Ўзбекистон | 16:05 / 03.08.2024
22132
10 дақиқада ўқилади

Судлар “амнистия” воситасига айлантириб олган модда. Нега жазонинг муқаррарлиги таъминланмаяпти?

Инсон ўлимига олиб келган ЙТҲлар ҳайдовчининг айби билан содир этилган бўлса ҳам одатда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киритилади ва судлар томонидан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тартиби қўлланади. Жиноят кодексидаги ушбу “туйнук” бир оилани боқувчисидан ёки ота-онани фарзандидан айираётган ҳайдовчиларга “праваси”ни кўп ўтмай қайтариб олиш имконини бермоқда.

Фото: Kun.uz

Бирор жиноят содир этган шахс учун жазо тайинлангани ҳақида эшитамиз. Аммо уни қандай ўтайди, қанчасини ўтайди, билмаймиз. Жиноят қонунчилиги шу қадар “юмшоқ”ки, жазонинг муқаррарлигини таъминлайди, холос - унинг тўлиқ ўталишини эмас. Жиноят кодексида 73-модда бор. Унда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш назарда тутилади.

Ушбу моддадан йўл транспорт ҳодисаси содир этиб, инсон ўлимига сабаб бўлган шахсларнинг устомонлик билан фойдаланганларини аниқ мисолларда кўриб чиқамиз.

ЙТҲ содир этиб, одам ўлимига сабаб бўлган ҳамда суд ҳукми билан маълум муддат машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳайдовчилар жазонинг учдан бир қисмини ўтаб, “праваси”ни осонгина олиб кетмоқда. Бунга мисоллар талайгина.

Биринчи ҳолат

2023 йил 23 июл куни Дўстлик туманида ЙТҲ содир бўлган. 1987 йилда туғилган, Мирзачўл туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишловчи З.З. Onix машинасини бошқариб бораётиб, йўл четида тўхтаб турган пиёда А.В.ни уриб юборган. Оқибатда пиёда икки кун ўтиб шифохонада вафот этган.

Судга оид автотехника экспертизасининг хулосасига кўра, ушбу ЙТҲда ҳайдовчининг ҳаракатлари йўл ҳаракати қоидалари талабига зид бўлган. ЖИБ Дўстлик туман судининг 2023 йил 13 сентябрдаги ҳукми билан З.З. Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган. Унга 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман суди раиси, судя А.Умурзоқовнинг 2024 йил 9 июлдаги ажрими билан З.З. тайинланган муйян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган ва унинг автомобилни бошқариш ҳуқуқи қайтариб берилган.

Иккинчи ҳолат

2022 йил 14 август куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 1999 йилда туғилган Ж.Э. туманнинг Торинжак маҳалласи ҳудудида Nexia машинасини йўлнинг қарама-қарши йўналишида бошқариб, Labo машинаси билан тўқнашув содир қилган. Оқибатда Labo ҳайдовчиси вафот этган.

Ж.Э.га суд ҳукми билан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судисудяси Э.Қаршиевнинг 2024 йил 25 июлдаги ажрими билан Ж.Э. ўталмай қолган 1 йил 5 ой 17 кун машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли озод этилган.

Учинчи ҳолат

Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманида 2023 йил 31 январда содир бўлган ЙТҲда эса ҳайдовчи М.Н. йўл четида кетаётган велосипед ҳайдовчисини уриб юборган. Айнан ҳайдовчининг айби билан содир бўлган ЙТҲда велосипедчи воқеа жойида вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Шуманай туман судининг 2023 йил 19 июлдаги ҳукми билан М.Н.га 2 йил муддат транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ўтказиш шарти билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Бироқ жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди раиси, судя Ш.Шамамбетовнинг 2024 йил 18 июлдаги ажрими билан М.Н. ўталмай қолган 1 йил 23 кун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли озод этилган.

Тўртинчи ҳолат

2021 йилнинг 10 ноябр куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг Зарафшон маҳалласи ҳудудидаги ички йўлда 1965 йилда туғилган Н.К. Cobalt машинасини бошқариб бораётиб, йўл четида кетаётган икки вояга етмаган қизалоқни уриб юборган. Пиёдалардан бири воқеа жойида вафот этган, иккинчиси шифохонага ётқизилган.

Суд ҳужжатида ушбу ЙТҲда ҳайдовчи амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг бир нечта бандини қўпол равишда бузгани кўрсатилган. Айнан ҳайдовчининг айби билан ёш қизнинг умри хазон бўлган.

2022 йил 24 январ куни ЖИБ Ғиждувон туман судининг ҳукми билан ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони ўташ муддати 2022 йил 7 январдан бошлаб ҳисобланган.

Аммо тайинланган жазонинг ўталмай қолган 3 йил 9 ойи жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман суди ажрими билан Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ўтказиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди судяси А.Рахимовнинг 2024 йил 22 июлдаги ажримига кўра эса ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмай қолган 2 йил 5 ой 22 куни Жиноят кодекси 73-моддаси 3-қисмининг “а” бандига асосан шартлига алмаштирилиб, ҳайдовчи озод қилинган.

