Жаҳон | 07:55 / 06.08.2024
2214
3 дақиқада ўқилади

Украинада «ФСБ»га ишлаганликда гумонланган 9 киши ушланди

Қўлга олинганлар Россия «ФСБ» кўрсатмаси билан Украина Қуролли кучлари позициялари ва муҳим инфратузилма объектларига ҳужум қилиш учун маълумотларни йиғишган, дея хабар беради «СБУ» ва Украина Бош прокуратураси.

Фото: Украина Хавфсизлик хизмати

Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») контрразведкаси Россия «ФСБ» разведка тармоғини зарарсизлантирди, у Россия армиясини Украинага ракеталар, бомбалар ва УУАдан фойдаланган ҳолда ҳужумларни тайёрлаш учун маълумот билан таъминлаб келган. Бу ҳақда «СБУ» ва Украина Бош прокуратураси офиси (БПО) 5 август, душанба куни ўз сайтларида маълум қилди

Днипро, Запорижжя ва Суми, шунингдек, Донецк, Одесса ва Кировоград вилоятларида тўққиз киши қўлга олинган. Улар ҳарбий ҳолат шароитида давлатга хиёнат қилишда гумонланмоқда. Ушланганлар мол-мулки мусодара қилинган ҳолда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Тергов маълумотларига кўра, айбланувчилар Кремлга яқин Telegram-каналлардаги чатларда фаол обуначи сифатида Россия «ФСБ» эътиборига тушган. БПО маълумотларига кўра, жорий йилнинг март ойида «ФСБ» вакили Telegram’да Украинага қарши қўпорувчилик фаолиятини амалга ошириш учун махсус чат-бот яратган. Бир неча ой давомида тўққиз киши ўз ихтиёри билан унга қўшилди ва «Россия разведкачисига ҳарбий характердаги маълумотларни тақдим этишга» рози бўлди.

Украина позициялари, ҲҲМ жойлари ва электр подстанциялари ўрганилди

Қўлга олинганлар орасида - икки нафар амалдор, бири Днипро шаҳар кенгашидан, иккинчиси Одесса вилояти Южненский шаҳар кенгашида бўлим бошлиғи. «СБУ» маълумотларига кўра, улар ҳар икки вилоят ҳудудида Россиянинг ўққа тутиши учун ҳаво ҳужумидан мудофаа пунктлари ва асосий электр подстанцияларини ўрганган. 

Қолган икки агент Покровск ва Часовий Яр яқинидаги мустаҳкамланган ҳудудлар ва Украина Қуролли кучларининг оғир артиллерия ўқ отиш жойларини ўрганиб чиқди. Уларнинг шериги Донецк вилоятидаги Кураховода Украина армияси шахсий таркиби ва ҳарбий техникаси ҳақида маълумот тўплаган.

Россия агентлари орасида Украина Қуролли кучлари эшелонларининг шарқий фронт йўналишидаги ҳаракатини қайд этган икки менежер ва университет талабаси ҳам бор. Яна бир ушланган - собиқ полициячи, у Россиянинг Украинадаги гидроэлектр станцияларидан бирига ҳужуми оқибатлари ҳақида «хабар берган».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид