Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сайлов арафасидаги Ҳамас, ҳужумни кутаётган Исроил ва Россияда блокланган YouTube — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазода болалар ўртасида тери касалликлари шиддат билан тарқала бошламоқда. Бунга сабаб, инсонлар яшашга мажбур бўлаётган аксилсанитария шароитларидир.
Экславнинг тўлиб-тошган шифохоналари улкан юкламага тўқнаш келган. Бундан ташқари, Исроилнинг қамали сабаб Ғазода дори-дармон ва гигиена воситаларининг ўткир етишмовчилиги вужудга келган.
Бу орада Исроил Дайр ул-Балаҳдаги қочқинларнинг чодирлардан тикилган лагерига зарба берди. Зарба Ал-Ақсо шаҳидлари шифохонасининг ҳовлисида тикилган мажбуран кўчирилган фаластинликларнинг лагерига тўғри келган. Тарқатилаётган тасвирларда олов чулғаб олган чодирларни кўриш мумкин.
Маҳаллий журналистларнинг хабар беришича, ушбу зарба натижасида 3 киши ҳалок бўлган, 18 киши яраланган.
Исроил Ғазо секторидаги иккита мактабга ҳам ҳужум уюштирган. Камида 25 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Фаластинда 7 октябрдан буён тўхташ билмаётган Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 39 минг 583 нафарга етган. 91 минг 392 киши ярадор бўлган.
Сўнгги бир сутка ичида 33 киши ўлдирилган ва 118 киши яраланган.
303 кундан буён давом этаётган зулмда ўлдирилганларнинг 16 мингдан ортиғи ёш болалар. Яна 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган ҳисобланади.
7 октябрдан буён Ғазода ўлдирилган журналистлар сони 165 нафарга етган.
Ҳамас сайлов арафасида
Ҳамас Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни вақтинча тўхтатди, деб хабар беради Саудия Арабистонининг Asharq ul-Awsat газетаси.
Қайд қилинишича, бу қарор Теҳронда ўлдирилган Ҳамаснинг сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўрнига янги ворис тайинлангунга қадар кучда қолади.
Ҳамас Ҳания ўлдирилганидан сўнг янги сиёсий раҳбар сайлаш учун маслаҳатлашувларнинг кенг жараёнини бошлаганини маълум қилган. Сиёсий бюронинг янги раҳбари номи Ҳамас Маслаҳат кенгашининг йиғилишидан сўнг эълон қилинади.
Ворис учун потенциал номзодлар сифатида Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари Яҳё ас-Синвар, унинг ўринбосари Халил ал-Ҳайя, Ҳамаснинг хориждаги сиёсий бюроси раҳбари Холид Машъал, ҳаракатнинг Ғарбий Соҳилдаги етакчиси Зоҳир Жабборийн, шунингдек, Ҳамаснинг собиқ раҳбари Мусо Абу Марзуқ номлари тилга олинмоқда.
Манбаларнинг хабар беришича, Ҳамаснинг кейинги етакчисини танлашда “араб ва исломий давлатлар билан муносабатлар” ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Бироқ гуруҳ хавфсизлик важидан келиб чиқиб сиёсий бюронинг янги раҳбари номини ошкор қилмаслиги ҳам мумкин. Чунки агрессив Исроил ҳаракатнинг барча раҳбариятини жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда.
Жумладан, куни кеча Ғазодаги иқтисодиёт вазири Абдулфаттоҳ аз-Зарий унинг Дайр ул-Балаҳдаги уйига зарба берилиши оқибатида ҳалок бўлган. Зарба натижасида унинг онаси ҳам қурбон бўлган.
Эроннинг Исроилга зарбаси
Америка ва Исроил мулозимлари Эрон 5 август, душанба куни Исроил ҳудуди бўйлаб зарба бериши мумкинлигини кутишмоқда.
Axios порталининг ёзишича, Яқин Шарққа АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлигининг раҳбари Майкл Курилла етиб келган.
Генералнинг минтақага ташрифи Исроилнинг Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” билан муносабатлари қизғин ҳолатга келмасдан аввал режалаштирилган эди. Бироқ энди у ўз ташрифидан Исроилни 13 апрел кунги Эрон ҳужумидан сақланишда ёрдам берган халқаро ва минтақавий коалицияни яна бир бор сафарбар қилиш учун фойдаланиши кутилмоқда.
Axios порталининг эслатишича, Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” етакчилари Ливандаги шиалар ҳаракати бош ҳарбий қўмондони Фуад Шукур ва ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлими учун қасд олишга қасам ичган. Эрон ва Фаластин ҳаракати бу ҳаракатлар учун жавобгарликни Исроил зиммасига юклашган, бироқ Исроил ҳукумати қотилликларга алоқадорлигини тан ҳам олмаган, инкор ҳам этмаган.
Ўз навбатида, АҚШ Эроннинг Исроилга эҳтимолли ҳужуми доирасида ўзининг Яқин Шарқдаги кучлари сонини оширишда давом этмоқда, минтақага янада кўпроқ ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётларни жўнатмоқда.