Афсуски, бу каби ҳолатларни истаганча учратиш мумкин. Юқорида ҳар хил вазиятда содир этилган ЙТҲлардан бир нечтасини мисол сифатида келтирдик холос.

Охири кўринмаётган “авария”лар

Ўзбекистон йўлларида машина бошқариш, машинага йўловчи сифатида миниш тобора хавфли бўлиб бормоқда. Буни ҳар куни республиканинг турли ҳудудларида содир бўлаётган ЙТҲлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Биргина июл ойининг ўзида йўлларга юзлаб инсонлар қони тўкилди: Каттақўрғонда Nexia уриб кетиши оқибатида эркак ва унинг 4 ёшли қизи ҳалок бўлди, Самарқандда Labo уриб юборган 9 ёшли бола шифохонада вафот этди, Навоийда 9 ёшли қизни машина босиб кетди, Қорақалпоғистонда содир бўлган ЙТҲда 8 киши ҳалок бўлди, Фарғонада содир бўлган ЙТҲда икки киши вафот этди. Булар ОАВда эълон қилинган “авария”ларнинг айримлари холос.

Реакция нол, ташаббус йўқ

ЙТҲларни камайтириш бўйича билдирилган таклифлар ҳамон таклифлигича қолмоқда. Бу ҳақда фаоллар ҳам бир неча бор ёзишди.

Жумладан, блогер Никита Макаренко 2018 йилда йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тугатилиши кераклиги ҳақида ёзганини, ҳозир ҳам шу фикрида қолганини, 6 йил ўтган бўлса ҳам масъуллар автоҳалокатларни камайтириш борасида бирор ишни амалга оширмаган деб ҳисоблашини билдирган.

Стратегия йўқ, реал режалар йўқ, хавфсиз кўчалар йўқ, бирортаси йўқ. Жазонинг муқаррарлиги ҳам йўқ, бундай яшаб бўлмайди.

Бутун Ўзбекистон Навоийда автомобил ғилдираклари орасида қолиб, вафот этган қизалоқни муҳокама қилмоқда. Ҳеч қайси машина уни ўтказиб юбориш учун пиёдалар йўлагида тўхтамади. Бу ўлим (қолган ҳаммаси)га нафақат ҳайдовчилар, балки қотил ҳайдовчиларга нисбатан ҳақиқий чораларни кўра олмаётганлар ҳам айбдор”, деб ёзганди у.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса бу борада қонунчиликда тизимли ўзгаришлар қилиниши зарурлигини таъкидлаган. У масъуллар муаммони ҳал қилиш учун хоҳиши йўқлигига ишора қилган.

Ўтган йили ҳайдовчилар учун жарима баллари тизимини жорий этишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Аслида бу тизим 2022 йил 1 декабрда ишга тушиши керак эди, бу ҳақда президент қарорида айтилганди. Лекин 1 ярим йилдан буён қарор талабини бажаришмаяпти. 2023 йил ноябр ойига келиб, бу ҳақдаги қонун Парламентда кўриб чиқилишни бошлади.

Мана шу яхши қонуннинг ҳам бошига етишди. Энг аввало айрим мансабдорлар қонуннинг ичига умуман мазмунан мос келмайдиган Конституцияга зид битта моддани қўшиб юборишган. Яъни орган ходимини видео ва фототасвирга олиб, интернетга жойлаш мумкин эмас, деган қоидани тиқишган. Ваҳоланки, бу қоида Конституциядаги ахборот олиш ва тарқатиш ҳамда сўз эркинлигига зид. Ички ишлар вазирлиги қилганми буни ёки бошқа ташкилотнинг буюртмаси бўлганми, маълум қилинмади”, деган Худойбердиев.

Таклиф

Жиноят кодексидаги “туйнук”ларни ЙТҲ содир этиб, инсон ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчилар учун “ёпиб” қўйиш зарур. Яъни жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўлланмайдиган жиноят турлари рўйхатига одам(лар) ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини ҳам киритиш керак.

Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш, айниқса инсон ўлимига сабаб бўлганлик учун жазо чоралари кучайтирилмас ҳамда тайинланган жазо тўлиқ ўталиши таъминланмас экан, йўлларга инсонлар қони тўкилишда давом этади. Маст ҳолатда ёки “ўпкасини босолмай” машина ҳайдайдиган қотиллар жазо тайинлангач бир йил ўтмай яна йўлларда пайдо бўлаверади.

Сўзимиз якунида юқорида санаганимиз ҳолатларга судлар нега йўл қўяётганини савол остига олмоқчимиз: Бағрикенгликми, таниш-билишчиликми ёки коррупция? Буниси ўша судя ва шу ишга аралашган тор доира одамларгагина аён. Судяларга инсоф, қонун ижодкорларига эса тезроқ кўзларини очишларини тилаб қоламиз.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид