Жаҳон | 20:50 / 04.08.2024
4376
3 дақиқада ўқилади

Исроилда Ғазо секторида қолаётган асирларни озод этишга қаратилган норозилик намойишлари бўлиб ўтди

Намойишлар Эрон ҳужуми хавфи юзага келган Яқин Шарқдаги кескин вазиятга қарамай давом этмоқда.

Фото: AP

Исроилдаги минглаб фуқаролар ҳукуматдан Ғазо секторида тутқунликда қолаётган асирларни зудлик билан озод этишни талаб қилиб яна оммавий норозилик намойишига чиқди. Намойишлар Эрон ҳужуми хавфи юзага келган Яқин Шарқдаги кескин вазиятга қарамай давом этмоқда.

Одамларнинг катта қисми Тел-Авив шарқидаги ҳукумат бинолари жойлашган ҳудудда тўпланган. Ҳар шанба куни Каплан кўчасидаги Мудофаа вазирлиги биноси қаршисида ўтаётган митинг бу сафар хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинди. Аммо ҳукуматга қарши бир неча гуруҳлар барибир ўз тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақирган. 

Намойишчилар «Асирлар бўйича битимнинг бузилишига йўл қўймаймиз!» шиори остида кўчаларга чиққан бўлиб, уларнинг қўлларида Ғазо секторида 300 кундан зиёд асирликда қолаётган исроилликларнинг суратлари туширилган плакатларни кўриш мумкин. Намойишчилар фаластинликларнинг асирларни озод этиш борасидаги талабларини қабул қилиниши сўраш билан бирга, яна бир бор Бинямин Нетаняху ҳукуматининг истеъфо бериши ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқда.

Минтақадаги вазиятнинг кескинлашуви

Яқин Шарқдаги вазият охирги кунларда Теҳронда ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания ҳамда «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги шиалар ҳаракати бош ҳарбий қўмондони Фуад Шукур ўлдирилганидан кейин кескинлашди.

ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» мазкур ҳужумларда Исроилни айблаб, бу жавобсиз қолмаслигини маълум қилди. Исроил Ҳаниянинг ўлимини жавобсиз қолдирди, бироқ Шукур 12 кишининг ўлимига сабабчи бўлган Голан тепаликларидаги Маждал-Шамс қишлоғи ўққа тутилганига жавобан йўқ қилинганини билдирди. «Ҳизбуллоҳ» ушбу воқеага алоқадорлигини рад этмоқда.

Ғазо секторидаги асирлар

Исроил томонининг сўнгги маълумотларига кўра, Ғазо секторида 115 киши тутқунда қолмоқда. Улар ҲАМАС ҳарбий қанотининг 2023 йил 7 октябрь куни Исроилга уюштирган ҳужуми вақтида асирга олинган.

31 май куни АҚШ президенти Жо Байден Ғазода босқичма-босқич тинчликни таъминлаш бўйича янги битим шартларини эълон қилганди. Унда олти ҳафта давомида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик асирларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган юзлаб фаластинлик маҳбусларга алмашиш кўзда тутилган эди.

Мавзуга оид