Жамият | 10:54 / 02.08.2024
9706
2 дақиқада ўқилади

Ургутда йўлдан ўтаётган 3 ёшли бола Cobalt уриб кетиши оқибатида вафот этди

Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, боланинг ўлимига сабаб бўлган 38 ёшли ҳайдовчи қамоққа олинган.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ёш боланинг ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, ЙТҲ 2024 йилнинг 24 июн куни туманнинг Қуйи Алгар маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 1986 йилда туғилган ҳайдовчи И.Р. Cobalt машинасини “Тойлоқ-Ургут” автомобил йўлида Ургут йўналиши томон бошқариб бораётиб, йўлдан ўтаётган 2021 йилда туғилган Н.Н.ни уриб юборган. Бунинг оқибатида болакай вафот этган.

Ҳайдовчи амалдаги йўл ҳаракат қоидаларини қўпол равишда бузганлиги қайд этилган. Жумладан, у тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётганда қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёда(лар)ни ўтказиб юбориш учун тезлигини камайтириши ёки тўхташи ҳақидаги шартли қоидага амал қилмаган. Яъни йўлдан ўтаётган болани кўрган ҳолда машинани тўхтатмасдан, ҳаракатланишда давом этган.

Самарқанд вилояти ИИБ ЭКМнинг хулосасига кўра, Cobalt машинасининг рул бошқаруви ва ишчи тормоз тизими соз ҳолда бўлган. Шунингдек, вилоят ИИБ ЭКМ хулосасида ҳайдовчи машинани фавқулодда тормозлаб, тўхтатиб қолиш йўли билан ҳодисанинг олдини олиш учун техник имкониятга эга бўлганлиги кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан И.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Олдинроқ Каттақўрғонда Nexia уриб кетиши оқибатида эркак ва унинг 4 ёшли қизи ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид