Жаҳон | 19:55 / 03.08.2024
7146
9 дақиқада ўқилади

Доҳада дафн этилган Ҳания, россиялик сиёсий маҳбусларнинг чиқиши ва қотиллик буюртма қилган сенатор — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Ғазодаги мактаблардан бирига бомба ташлади. Камида 15 киши, жумладан ёш болалар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Исроил Зилол ул Муғрабийдаги мактаб ва Ғазодаги Сабҳа тиббиёт марказига ракета зарбаси берган.

Ушбу ижтимоий объектлардан турар жойлари вайрон қилинган юзлаб фаластинлик бошпана сифатида фойдаланишаётган эди.

АҚШ президенти Жо Байден Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши “ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга ёрдам бермаслиги”ни айтган.

Бу ҳақда Жо Байден Россиядан озод қилинган америкалик маҳбусларни кутиб олиш учун чиққан Эндрюс авиабазасида журналистларга маълум қилган.

Исмоил Ҳаниянинг эҳтимолли вориси сифатида кўриаётган Холид Машъал ҲАМАС музокаралар олиб бормаслиги, шартларда ён бермаслиги ва Исроилни тан олмаслигини маълум қилган.

«Ўлдирилган Ҳания Фаластин ишига, ўз халқига ҳақиқий мужоҳид сифатида хизмат қилди», — деган Машъал.

Ҳаниянинг жанозаси

Исмоил Ҳаниянинг жанозаси Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўқилиб, у Лусайл қабристонида дафн этилди.

Мотам маросимлари Индонезия, Ливан, Малайзия, Покистон, Туркия ва Ямандаги ҳусийлар назоратидаги ҳудудларда ҳам бўлиб ўтди. Маросимдан бир кун олдин видолашув маросими Теҳронда бўлиб ўтган эди.

Жумладан Фаластиннинг оккупация қилинган ҳудуди Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида ҳам Ҳанияга атаб ғайб жаноза намози ўқилди.

Доҳадаги дафн маросими минглаб одамларни жалб қилди.

Маросимда Қатар амири, бош вазир, Эрон президентининг биринчи ўринбосари, Туркия ташқи ишлар вазири ва бошқа юқори мартабали амалдорлар иштирок этди. Мотам маросимида ҲАМАС раҳбарияти аъзолари, жумладан, марҳумнинг эҳтимолий вориси деб аталган Холид Машъал ҳам иштирок этди.

Исмоил Ҳаниянинг рафиқаси Амал Ҳания ҳам турмуш ўртоғи дафн этилишидан аввал Доҳада у билан видолашган.

Туркия ва Исроил расмийларининг даҳанаки жанги

Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац Х ижтимоий тармоғида Эрдўғанга қарши турк тилида пост қолдириб, постининг сўнгида “яхши даврлар келишини кутамиз”, деб Истанбулнинг мухолифатдаги мэри Акром Имомўғлини ҳам белгилаган.

Акром Имомўғли Кацга Х ижтимоий тармоғи орқали дарҳол жавоб берган.

“Мен Туркия Жумҳурияти байроғи ва жумҳурият президентини ҳақорат қилинган ушбу баёнотни тўлиқлигича ўзингизга қайтараман.

Биз қўлларида ўн минглаб болаларнинг қони бўлганлардан демократия ва ҳуқуқни ўрганмаймиз.

Ҳа, ҳаммаси яхши бўлади. Фаластин озод бўлган кун”, — деб ёзган Имомўғли.

Туркия президенти администрациясининг коммуникациялар бўйича бошқармаси боғлиги Фахриддин Алтун ҳам Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кацга Х ижтимоий тармоғи орқали жавоб қайтарган.

“Бу ёққа қара, қотил ва руҳий носоғлом киши!

Токи сен бегуноҳ инсонларнинг қонини сўраётган ифлос оғзинг билан Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг номини тилга олар экансан, биз уни янада қаттиқроқ қўллаймиз, унинг ортида янада қатъийроқ туриб берамиз.

Бизнинг президентимиз ва бизнинг мамлакатимизнинг сизлар каби қонхўр қотил геноцидчилардан ўрганадиган нарсаси йўқ!

Бизнинг фаластинлик биродарларимиз ва сингилларимизнинг оммавий ўлдирилиши ва сизлар содир этган шармандали геноцид учун куни келиб албатта жавоб берасизлар”, — деб ёзган Фахриддин Алтун.

Сиёсий маҳбусларнинг чиқишлари

Россия, Беларус ва Ғарб ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви доирасида озод этилган Иля Яшин, Владимир Кара-Мурза ва Андрей Пивоваров Бонндаги Deutsche Welle таҳририятида журналистлар билан учрашди.