Америкалик мулозимларнинг кутилмаларига кўра, Эроннинг жавоб ҳаракатлари 13 апрелда Исроилга қилинган ҳужум сценарийси бўйича бўлиб ўтади. Бироқ бу сафаргиси янада миқёслироқ бўлиши мумкин, бунда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Украинадаги F-16 самолётлари
Украинага ваъда қилинган 79 та F-16 қирувчи учоқларнинг дастлабки ўнтаси июл ойининг сўнгги кунида Россиядан мудофааланиш учун етказилди. 2024 йил охиригача Украина бу самолётлардан яна 10 тасини олиши керак, қолганлари 2025 йил давомида келади.
Учувчиларнинг инглиз тилини билмаслиги ва улар ўрганиб қолган совет давридаги Миг-29 ва Су-27 самолётларига нисбатан мураккаблиги ҳам ўз таъсирини кўрсатди, деб ёзади The Economist нашри. Яна бир муҳим кечикиш омили — F-16’ни жойлаштириш учун инфратузилмани яратишга кетган вақт.
The Economist нашрига кўра, Украинада замонавий қирувчиларнинг секин ва босқичма-босқич тўпланиши туфайли F-16 уруш кейинги боришига сезиларли таъсир кўрсатиши учун бироз вақт ўтиши мумкин. Уларни Украина ҳаво мудофаа тизимларига интеграция қилиш ва операцион тажриба орттириш ҳам вақт талаб этади.
«Бироқ F-16 келиши НАТО стандартларига мувофиқ ҳаво кучларининг ривожланиши бошланишини англатади, бу Украинани яхши ривожланган F-16 таъминот занжири билан боғлайди», деб хулоса қилади нашр.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг сўнгги ҳисоботида айтилишича, маҳаллий ҳаво устунлигини қўлга киритиш ва қуруқликдаги қарши ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун Украинага ҳар бирида 18 та қирувчи учоқлар бўлган 12 ёки ундан ортиқ эскадриля керак.
Россияга санкциялар таъсири
Bloomberg нашри ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг Urals нефти экспортида 2022 йил декабридан бери энг паст даража қайд этилган.
Июл ойида Приморск, Уст-Луга ва Новороссийск портларидан нефт экспорти кунига деярли 1,8 миллион баррелгача камайди. Бир ой аввал бу кўрсаткич 2,2 миллион баррелни ташкил қилган.
Ўтган ойда глобал нефт етказиб бериш кунига қарийб 586 минг баррелга қисқарди, деб таъкидлайди Bloomberg. Июл ойида нефт экспорти нафақат Россияда, балки Бразилия, Венесуэла ва Қатарда ҳам камайган. Бироқ Саудия ва АҚШнинг экспорт ҳажми ошган.
Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари 50 дан ортиқ рус танкерларини «ишдан чиқарди», улар ёрдамида аввалроқ мамлакат дунё бўйлаб нефт экспорт қилган, деб хабар берди Bloomberg.
Кемалар бўш туриб қолиши фактининг ўзи Ғарбда Россия нефтини ташишга халақит берадиган восита борлигини исботлайди, дея хулоса қилади нашр. Шундай қилиб, 2023 йил октябр ойидан бери санкцияларга дучор бўлган 53 та кеманинг деярли барчаси янги юк ортолмаган.
Россияда блокланган YouTube
Россияда YouTube фойдаланувчиларининг бир қисми юқори сифатли видеоларни кўришда муаммога дуч келмоқда. Муаммо Google Chrome, Opera, Mozilla Firefox, Yandex Browser каби машҳур браузерлар орқали киритилганида кузатилмоқда.
Россияда YouTube билан боғлиқ муаммолар июль охиридан бери кузатилмоқда. «Ростелеком» буни 2022 йили Украинада уруш бошланганидан бери янгиланмай келинаётган Google ускуналаридаги носозликлар билан боғлади. Ўз навбатида Google корпорацияси бу бирор-бир техник муаммо ёки улар томондан амалга оширилаётган ҳаракат натижаси эмаслигини маълум қилди.
Видеохостинг тезлиги тушиб кетганига қарамай, Россияда YouTube’нинг қамрови қисқармаган ва 82,5 миллионни ташкил этган.
Аввалроқ Россияда YouTube видеохостинги муқобили сифатида ишлаб чиқилган «Платформа» мамлакатда Google сервислари блокланиши бошлангач ишламай қолгани тўғрисида хабар берилганди.
«Платформа» Россияда 2024 йилнинг июнида YouTube’нинг ўрнини босувчи видеохостинг сифатида ишга туширилган. Rteam компанияси дастурчилари янги видеосервиснинг интерфейси ва функционаллигини максимал даражада YouTube’га ўхшаш қилиб яратган.
Россияда YouTube’га кириш тезлиги 70 фоизгача пасайиб кетган. Бундай чекловлар фақат десктоп версияларга тааллуқли экани ва ҳозирча мобил қурилмаларга таъсир кўрсатмаслиги айтилмоқда.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025