Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хон Юнусдаги мактабларга ҳужум, Бангладешда қулатилган ҳукумат ва Туркия-Instagram музокаралари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Ҳуманитар кризис ёқасида қолган Ғазо иқтисодий қийинчиликлар исканжасига тушган. Айни пайтда Қамал қилинган эксклавда ёқилғи кризиси рўй бермоқда.
7 октябрда бошланган Исроил ҳужумидан буён Ғазода ёқилғи тақчиллиги кузатилмоқда. Электр энергияси узатишдаги узилишлар ва ёқилғи тақчиллиги шароитида Ғазо секторида яшаш шароити тобора қийинлашиб бормоқда.
Хон Юнус шаҳрида ёқилғи қуйиш шохобчалари Исроил ҳужумлари туфайли ишламасдан қолганидан сўнг, фаластинликлардан бири ўзининг юк машинасини кўчма ёқилғи қуйиш шохобчасига айлантирган.
Исроил уй-жойларидан ажралган ғазоликлар бошпана сифатида фойдаланаётган мактабларни ҳам ҲАМАС жангчилари яширинган, деган важ билан ўққа тутишда давом этмоқда.
Яқинда мажбуран кўчирилган фаластинликлар истиқомат қилаётган Ҳасан Салома ва Нарс мактаблари Исроил томонидан ўққа тутилиши натижасида 30 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганларнинг жасадлари Ал-Аҳлий шифохонасига кўмиш учун келтирилган.
Шунингдек Хон Юнус шаҳрининг шарқида жойлашган Ат-Туффа туманида Исроил томонидан оммавий қирғин уюштирилгани маълум қилинмоқда.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси хабарига кўра, урушнинг 304-кунига келиб қамал қилинган эксклавда ҳалок бўлганлар сони 39 минг 623 кишига етган. Уларнинг 16 мингдан ортиғи ёш болалар. Шу пайтгача ярадор қилинганлар 91 минг 469 кишини ташкил этмоқда. 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган.
ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ»даги йўқотишлар
Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАС қўмондони ва Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» қўмондони ўлдирилгани ҳақида хабар берди.
Исроил мудофаа кучлари душанба куни Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракатининг баталион қўмондони Жобир Азиз ўлдирилганини маълум қилди. Бир неча соат ўтиб ЦАҲАЛ Ливан жанубидаги ҳаво ҳужумида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қўмондони Али Жамол Алдин Жавод ҳам ҳалок бўлганини билдирди.
Исроил армияси Жобир Азиз бир кун аввал Ғазо секторидаги ҲАМАС қўмондонлик пункти жойлашгани иддао қилинаётган Ҳасан Саламия ва Носир мактабларига берилган зарба натижасида ҳалок бўлганини маълум қилган. Қўмондон билан бирга «бошқалар» ҳам йўқ қилинган. Жобир Азиз 2020 йилдан бери ҲАМАСнинг «Ал-Фурқон» баталионига қўмондонлик қилиб келарди.
Ливан жанубидаги Эбба ҳудудида «Ҳизбуллоҳ»нинг «Радван» махсус кучлари қўмондони Али Жамол Алдин Жавод ҳам ўлдирилган. ЦАҲАЛ ўз хабарига ҳужум акс этган видеони илова қилган. Унда Исроил армияси ҳаракатланаётган машинага ҳужум қилганини кўриш мумкин.
АҚШдан Исроилга ёрдам
Америка Қўшма Штатлари Исроилни ҳимоялаш учун фронт тўпламоқда.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эрон ва уни қўллаётган минтақадаги кучларнинг ҳужумидан Исроилни ҳимоялашга тайёрланмоқда.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант америкалик ва британиялик ҳамкасблари Ллойд Остин ва Жон Ҳили билан музокаралар ўтказган ва Яқин Шарқдаги авж олиб бораётган ҳолат вазиятни баҳолаш учун маълумотлар тақдим этган.
Галлант билан суҳбат чоғида Остин Тел-Авивни мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун минтақадаги кучлари тақсимотини ўзгартириш ниятида эканини маълум қилган.
Америка мудофаа вазирининг таъкидлашича, бўлаётган воқеалар можаронинг янада авж олишига олиб келмаслиги ҳам мумкин. Унинг сўзларида кўра, минтақадаги давлатлар экскалациянинг совишидан манфаатдор, жумладан Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилишдан ҳам.
Бундан ташқари, АҚШ Исроилга ҳарбий авиация жўнатилганини ҳам маълум қилган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу вазирлар девони йиғилишида мамлакат Эрон ва унинг иттифоқчилари билан “бир неча фронтлар бўйлаб” уруш ҳолатида эканини эълон қилган.
UNRWA’даги жангарилар
БМТ Исроилга ҳужумда БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги — UNRWA ходимлари иштирок этганини тан олди.
БМТ агентликнинг тўққиз аъзоси билан ҳамкорликни тўхтатди, БМТ тергови уларнинг ҲАМАС 7 октябр куни Исроилга ҳужумига алоқадор бўлиши мумкинлигини тасдиқлади, деб хабар берди dpa ахборот агентлиги 5 август, душанба куни.
«Тўққиз нафар шахсга нисбатан уларнинг 7 октябрдаги терактларга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилиш учун етарли далиллар бор», деди БМТ бош котиби матбуот котиби ўринбосари Фарҳан Ҳақ. Уларнинг иштироки айнан нимадан иборат экани аниқлаштирилмаган.
Исроил томонидан 7 октябрдаги ҳужумда иштирок этганликда айбланган UNRWA ходимларидан икки нафари вафот этди. Яна тўққиз нафар агентлик ходимига нисбатан далиллар хулоса чиқариш учун етарли бўлмаган, бир ҳолатда эса умуман далил йўқ, деб ёзади Reuters.
Январ ойида Исроил разведкаси UNRWA камида 19 нафар ходими 2023 йил октябрида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумида иштирок этганини билдирган эди. Кейинроқ Исроил UNRWA'нинг 450 дан ортиқ ходими Ғазодаги жанговар гуруҳлар ҳарбий хизматчилари эканини таъкидлаган, деб ёзади Reuters.
Шуни важ қилиб Исроил БМТнинг мазкур агентлигини террорчилик ташкилоти, ўлароқ тан олишга ҳаракат қилмоқда.
UNRWA 1949 йилда ташкил этилган ва ҳозир унда 30 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Ташкилотнинг белгиланган вазифалари орасида мактаблар, ижтимоий объектлар, тиббиёт марказларини бошқариш, шунингдек, Ғазо секторидаги фаластинлик қочқинлар ўртасида инсонпарварлик ёрдами тарқатиш бор.
Бангладешда қулатилган ҳукумат
Бангладешда оммавий норозиликлар туфайли ҳукуматни 15 йилдан буён бошқараётган бош вазир Шай Ҳасина мамлакатни тарк этган. У Буюк Британиядан бошпана сўраганини The Hindu нашри ўз манбаларига таяниб, маълум қилмоқда.
Бангладешдаги норозилик намойишлари июл ойида давлат мансабларига квота жорий этилганидан сўнг бошланиб кетган эди. Бу мамлакат бўйлаб талабаларнинг оммавий норозиликларига сабаб бўлди ва алалоқибатда полиция билан тўқнашувлар рўй берди. 21 июлга келиб Олий суд квоталарнинг катта қисмини бекор қилганига қарамасдан, норозилик акциялари тинмади.
Норозилик намойишлари ташкилотчиларидан бири — “Талабалар дискриминацияга қарши” ҳаракати одамларни солиқлар ва коммунал тўловлар тўламасликка чорлаб, заводлар ва жамоат транспорти ишчиларини ишга бормасликка чақирган.
5 август куни халқ ғалаёни туфайли Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина истеъфога чиқиб мамлакатни тарк этгани маълум бўлди.
Бангладеш армияси бошлиғи генерал Вақер уз-Замон мамлакатда ўтиш даври ҳукумати тузилишини маълум қилган.
«Барча сиёсий партиялар вакиллари билан самарали музокаралардан сўнг биз ўтиш даври ҳукуматини тузишга қарор қилдик. Энди вазиятни ҳал қилиш учун Бангладеш президенти Муҳаммад Шаҳобиддин билан учрашув ўтказамиз», — деган у матбуот анжуманида.
Бош қўмондоннинг қайд этишича, агар намойишлар ва зўравонликлар тўхтаса, мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга ҳожат қолмайди.
Туркия ва Instagram келишмовчилиги
Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғли душанба куни Instagram медиаплатформаси вакиллари билан олти соат давом этган учрашув натижалари ҳақида журналистларга сўзлаб берган.
Унинг сўзларига кўра, музокаралар кутилган натижаларга олиб келмаган ва ижтимоий тармоққа жорий этилган чекловлар ҳозирча ўз кучида қолади.
“Биз ўзимиз истаган натижага эриша олмадик, бироқ фаол музокараларни давом эттирмоқдамиз. Ҳозирча бу борада бирор бир силжиш кўзга ташланаётгани йўқ”, — деган вазир.
Эслатиб ўтамиз, 2 августдан бошлаб Туркияда Instagram ижтимоий тармоғига чекловлар жорий этилган. Блоклаш Туркия информацион технологиялар ва коммуникациялар бошқармаси фармойиши билан кучга киритилган.
Вазият билан таниш манбаларнинг сўзларига кўра, Instagram'га уланиш ҲАМАС сиёсий бюросининг раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши билан боғлиқ контентлар ижтимоий тармоқдан ўчириб ташлангани билан боғлиқ.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025