Жамият | 15:51 / 03.08.2024
6678
7 дақиқада ўқилади

Иссиқ сувдан харажатсиз фойдаланиш мумкинми? Қуёш сув иситкичлари ҳақида

Самарали ва тежамкор ечим бўлган қуёш сув иситкичлари ҳақида нималарни биламиз? Улар қуёш энергиясидан фойдаланиб, иссиқ сув таъминотини таъминлайди, электр энергияси сарфини камайтиради ва экологик тоза ҳисобланади. БМТТДнинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси иссиқ сув таъминотида самарадорлик ва мустақилликка эришишнинг янгича йўли – қуёш сув иситкичлари ҳақида маълумот беради.

Қуёш сув иситкичлари ва турлари

Қуёш сув иситкичлари – бу қуёш нурини иссиқликка айлантириш орқали иссиқ сув ишлаб чиқарадиган қурилма ҳисобланади. Унда қуёш энергиясини йиғиш учун мўлжалланган қуёш коллекторлари деб аталадиган панеллар ҳамда қувурлар бўлади. Коллекторлар қуёшдан тушадиган ёруғликнинг инфрақизил қисмини иссиқликка айлантиради.

Қуёш сув иситкичларининг икки хил тури мавжуд: фаол ва пассив. Пассив тизимлар иссиқликни коллектор панеллардан сув сақлаш идишига ўтказишда айланма насослар ва бошқарув воситаларидан фойдаланган ҳолда ишлайди.

Фаол тизимлар эса ҳеч қандай компонентларсиз ишни амалга оширади, яъни хонадон ёки корхонадаги сув таъминоти тизими сув ўтказиш учун етарли босимга эга бўлса, пассив қуёш иситкичи бундай шароитда яхши ишлайди.

Уларни ўрнатиш қанчага тушади?

Хонадонга қуёш сув иситкичини ўрнатиш - уй эгалари учун электр тўловларини камайтиришнинг энг самарали усули ҳисобланади. Қуёш сув иситкичлари қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиб, иссиқ сув етказиб бериш билан бир қаторда электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ҳам камайтиради, яъни қўштирноқ ичида айтганда “электросетга қарамлик”ни бартараф этади.

“Қуёш сув иситкичлари деярли электр энергияси ёки газ таъминоти сарфламай узлуксиз равишда иссиқ сувни етказиб беради. Яъни хонадонга бу ускунани ўрнатиб деярли 9 ой давомида текинга иссиқ сувдан фойдаланиш дегани. Айниқса ёз кунларида ортиқчаси билан етказади.

Уларни ўрнатиш кўп вақт олмайди. Бу ускуна ичидаги сув ҳажми билан 250 кг ни ташкил қилади, шундан 50 кг ускунанинг оғирлиги ҳисобланади. Бунда 200 литр сувнинг оғирлиги ҳамма жойга тақсимланади ва бу билан хонадоннинг том қисмига оғирлиги тушмайди. Уни ўрнатишда қуёш тушишини ҳисобга олиш керак. Қуёшдан келаётган инфрақизил нурлар ускунадаги вакуум чироқнинг юзасига тушади, у иссиқликни сувни иситадиган мис найчага ўтказади. Ўрнатиш учун бинонинг катталигига қараб 1 кун вақт кетади.

Бундан ташқари қуёш сув иситкичларини хонадонларни иситиш воситаларига ҳам мослаштирса бўлади. Бунинг ўзига яраша талаблари бор. Масалан, уйга иссиқ пол ёки иссиқлик изоляцияси ўрнатилган бўлса бемалол қуёш сув иситкичлари орқали уйни иситиш мумкин. Албатта, қишнинг ўта совуқ кунларида тўлиқ иситмаслиги мумкин. Лекин қуёш паст ҳароратда бўлса ҳам ёритиб турган кунларда иссиқлик етказиб беради.

Қуёш сув иситкичларига ишлаб чиқарувчи томонидан 15 йил кафолат берилган. Агар ташқи таъсирлар ҳисобига зарарланмаса, яъни устига бирор нарса тушиб кетмаса ёки шунга ўхшаш зарарлар етмаса бемалол 15-20 йил давомида ишлаб беради.

