Иқтисодиёт | 08:56 / 03.08.2024
4001
5 дақиқада ўқилади

«Жорий йил якунида базавий инфляция 6-7 фоиз, умумий инфляция эса 9 фоиз атрофида бўлади» — Марказий банк

Марказий банк 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,7-6,2 фоиз атрофида бўлишини прогноз қиляпти. Биринчи ярим йилликда бюджет харажатлари ўтган йилга нисбатан 16 фоизга ошган. Харажатлар динамикаси бюджет тақчиллигини мўътадил даражада сақлаб қолиш учун зарур бўлган кўрсаткичдан юқорилигича қоляпти. Жорий йил охиригача хориждан пул ўтказмалари миқдори ҳам 20-25 фоиз атрофида кўпайиши мумкин. 

Фото: Kun.uz

Июн ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилган. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этяпти. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган «2024 йилнинг II чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.

Макроиқтисодий прогнозлар

Янгиланган прогнозларга кўра, 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,7-6,2 фоиз атрофида (апрелдаги прогнозларга нисбатан 0,5 фоиз бандга юқори) бўлиши кутиляпти.

Иқтисодий ўсиш прогнози ошишига I ярим йилликда шаклланган ички ва ташқи иқтисодий фаолликнинг юқори бўлгани, инвестициялар оқими ошиб бораётгани, инфляциянинг барқарор компонентларида пасаювчи тенденциясининг давом этиши фонида аҳоли реал даромадларининг ошиб бориши асосий омиллар сифатида келтирилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фискал мақсадлардан келиб чиқиб, консолидациялашган бюджет тақчиллигининг ЯИМга нисбати жорий йилдаги 4 фоиздан, 2025 йилдан бошлаб 3 фоиздан ошмаслигини прогноз қиляпти.

Ташқи савдо

Геосиёсий вазиятдаги ноаниқликларнинг давом этиши ва жорий йилнинг II ярмида етакчи марказий банклар томонидан пул-кредит шароитларининг кутилаётган юмшатилиши натижасида олтинга бўлган талаб юқорилигича сақланиб қолади ва жорий нархнинг юқори даражада шаклланишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, экспорт ҳажми ўсиши II ярим йилликда ҳам барқарор давом этиши бўйича эҳтимолларни оширади.

«Уран ва мис бўйича жаҳон нархининг ўтган йилга нисбатан сезиларли юқори шаклланаётгани ушбу товарлар экспорти ўсишини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, жаҳонда пахта ҳосилдорлиги бўйича юқори кутилмалар нархнинг пасайишига олиб келиши ва текстил маҳсулотлари экспорти бўйича тушумларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, ҳамкор давлатларда иқтисодий ўсиш прогнозларининг оширилиши экспорт товарларига ташқи талабни кучайтиради. Юқоридаги омиллар ҳисобига жами экспорт ўсиши 9-12 фоизни, олтинсиз экспорт ўсиши эса 11-13 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда», дейилади МБ шарҳида.

Глобал инфляция даражасининг пасайиб бориши, ташқи вазиятнинг бирмунча нормаллашуви, Хитойда ишлаб чиқарувчилар нархлари дефляцияси ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланиши импорт нархларига қўшимча босимлар вужудга келмаслиги бўйича эҳтимолларни оширмоқда. Жорий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда импорт ўсиши аввалги прогнозлар даражасида йил якуни бўйича 10-12 фоиз даражасида шаклланиши кутилмоқда. Фискал консолидация ва кредит ўсишининг мувозанатлашуви шароитида импортга бўлган босим камайиши мумкин.

Энергетика, нефт ва хизматлар импортида ўсиш суръатлари давом этса, юқори база эффекти туфайли машина ва ускуналар импорти ўсиши нисбатан барқарорлашиши кутиляпти.

Инфляция

Жорий йил якунида базавий инфляция 6-7 фоиз, умумий инфляция эса 9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Прогнознинг пасайишига базавий инфляциянинг аввалги прогноздан пастроқ баҳоланиши ҳамда мева-сабзавотлар нархлари пасайиши бўйича кутилмалар асосий ҳисса қўшган. Инфляция прогнозларининг пасайиш томонга қайта кўриб чиқилгани келгуси чоракларда истеъмол фаоллигининг барқарорлашиши ҳисобига талаб инфляциясининг оширувчи босимлари камайиши, шунингдек, ички ва ташқи таклиф омилларининг яхшиланиши фонида таклиф хатарлари камайиши кутилаётгани билан изоҳланади. 

Пул ўтказмалари ва меҳнат бозори

Жорий йилнинг январ-июн ойларида пул ўтказмаларининг умумий оқими 6,5 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ошди. Пул ўтказмаларининг сезиларли ўсишини чет элдаги меҳнат муҳожирлари учун анъанавий бўлган мамлакатлар валюталарининг нисбатан барқарорлиги, иш ҳақининг ошиши, аксарият қабул қилувчи мамлакатларда юқори иқтисодий фаоллик ва ишчи кучига барқарор талаб билан изоҳланган.

Пул ўтказмалари 2024 йил охиригача 20-25 фоиз атрофида ўсиши прогноз қилиняпти. 

Фискал ҳолат

Дастлабки маълумотларга кўра, биринчи ярим йилликда давлат бюджети тақчиллиги 29 трлн сўмга тенг бўлган. Биринчи ярим йилликда даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ошиб, 121 трлн сўмни ташкил этган бўлса, харажатлари қарийб 150 трлн сўмга етган (16 фоизлик ўсиш). Бунда, харажатлар динамикаси бюджет тақчиллигини мўътадил даражада сақлаб қолиш учун зарур бўлган кўрсаткичдан юқорилигича қолган. Молиявий шароитларнинг юмшаши бўйича бозор иштирокчилари кутилмалари фонида II чоракда бюджетни молиялаштириш ички манбалардан қисман ташқи манбаларга ўтиши кузатилган. Май ойида 1,55 млрд доллар миқдорида еврооблигациялар жойлаштирилган.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид