Бу Теҳроннинг нуфузли жойида жойлашган ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан қўриқланадиган «Нешат» комплекси ҳудудидаги уй бўлган. 

The New York Times нашрининг беш суҳбатдошига кўра, Ҳания меҳмонхонадаги хонасида экани ҳақидаги маълумот тасдиқланиши билан бомба масофадан ҳаракатга келтирилган. Ҳамас етакчиси Эрон пойтахтига мамлакатнинг янги президенти Маъсуд Пезешкиённинг инаугурация маросими муносабати билан келганди. Портлаш оқибатида Ҳаниянинг тансоқчиси ҳам ҳалок бўлган. Бино портлаш туфайли қисман қулаб тушган. 

Нашрнинг қайд этишича, Ҳания олдин ҳам ушбу меҳмон уйига келиб турган. 

Ҳамас Ҳаниянинг ўлими учун жавобгарликни Исроил зиммасига юклаган. Исроил гуруҳ етакчиларидан бирининг ўлдирилишига алоқадорлигини расман тан олмаган, аммо, Яқинн Шарқдаги мулозимларга кўра, Исроил разведкаси ходимлари АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатларни Ҳаниянинг ўлими тўғрисида хабардор қилган. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Ҳаниянинг ўлимига алоқадормаслигини ва унинг ўлдирилиши режасидан хабардор бўлмаганини билдирган 

Ҳания ракета зарбаси орқали ўлдирилгани тўғрисидаги хабарлардан Исроил Теҳронга зарба бериш учун эронликлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан қандай ўтгани борасида саволлар туғилганди, дея қайд этади The New York Times. Аммо Ҳамас етакчисининг қотиллигини уюштирганлар «қаттиқ қўриқланадиган комплекс хавфсизлик тизимидаги муаммолардан фойдаланишга муваффақ бўлган ва бу уларга у ерга бомба жойлаштириб, уни кўп ҳафталар мобайнида яшириб туриш имконини берган». Газета билан гаплашган эронлик мулозимлар буни Эрон разведкасининг «ҳалокатли муваффақиятсизлиги» ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси учун «улкан шармандалик» деб атаган, корпус мазкур комплексдан махфий учрашувлар ўтказиш ва муҳим меҳмонларни жойлаштириш учун фойдаланиб келган. 

Меҳмон уйига бомбани яширишнинг қандай қилиб уддасидан чиқилгани мавҳум бўлиб қолмоқда, дея қайд этади The New York Times. Газетанинг Яқин Шарқдаги манбаларига кўра, суиқасдни режалаштириш бир неча ой давом этган ва мажмуани синчиклаб кузатиш талаб этилган. 

Ҳамаснинг Ҳаниянинг ўлими ҳақидаги баёнотида у исроилликларнинг унинг Эрон пойтахтидаги қароргоҳига ҳужуми оқибатида ҳалок бўлгани айтилган. Al Mayadeen телеканали Ҳания жойлашган уйга бошқа давлат ҳудудидан туриб ракета зарбаси берилгани ҳақида хабар берган. Эрондаги Tasnim агентлигига кўра, Ҳания тунда «ҳаводан келган снаряд» оқибатида ҳалок бўлган.

2024 йил май ойида Халқаро жиноят суди прокурори Карим Хон 2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг Исроилга қилинган ҳужуми оқибатида юзлаб исроилликлар ҳалок бўлишига жавобгар сифатида гуруҳнинг бошқа етакчилари қатори Ҳанияни ҳам ҳибсга олиш учун ордер берилишини сўраганди. Исроилдагилар Ҳанияни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режими бўйича музокаралардаги муҳим фигура деб ҳисобларди.

Мавзуга оид