Жаҳон | 09:01 / 03.08.2024
5788
2 дақиқада ўқилади

Холид Машал: ҲАМАС музокаралар олиб бормайди, ён босмайди ва Исроилни тан олмайди

Ўлдирилган Ҳания Фаластин, унинг халқи ва Қуддус учун ҳақиқий етакчи сифатида хизмат қилди, деди Машал.

Фото: Picture Alliance

ҲАМАС ташқи сиёсати раҳбари Холид Машал ҲАМАС сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳаниянинг дафн маросимида «музокаралар олиб борилмайди, ён босилмайди ва Исроил тан олинмайди», деди. 

Машал Қатар пойтахти Доҳада имом Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб масжидида уюштирилган дафн маросимида нутқ сўзлади. 

Унга кўра, Ҳания Ғазо шаҳридаги Шати қочқинлар лагерида ўз халқи орасида яшаб, халқининг дарди ва қувончига шерик бўлган. «Азиз биродаримиз, йўлбошчимиз, қўмондонимиз Абу ал-Абд Исмоил Абдуссалом Ҳания етакчи бўлиб яшаб, етакчи бўлиб ўлимга дуч келди», деди Машал. 

Ўлдирилган Ҳаниянинг Фаластин, ўз халқи ва Қуддусга ҳақиқий етакчи сифатида хизмат қилганини таъкидлаган Машал шундай қўшимча қилди: «Ҳания бош вазир вазифасини бажарди. У бошиданоқ халқи орасида эди». 

Ҳания кетди, унинг ўрнини бошқалар эгаллайди 

Машал: «Исроил содир бўлган воқеадан ҳеч қандай сабоқ олмади. Улар бир аср давомида бизнинг раҳбарларимизни ўлдиришди. Ҳания кетди, унинг ўрнини бошқалар эгаллайди, шунинг учун халқимиз озодлик йўлида давом этади», дея маълум қилди.

Бу Фаластин халқини фақат кучайтириб бораётганини иддао қилган Машал шундай давом этди: «Улар билишлари керак, биз ҳаммамиз бунга тайёрмиз. Биз курашимизни давом эттирамиз». 

Мавзуга оид