Япония Марказий Осиёга Россия ҳудудини четлаб ўтиб Европага чиқиш йўлини ташкил этишда ёрдам бермоқчи — ОАВ
Япония бош вазири Фумио Кишида шу ҳафта Қозоғистонда ўтадиган “Марказий Осиё – Япония” саммитида минтақага молиявий ёрдам пакетини эълон қилишни режалаштирган. Япон ОАВга кўра, бу қўллов, хусусан, МОдан Европага РФ ҳудудини четлаб ўтадиган савдо йўлагини ташкил этишга қаратилган бўлади. Аввалроқ шунга ўхшаш режа ҳақида АҚШ расмийси ҳам гапирганди.
Шу ҳафта Қозоғистонда 5+1 форматидаги “Марказий Осиё – Япония” илк мулоқоти бўлиб ўтади. Бу учрашувда Япония бош вазири Фумио Кишида минтақа учун иқтисодий кўмак пакетини эълон қилишни режалаштирмоқда, дея хабар тарқатди The Japan Times.
Нашрнинг ҳукуматдаги манбаларига асосланиб ёзишича, бу ёрдам пакети Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Европа билан боғлайдиган савдо йўлагини ташкил этишга йўналтирилади.
Япон ҳукумати шу тарзда Россия ва Хитой таъсири остидаги минтақага иқтисодий мустақилликни таъминлашда ёрдамлашишни мақсад қилган.
Иқтисодий кўмак, шунингдек, декарбонизация ва халқлар ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам назарда тутади. Хусусан, табиий газни қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда углерод чиқиндиларини камайтириш учун Япония компанияларининг технологиялари ва қарзлари тақдим этилиши кутилмоқда.
Фумио Кишида 9-12 август кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга ташриф буюриши режалаштирилган.
Эътиборлиси, Марказий Осиёни Европа билан Россия ҳудудларисиз боғлайдиган савдо йўли ҳақида ўтган ҳафта АҚШда ҳам гапирилган эди. АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё ишлари бўйича ёрдамчиси Жеймс О'Брайеннинг сўзларига кўра, Вашингтон МОни Арманистон ёки Озарбойжон орқали жаҳон бозорларига олиб чиқувчи қуруқлик савдо йўлини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
“Агар биз Арманистон ёки Озарбойжон орқали ўтадиган маршрутни оча олсак, улар жаҳон бозорларига чиқиш имконига эга бўлишади ҳамда Россия ва Хитойга боғлиқлиги анча камаяди”, – деганди О'Брайен АҚШ Сенатидаги қўмита эшитувларида.
Мавзуга оид
20:03 / 08.11.2024
Nissan савдолар тушиб кетгани туфайли минглаб ходимларини ишдан бўшатади
18:37 / 08.11.2024
Фужи тоғига биринчи қор ёғди — бу 130 йилдан бери кузатилган энг кеч сана
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
17:26 / 07.11.2024