Ўзбекистон | 19:20 / 06.08.2024
4927
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда маҳбуснинг жазосини енгиллаштириб бериш эвазига 10 минг доллар пора сўраган ИИБ мансабдорига ҳукм ўқилди

Жиззахда ҳибсда сақланаётган шахсга енгил жазо тайинлатишини айтиб 10 минг доллар талаб қилган ва шундан 5 минг долларини олган ИИБ мансабдори ушланган.

Олий суд матбуот котибининг хабар беришича, жиноятга қўл урган ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғига суд ҳукми ўқилган

Маълум бўлишича, Шароф Рашидов тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ҳибсда сақланаётган шахсга озиқ-овқат, яқинлари билан телефон орқали суҳбат ташкил этиб бериш эвазига 400 доллар олган.

Сўнг адвокат таниши ва судя танишлари орқали айбланувчининг жазосини енгиллаштириб беришини айтиб 10 минг доллар сўраган.

ДХХ одимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у 5 минг доллар олган вақтида қўлга олинган. “Марказий студия” информацион дастурида берилган лавҳада айтилишича, мазкур иш жиноят ишлари бўйича Фориш тумани судида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) билан 2 йил 6 ой ИИВ тизимида мансабдор ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Бундан ташқари, унга 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.

 

Мавзуга оид