Жамият | 19:55 / 06.08.2024
6355
7 дақиқада ўқилади

Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари

Куин Митчелл – Ню Ҳэмпшир штати Уолпол шаҳарчасида яшовчи мактаб ўқувчиси. У 16 ёш бўлишига қарамай, сиёсий журналистикада фаол: ўз подкасти бор ва ҳозиргача президентлик сайлови кампанияси доирасидаги 100 дан ортиқ тадбирга бориб, сиёсатчиларга ўткир саволлар бериб келмоқда. CNN ўспирин йигитнинг сиёсат ва сайловлар ҳақидаги шахсий кузатувларини тақдим этди.

Куин Митчелл / Фото: Sophie Park for The New York Times

CNN ўспирин йигитнинг сиёсат ва сайловлар ҳақидаги шахсий кузатувларини тақдим этди.

Мен яшайдиган Янги Англия ҳамжамиятида (АҚШнинг шимоли-шарқий қисмидаги 7 та штатни ўз ичига олувчи регион – таҳр.) шаҳар майдонидаги учрашувлар очиқ мулоқот тарзида ўтади: уларда хоҳлаган одам бемалол иштирок этиб, ижтимоий масалалар ҳақида саволлар бериши мумкин. Агар жавоблар қониқтирмаса, йиғилганлар кўпроқ савол бера олишади.

Лекин президентликка номзодлар билан учрашувлар бундай бўлгани йўқ. Гувоҳи бўлдимки, улар саволларга тўғридан тўғри жавоб беришдан қочиб, гапни айлантиришди, улар берган жавоблар шаҳарчамиздаги учрашувларда ҳеч қачон қабул қилинмасди. Шаҳар расмийлари билан мулоқотларда ҳар бир фуқаро журналистга айланиши, ижтимоий саволларга жавоб излаши ва шаҳар расмийларидан ҳисобдор бўлишни талаб қила олишарди (улар тўпланган сайловчиларнинг саволларига одатда жавоб беришади).

Мени – 16 ёшли интилувчан журналистни – “масхарабоз”, “халақит берувчи” ва “кичкинтой” деб аташган, лекин қизиғи менга нисбатан бундай ҳақоратомуз сўзларни ака-укаларим ёки синфдошларим эмас, президентлик кампанияси ва сиёсий фаолиятдаги одамлар ишлатишган.

Мен президентликка номзодларга ҳурмат билан, аниқ саволлар бердим: “Трамп ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш талабини буздими?”, “6 январ воқеалари демократияга таҳдид эдими?”. Мен сиёсий майдоннинг иккала томонидаги номзодларга ҳам саволлар бердим, лекин ҳозирги праймериз циклида асосан республикачиларнинг тадбирларига бордим, чунки демократлар партияси яқинда Ню-Ҳэмпширни “миллат ичида биринчи” мақомидан айирди (партия илк праймеризини тарихан шаклланган анъанага зид равишда, Ню Ҳэмпширдан бошқа штатда ўтказди – таҳр.).

Республикачилар ўтказган тадбирларнинг бирида мени полиция ёрдамида чиқариб юборишди, Флорида губернатори Рон Десантиснинг хавфсизлик ходимлари эса мени жисмонан қўрқитишди. Ню Ҳэмпширда ўтган “Бизнинг буюк америкача қайтишимиз” номли тадбирда Десантис ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш ҳақидаги саволимга жавоб беришдан бош тортди. (Ваҳоланки, у аввалроқ берган баёнотида Асосчи Оталарнинг бош тамойилларига риоя қилишнинг муҳимлиги ҳақида гапирганди, ҳокимиятнинг тинч трансфери эса айнан шу тамойиллардан бири). Бир ҳафта ўтиб, Десантисдан 6 январ воқеалари ҳақидаги саволимга берган “жавоби”га изоҳ беришини сўраганимда, у “кейинги тадбиримга келинг” деди, қўриқчилари эса мени жисмонан қўрқитиб, тадбирдан чиқариб юборишди.

Ўтган йили ноябрда Жанубий Каролина штати губернатори Никки Ҳейли иштирокидаги тадбирлардан бирида қатнашган эдим. Мен тадбирнинг савол-жавоблар борасидаги кўрсатмаларига амал қилган бўлсам ҳам, у саволимга жавоб беришдан бош тортди, ўзи ва жамоаси мени чеккага чиқариб қўйишди.

Мен гувоҳ бўлган бундай ҳолатлар – хавотирли тенденциянинг бир қисми холос. Авторитетга эга шахслар ёки расмийлар Z авлод журналистларга (1997 – 2012 йилларда туғилган авлод – таҳр.) гапиришга қўймаслиги ҳолатлари тез-тез учраб туради. Мамлакат бўйлаб талаба-журналистларнинг Конституциядаги Биринчи Ўзгартишда белгиланган ҳуқуқлари тўлалигича таъминланмаяпти, бу эса талабалар фаоллигини чеклаб, уларда судга чақирилишдан қўрқув уйғотяпти.

Менинг авлодимга мансуб ёшларни дадил гапиришга ва қўрқмасликка ундаш жуда муҳим, ноябр ойида бўладиган президент сайловлари олдидан айниқса. Ёшлар реал ўзгаришларни вужудга келтира оладилар: Tufts ўтказган тадқиқотга кўра, Z авлодга мансуб сайловчилар сони бу йил 40 миллиондан ошади, бу эса Америка электоратининг бешдан бир қисми демакдир.

Лекин шуни ёдда тутиш керакки, барчаси кимнинг назоратида экани – сиёсий ҳаракатлар супер-қўмиталарими ёки номзодлар – биз билмаймиз. Мамлакатимизда кўплар қатори мен ҳам ўсиб бораётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий қарашлардаги бўлинишлар сабаб можаро авж олишидан хавотирдаман. Модомики 15 ёшли боланинг саволлари шундай қаршиликка учраркан, биз сиёсатчилар олдига айниқса улар жавоб беришдан қочадиган мавзуларда янада мураккаб саволларни қўйишимиз керак. Сайловолди тадбирларида мен гувоҳи бўлган ҳолатлар: ҳаддан ортиқ назорат, ташкилотчилик ва ОАВнинг бунга муносабати АҚШдаги узоқ тарихга эга цензурани ўзида акс эттиради. Бу тарих 1798 йилда қабул қилинган, ҳукумат ҳақида ҳар қандай нотўғри, можароли ва ёмон нарсани ёзишни жиноят деб белгилаган “Хорижликлар ва исёнга чорлов тўғрисида”ги қонунга бориб тақалади.

Агар сиёсий майдоннинг турли қутбларидаги (ўнглар, марказчилар ва сўллар – таҳр.) расмийлар бир-бирлари билан ҳурмат ва тушуниш асосида гаплаша олишмаса, келажагимизга нисбатан экзистенциал таҳдидларни қандай ҳал қила оламиз? Мен номзодлардан бу масалага қандай ечим бермоқчи экани ҳақида сўрашга уриндим. Айримлар бизни давлат сиёсатидан ташвишга тушишга ёки уни тушунишга ҳали жуда ёшлик қилади деб ўйлайди, лекин бу ерда келажагимизни – Z авлод борган сари кўпроқ хавотирланаётган эртанги кунимизни белгилаш ҳақида гап кетяпти.

Тенгдошларимнинг кўпида шундай ҳиссиёт бор: биз муаммоларга тўла ва олов ичидаги дунёни мерос қилиб оляпмиз. Бу шундай дунёки, унинг ресурслари совурилган, биздан аввалги авлодлар баҳраманд бўлган умид ва имкониятлардан эса бизга қолмаган.

Мен сайловолди кампанияси давомидаги очиқлик нималарга қодирлигини биламан, лекин бу очиқлик йўқлигига гувоҳман. Шундай ҳолатда, журналистикага муҳаббатимни синчиклаб ўрганишда давом этаман. Журналистика – куч-қудратдан ҳақиқатни излашдир, айниқса бу қудрат саволлардан қочаётган ва жавобларни тўқиб чиқараётган бўлса.

Мен ўз тажрибамни ҳаракат қилишга, сиёсий жараёнларни Z авлод вакилларининг очиқ кўзи билан кузатишга ва атрофимдаги дунё учун муҳим бўлган ўткир саволларни беришга чорлов (бу бироз қўрқинчли бўлса ҳам) деб ҳисоблашга қарор қилдим.

Мен қўлимдан келган жойда ҳаваскор журналистика билан шуғулланиш орқали бу ҳаракатга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Тенгдошларимни бу жараёнда қатнашишга, ўз курсиларини эгаллашга ва сиёсатчилар энг кўп қочишга ҳаракат қиладигандек кўринадиган саволларни беришга руҳлантиришни истардим. Бу – бизнинг меросимиз, ҳуқуқимиз ва масъулиятимиз.

Мавзуга оид