Жаҳон | 11:14 / 02.08.2024
9409
2 дақиқада ўқилади

«Қамоқда ўлишимга амин эдим» — Кара-Мурза самолётдан қизи ва Байденга телефон қилди

У бу дунёда инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдан муҳимроқ иш йўқлигини айтиб, Байденга миннатдорчилик билдирган.

Фото: Видеодан кадр

АҚШ президенти маъмурияти Оқ уйнинг Овал кабинетида олинган видеони намойиш этди. Унда Россиядан озод этилган, АҚШ фуқаролиги ёки Америка грин-картасига эга бўлганларнинг Жо Байден ва ўз яқинлари билан телефон орқали мулоқоти акс этган.

Видеоёзувда журналистлар Эван Гершкович ва Алсу Курмашева, собиқ денгиз пиёдаси Пол Уилан (барчаси — АҚШ фуқаролари), шунингдек россиялик мухолиф сиёсатчи Владимир Кара-Мурза (унда грин-карта бор)нинг овозлари эшитилган. Бу мулоқот вақтида улар ҳали АҚШ томон учаётган самолётда бўлган.

Ўз оила аъзолари билан суҳбат чоғида Кара-Мурза рўй бераётган воқеаларга ишона олмаётганини айтган.

«Мен шунчаки муносиб сўзларни топа олмаяпман, қамоқхонада ўлишимга амин эдим. Бўлаётган ишларга ишона олмаяпман. Худди сенинг овозингни эшитмасдан, ҳамон Омскда камерамда ухлаётгандекман», — деган ўз қизига Владимир Кара-Мурза.

У шунингдек президент Байденга мурожаат қилган: «Айтишни истардимки, сиз катта ишни бажардингиз, жуда кўп одамлар ҳаётини қутқардингиз. Менимча, бу самолётда 16 кишимиз. <...> Мен шунчаки айтишни истардимки, бу дунёда инсонлар ҳаётини қутқаришдан муҳимроқ ишлар бор деб ўйламайман».

Озод этилганидан кейин Владимир Кара-Мурза қаерга юборилгани охиригача маълум эмас. Олдинроқ Оқ уй эълон қилган бошқа бир видеоёзувда Мэрилендга қўнган самолётдан фақат Америка фуқаролари Эван Гершкович, Алсу Курмашева ва Пол Уилан тушиб келгани акс этганди.

  • Россия ва Ғарб мамлакатлари 1 август куни кенг кўламли маҳбуслар алмашувини ўтказди. Россия Германия ва АҚШга уларнинг фуқароларини, шунингдек сиёсий моддалар билан қамалган россиялик мухолифатчиларни топширди. Бунинг эвазига Ғарб Россияга РФнинг саккиз фуқаросини қайтарди, улар қотиллик, жосуслик ва компютер тармоқларини бузиш каби жиноятлар учун қамалганди.

Мавзуга оид