Жаҳон | 07:56 / 06.08.2024
3844
5 дақиқада ўқилади

G7 ташқи ишлар вазирлари Яқин Шарқдаги вазиятни юмшатишни талаб қилди

G7 вазирлари кескинликни пасайтиришни талаб қилмоқда, ЦАҲАЛ эса Ғазо сектори иқтисодиёт вазирининг ўринбосари йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Фото: AP / Abed Khaled

«Еттилик гуруҳи» (G7) ташқи ишлар вазирлари ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел «минтақадаги кенгроқ можаро авж олишига таҳдид солаётган» Яқин Шарқдаги кескинлик кучайиб бораётганидан чуқур хавотир билдирди. Тегишли позиция 4 август куни ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг қўшма баёнотида маълум қилинди. 

Вазирлар барча иштирокчи томонларни зўравонликнинг бузғунчи циклини давом эттиришдан тийилишга, «кескинликни камайтиришга ва уни пасайтириш учун конструктив иштирок этишга» чақирди. 

«Ҳеч бир мамлакат ёки халқ Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кучайишидан фойда кўрмайди», деб таъкидлади G7. 

ЦАҲАЛ Ғазо сектори иқтисодиёт вазири ўринбосари йўқ қилингани ҳақида хабар берди

Айни пайтда, Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 4 август куни Ғазо сектори миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари, Исроил томонига кўра, Фаластин ҲАМАС ҳаракати ҳарбий қанотига аъзо Абдулфаттоҳ аз-Зарияни йўқ қилгани ҳақида хабар берди.

Исроил ҳарбийларига кўра, ал-Зария ҲАМАСнинг Ғазо секторига оқиб келаётган гуманитар ёрдамлар бўйича назоратини қўлга киритиш борасидаги саъй-ҳаракатларига раҳбарлик қилишда ва ҳаракат назорати остидаги бозорларда фаолиятни мувофиқлаштиришда муҳим рол ўйнаган. У, шунингдек, ёнилғи ва маблағларни тақсимлаш учун масъул бўлган, дейди ЦАҲАЛ. 

Айни пайтда, AFP хабар беришича, Эрон ва унинг иттифоқчилари томонидан Исроилга ҳужум қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар фонида Яқин Шарқдаги вазиятни ҳал этиш учун фаол дипломатик ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ҳужум 48 соат ичида содир бўлиши мумкин 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен G7ташқи ишлар вазирларига Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга ҳужуми яқин 48 соат ичида, яъни 6 августда содир бўлиши мумкинлигини айтди, дея аввалроқ АҚШнинг Axios ахборот сайти уч манбага таяниб хабар берган эди.

Унга кўра, Американинг ушбу минтақадаги кучлари қўмондони, генерал Майкл Курилла Яқин Шарққа келган. Сафар давомида Курилла Исроилни Эроннинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимоя қилиш учун халқаро ва минтақавий коалицияни сафарбар этишга ҳаракат қилиши кутилмоқда, дея таъкидлади Axios манбаси. Америкалик генералнинг асосий тўхташ жойи Иордания бўлади. Эроннинг Исроилга олдинги ҳужуми пайтида Иордания Исроил мудофаасида муҳим рол ўйнади, ўз ҳудудида кўплаб Эрон дронларини тутиб олди ва ҳаво ҳудудини Америка ва Исроил қирувчи самолётлари учун очди. 

Axios манбалари, шунингдек, Эроннинг Исроилга ҳужуми аввалгисидан каттароқ бўлиши мумкинлигини тан олди, чунки Эрон Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини ҳам жалб қилиши мумкин. Axios маълумотларига кўра, Блинкен G7 бўйича ҳамкасбларини Теҳрон, «Ҳизбуллоҳ» ва Исроилга дипломатик босим ўтказишга чақириб, «максимал вазминлик» кўрсатишга чақирди. 

4 август куни бўлиб ўтган видео-конференциядан сўнг G7 ташқи ишлар вазирлари манфаатдор томонларни «мулоқот ва вазминликка тўсқинлик қиладиган ҳар қандай ташаббуслардан тийилишга» чақирди.

Эрон Исроилга ҳужум билан таҳдид қилмоқда

Яқин Шарқдаги можаронинг яна бир кескинлашуви Эрон янги президенти Масъуд Пизишкиён инаугурациясига келган ҲАМАС гуруҳи сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилиши ортидан юз берди.

Ҳания 31 июлга ўтар кечаси ўз қароргоҳида содир бўлган портлаш натижасида ҳалок бўлган – баъзи маълумотларга кўра, бинога бомба «Моссад» томонидан ёлланган Эрон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўйилган бўлиши мумкин. Воқеадан сўнг Эрон хавфсизлик кучларида ҳибсга олишлар тўлқини содир бўлди. 

ОАВ хабарига кўра, Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Ҳаниянинг ўлдирилишига жавобан Исроилга қарши зарба беришни буюрган.

Sky News Arabia, ўз навбатида, бу 12 ёки 13 августда, Исроил энг машҳур мотам саналаридан бири - Ав ойи тўққизинчи куни ёки Тиша-беавни нишонлаётганда содир бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Бу кунда, яҳудийлар анъаналарига кўра, Қуддуснинг Биринчи ва Иккинчи ибодатхоналари вайрон қилинган, Тиша-беав куни асрлар давомида яҳудий халқи учун бошқа фожиали воқеалар содир бўлган. 

Мавзуга оид