Кара-Мурза Россиядан Туркияга учаётган самолётда озод этилган сиёсий маҳбусларга ҳамроҳлик қилган фуқаро кийимидаги «ФСБ» ходимининг иборасини эслади: «Мана, қаранг, сиз ўз ватанингизни охирги марта кўряпсиз». «Унга шундай дедим: мен тарихчиман, нафақат ишонаман ва ўйлайман, балки аниқ биламанки, барчамиз Россияга албатта қайтамиз. Россия эркин, нормал бўладиган кун келишини аниқ биламан, бу кун келишига мутлақо шубҳам йўқ», — деган Кара-Мурза.

Андрей Пивоваров россияликларни Россия раҳбарияти олиб бораётган сиёсат билан боғламасликка чақирди. «Фурсатдан фойдаланиб, Ғарб давлатларига Россиядаги оддий одамларга эътибор қаратишлари учун мурожаат қилмоқчиман», деди у. Пивоваровнинг сўзларига кўра, оддий руслар, ташвиқот уни қандай кўрсатишга ҳаракат қилмасин, урушни қўллаб-қувватламайди, лекин улар қўллаб-қувватлашга муҳтож, чунки мамлакатдаги ҳозирги шароитда шунчаки омон қолишга ҳаракат қилмоқдалар. У Ғарб давлатларини, жумладан, Украинадаги урушни қўллаб-қувватламайдиган оддий русларнинг виза олишини қийинлаштирмасликка чақирди.

Иля Яшин қамоқхонада бўлган биринчи куниданоқ у ҳеч қандай алмашинув рўйхатига киритилмаслигини сўраганини айтди. Яшиннинг сўзларига кўра, у Россияда қолиш ҳуқуқи учун сўнгги кунгача курашган.

“Алмашишдан бир неча кун олдин «ФСИН» ходимлари камерамга келиб, афв сўраш тўғрисидаги аризага имзо чекишини талаб қилишди, аммо «мен золим деб билганлардан ҳеч қачон кечирим сўрамаслигим аниқ эканини айтдим», — деган Яшин.

У ўзининг мамлакатдан чиқариб юборилишини ноқонуний деб билишини таъкидлади.

Камала Ҳаррис етарли овоз тўплади

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Демократик партия делегатлари ўртасида онлайн овоз бериш жараёнида шу йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида партия номзоди сифатида расман кўрсатилиши учун етарлича қўллаб-қувватланди.

Бу ҳақда Демократлар миллий қўмитаси раиси Жейми Ҳаррисон маълум қилди ва натижалар ҳали расмий эмаслигини таъкидлади.

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден бу воқеалар ривожини олқишлади. «Мен қабул қилган энг яхши қарорлардан бири Камала Ҳаррисни вице-президент этиб танлаганим бўлди. У энди бизнинг партиямиз номзоди бўлади ва мен бундан фахрланаман», деб ёзди у Facebook’да.

Демократик партия делегатлари қабул қилган электрон сайлов бюллетенларига фақат Камала Ҳарриснинг исми киритилган. Расмий равишда президентликка номзод сифатида кўрсатилиши учун уни камида 1976 делегат қўллаб-қувватлаши керак эди. Виртуал овоз бериш 5 август куни кечқурун тугайди.

Демократик партия қурултойи 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади. Бироқ Камала Ҳаррис номзоди олдиндан расман тасдиқлангани туфайли у ерда овоз бериш шунчаки расмиятчилик бўлади.

Қотиллик буюртма қилган сенатор

Россияда Тула вилоятидан сайланган сенатор Дмитрий Савелйев Федерация кенгаши йиғилишидан чиқаётган вақтида прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинди. У пул ваъда қилиш эвазига қотилликка тайёргарлик кўрганликда гумон қилинмоқда.

«Бош тергов бошқармаси россиялик сенатор Дмитрий Савелйевга нисбатан қотилликка тайёргарлик кўргани учун жиноий иш қўзғатди», дейилади расмий хабарда.

Москванинг Басманний район суди тергов талабига биноан Савелйевни 2 октябргача ҳибсга олди.

Тергов маълумотларига кўра, «шахсий душманлик асосида» Савелйев 2023 йил август ойида Москвада 100 минг доллар пул эвазига ўз бизнес шериги Ионовга суиқасд уюштирмоқчи бўлган. Ионов гўёки улар биргаликда бошқарган компаниядан пулларни исроф қилган.

Сенаторнинг таниши унинг топшириғи билан «қотиллик ижрочисини топишга ҳаракат қилди», бу Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълум бўлди.

«Коммерсант» суҳбатдошларига кўра, россиялик сенатор жиноятни воситачилар орқали уюштирган ва улар ФСИН собиқ ходимини «қотил сифатида» ёллаган. Бироқ, буйруқни олгач, у ФСБ билан боғланиб, кейин ходимлар назорати остида ҳаракат қилган. Қотилликни саҳналаштириб, ижро учун пул олинаётганда Савелйевнинг ёрдамчиси қўлга олинган.

Энди сенаторнинг дахлсизлиги олиб ташланди, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид