Ўзбекистон | 22:05 / 05.08.2024
8008
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: Диёра, биз сен билан фахрланамиз, баракалла!

Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева Остонада ўтган “Заковат” Осиё кубоги доирасидаги нутқида ўзбек ва қозоқ халқлари Олимпиадада бир-бирларини қўллаб-қувватлаётганини эътироф этди.

5 август куни Остона шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон билимдонлари ўртасида “Заковат” Осиё кубоги бўлиб ўтди. Баҳслардан олдин Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева сўзга чиқди.

У ўз сўзида Парижда давом этаётган Олимпиада ўйинларида ўзбекистонликлар ва қозоғистонликлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаётганини эътироф этди.

“Сўнгги кунларда қозоғистонликлар ўзбек спортчиларининг ғалабасига қанчалик хурсанд бўлаётганини, бизнинг мухлисларимиз эса сизнинг чемпионларингизни олқишлаётганини интернетда бир кўринг. Олимпиададаги биринчи олтин медалларни қозоғистонлик Елдас Сметов ва ўзбекистонлик Диёра Келдиёрова қўлга киритдилар.

Рухсатингиз билан шу саҳнадан туриб, яна бир марта таъкидламоқчиман: Диёра, биз сен билан фахрланамиз, баракалла!

Умид қиламанки, Диёра мамлакатимизнинг минглаб қизларига ибрат бўлади”, – деди президент ёрдамчиси.

Саида Мирзиёева аёллар ҳуқуқлари мавзуси ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистонда актуал эканини таъкидлади.

“Аёллар ҳуқуқлари... Илгари бу борада гапириш уят ҳисобланган. Биз маиший ва иқтисодий зўравонлик, шилқимлик ҳақида сукут сақлаганмиз. Аёллар ўзини ҳимоя қилиш имконига эга эмасди. Жамият ҳамма вазиятда уларни айблаган. “Уят!” – битта жавоб шу эди. Бугун Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам маиший зўравонликка қарши қонунлар қабул қилинган ва бу бизнинг умумий ютуғимиздир”, – деди у.

Мирзиёевага кўра, ҳали кўплаб муаммолар борки, уларни ёлғиз ҳал қилиб бўлмайди.

“Қуриб бораётган битта умумий денгизимиз, барчамиз учун умумий бир ҳаво, битта Сирдарё... Олдимизда минтақавий хавфсизликни кучайтириш, миллий тилларимизни ривожлантириш, миллий ўзликни асраб қолиш, ёлғон хабарлар – дезинформацияга қарши кураш каби вазифалар турибди”, – деди Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси.

Мавзуга оид