Жаҳон | 15:27 / 03.08.2024
3839
3 дақиқада ўқилади

Россия ҳудудларига ўнлаб учувчисиз учоқлар ҳужум қилди

Ростов вилоятида омборлар ёнмоқда, деди губернатор Голубев. Белгород вилояти ҳукумати нефт омборида ёнғин чиққани ҳақида хабар берди. Орёл вилоятида дронлар турар жой биносига урилган.

Фото: Efrem Lukatsky/AP/dpa/picture alliance

Ростов вилоятига учувчисиз учиш аппаратлари ҳужум қилди. Каменский ва Морозовск туманларидаги омборларга зарар етди, деди вилоят губернатори Василий Голубев. Муассасаларда ёнғин содир бўлган ва фавқулодда хизматлар унга қарши курашмоқда, дея қўшимча қилди расмий

Морозовск туманида бир нечта ижтимоий объектлар, жумладан, мактаблар ва болалар боғчалари, шунингдек, турар жой ва ишлаб чиқариш биноларида ойналар синган, дея тушунтирди Голубев. У қурбонлар ва жабрланганлар йўқлигига ишонтириб, ҳаво ҳужумида Украинани айблади.

Astra: Аэродром ва Росрезерв корхонасида ёнғин 

Морозовск яқинидаги ҳарбий аэродром ҳаво ҳужуми объекти бўлди, деб ёзади Astra ва Mash Telegram-каналлари маҳаллий аҳолига таяниб. Эълон қилинган видеоларда бинолар ёнаётганини кўриш мумкин. Гувоҳларнинг тахминига кўра, ўқ-дорилар омборлари ёки ёнилғи баклари ёниб кетган. 

Каменский туманида Давлат захиралари федерал агентлиги (Росрезерв)нинг «Атлас» заводи ҳудудида ёнғин содир бўлди, дея хабар беради Astra суҳбатдошлари. Ушбу корхона нефт маҳсулотларини сақлашга ихтисослашган, 2020 йил август ойида заводда Россия Мудофаа вазирлиги ва Росрезерв ўртасида қўшма машғулотлар бўлиб ўтганди, дея аниқлик киритади «Земля» газетаси. 

Россиянинг бошқа ҳудудларига ҳаво ҳужумлари

Орёл вилоятида иккита дрон Болховский микрорайонидаги турар жой биносига урилган, бир киши жароҳатланган, деди вилоят губернатори Андрей Кличков. Унга кўра, яна 17 та дрон уриб туширилган.

Белгород вилоятида Губкинский шаҳар округидаги нефт базасида учувчисиз учоқ ҳужуми пайтида ёнғин содир бўлди, деди вилоят губернатори Вячеслав Гладков. Кейинроқ Белгород вилоятидаги иккита аҳоли пункти ҳужумга учраган: бир киши жароҳатланган, учта машина шикастланган, деди расмий.

Рязан вилояти осмонида иккита дрон уриб туширилди, деди губернатор Павел Малков. Ҳеч ким жабрланмаган, деди у. Воронеж вилоятида битта дрон уриб туширилган, қурбонлар йўқ, деди губернатор Александр Гусев.

Мудофаа вазирлиги муносабати

3 август куни Москва вақти билан соат 12:00 га келиб Россия Мудофаа вазирлиги 77 та самолёт типидаги учувчисиз учиш аппарати йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Департамент маълумотларига кўра, Ростов вилоятида 36 та, Курск вилоятида 8 та, Белгород вилоятида 11, Орёл вилоятида 17 та, Рязан вилоятида иккита ва Воронеж вилояти, Азов денгиз ҳамда Краснодар ўлкасида биттадан учувчисиз учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган. 

Курск вилояти расмийлари уриб туширилган олтита учувчисиз учоқ ҳақида хабар берди, аммо ҳужум оқибатлари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Краснодар ўлкаси раҳбарияти ҳаво ҳужуми ҳақида изоҳ бермади.

Мавзуга оид