Жаҳон | 12:00 / 04.08.2024
9736
2 дақиқада ўқилади

“Ҳизбуллоҳ” ўнлаб ракеталар билан Исроил шимолига ҳужум қилди

Галилей яримороли узра кўплаб ракеталар Исроилнинг “Темир қубба” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани айтилмоқда.

Фото: The Times of Israel

The Times of Israel нашрининг хабарига кўра, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Ливандан туриб Исроил ҳудудига ёпирилма ракета зарбаси уюштирган.

Нашр маълумотларига кўра, Галилей яримороли узра “Темир қубба” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учирилган ракеталарнинг катта қисмини тутиб олган. Кирят-Шмона ва унга яқин бир неча аҳоли пунктларида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналлари чалинган.

Бир қатор ОАВлар Исроилга қарата ўнлаб ракеталар учирилганини ёзаётган бўлса, айримлар уларнинг сонига аниқлик киритиб, ракеталар 50 та бўлганини айтишмоқда.

Бунгача, 3 август куни кечқурун ЦАҲАЛ “Ҳизбуллоҳ”нинг Ливан жанубидаги Кфаркела туманидаги объектларига зарба берганини хабар берган эди. Зарбалар инфратузилма объектлари ва ҳарбий тузилмаларга қарата берилгани хабар қилинмоқда.

“Бугун Исроил ҲҲК самолётлари Дайн Сарян ҳудудида “Ҳизбуллоҳ” террорчисини йўқ қилган. Бундан ташқари Исроил мудофаа армияси артиллерияси Удайсса ҳудудидаги объектларга зарба берган”, — дейилади ЦАҲАЛ хабарида.

Sky News Arabiaʼнинг ғарб разведкасидаги манбаларига таяниб берган хабарига кўра, Эрон Исроилга 12-13 август кунлари ҳужум қилишни мўлжалламоқда.   

Мавзуга оид