Афзалликлари шундаки, сиз умуман газ ёки ток ишлатмасдан иссиқ сувдан фойдаланасиз. Яшаб турган ҳудудингизда электр ёки газ ўчганда ҳам сиздаги 200 литр сув бемалол хонадонингизни таъминлай олади”, дея таъкидлайди соҳа мутахассислари.

Қуёш сув иситкичлари фақат хонадонлар учун эмас, уни исталган биноларда ўрнатиш ва фойдаланиш мумкин.

Қуёш сув иситкичларида иситилган сув инсонга зарарлими?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуёшли жойларда нисбатан кичик қуёш сув иситкичи ёрдамида ҳам иссиқ сув ҳосил бўлиши мумкин. Бироқ, совуқроқ ҳудудларда фаок куеш коллекторларидан фатдаланиш керак, минус 35 даража ишлай оладиган.

Шунингдек, қуёш сув иситкичи ўрнатиладиган жой, асосан, жанубга қараган бўлиши мақсадга мувофиқ саналади.

Маълумки, қуёш энергияси миқдори йил давомида ўзгариб туради. Шу боис, Ўзбекистон шароитида қуёш иссиқлик панеллари ёзда иссиқ сувнинг 80-90% ни, қишда эса 20-30% ни ишлаб чиқариши мумкин – бу дегани қурилма йил давомида ўртача 80% гача иссиқ сувга бўлган эҳтиёжларингизни қоплаб беради.

Тиббиётда офтобда қолган сувни истеъмол қилиш зарарли дейилади. Аммо бу ускуналарда сув тўғридан тўғри қуёшда иситилмайди. Балки қуёш нурларидан олинган иссиқлик туфайли иситилади. Шундай экан, қуёш сув иситкичларидаги сув инсон саломатлиги учун безарар.

Қуёш сув иситкичлари, яъни коллекторлар вакуум шишалар ҳамда иссиқ сув аккумуляторидан, яъни термосдан иборат бўлади. Қурилмадаги сув сақлаш идиши сув ҳароратининг узоқ муддат давомида иссиқ туришини таъминлайди. Қишда ҳаво ҳарорати 0 °С даражадан паст бўлганда сув сақлаш идишидаги иссиқлик йўқотилиши 3−6°С даража бўлиши мумкин. Яъни агар тунда коллекторда сув ҳарорати + 60 °С бўлса, тонггача бу кўрсаткичнинг +55°С гача пасайиш эҳтимоли мавжуд.

Мис иссиқлик қувурлари (heat pipe) билан жиҳозланган фаол турдаги қуёш коллекторлари уйларни иситиш ва сув иситиш учун муваффақиятли қўлланилиши мумкин. Йилига 300 кун қуёшли ва иситиш даври 150 кун бўлган Ўзбекистонда соф бепул қуёш энергиясидан фойдаланиш зарур. Қуёш коллекторлари ва сув иссиқлик насосларидан фойдаланганда биз уйимизни катта энергия харажатларисиз иссиқ сув ва иситиш билан таъминлаймиз.

Энергия нархи кўтарилган ҳозирги вақтда, ушбу ускунанинг тўлов муддати камаяди ва 3-4 йилга етади. Бундай комбинация билан уйни иситиш учун сарфланган маблағ газ билан иситиш учун сарфланган маблағга тенг бўлади.

Ушбу ускуна яхши ва узоқ вақт ишлайди, таққослаш учун музлатгич ёки кондиционерни олайлик. Энергия нархи ошиши билан сиз уйни иситиш ва иссиқ сув олиш учун маблағларингизнинг кам сарфланишидан ҳайратда қоласиз. Сизга кўп йиллар давомида хизмат қиладиган мустақил энергия тежамкор тизимга эга бўласиз. Бугунги кунда бу сизнинг харажатларингизни камайтириш ва имкон қадар тезроқ ўз-ўзини қоплашга ўтишнинг ягона йўлидир.

Қуёш сув иситкичларини ўрнатиш учун Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури доирасида аҳоли яшаш хонадонлари учун ҳам субсидиялар тақдим этилади.

Бунда қуёш сув иситкичлари тўплами учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5 % субсидия тақдим этилади. Субсидия ҳақидаги барча маълумотларни телеграм каналидан олиш мумкин: https://t.me/BMTTDsubsidiyasi

Мавзуга оид