Ўзбекистон | 20:13 / 07.08.2024
5022
6 дақиқада ўқилади

7 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Туманларга тайинланган янги ҳокимлар, мустақиллик байрамидаги дам олиш кунлари, 15 йилга кесилган туман прокурори ва Бўстонлиқдаги фожиа — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Мустақиллик байрамида 4 кун кетма-кет дам

Ўзбекистонликлар Мустақиллик байрамида кетма-кет 4 кун дам олади.

Қўшимча дам олиш кунлари 2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисидаги президент фармонида белгиланган.

3 сентябр, сешанба иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни этиб белгиланган. 1 сентябр — Ўзбекистон мустақиллиги куни 2024 йилда якшанба — дам олиш кунларига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 2 сентябр, душанба кунига кўчирилади.

31 август, шанба — ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар учун қўшимча дам олиш куни, 5 кунликлар учун одатий дам олиш куни бўлади.

Шу тариқа, ўзбекистонликлар Мустақиллик байрами муносабати билан кетма-кет 4 кун дам олади.

Янги ҳокимлар тайинланди

Бугун бир қатор туманларга янги ҳокимлар тайинланди.

Жумладан:

Элёрбек Асронқулов — Фарғона вилояти Фурқат тумани ҳокими;

Нурали Жўраев — Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри ҳокими;

Комилжон Айтбаев — Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош тумани ҳокими;

Аҳрор Мансуров — Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ҳокими;

Сардорбек Эргашев — Тошкент тумани ҳокими этиб тайинланди.

Қалбаки маркировка учун жиноий жавобгарлик

Ўзбекистонда қалбаки рақамли маркировкаланган ёки контрафакт маҳсулотларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи, улгуржи ва чакана сотувчиларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этиш, бундай ҳолатларда маҳсулотларни мусодара қилиш режалаштирилмоқда.

Рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларнинг улгуржи савдоси эса тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказилади.

Бу чоралар Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорда ўз аксини топган.

Унда белгиланишича, Солиқ қўмитаси 2024 йил 1 сентябрга қадар алкогол, тамаки ва пиво маҳсулотлари, маиший техника ва дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг Asl belgisi миллий ахборот тизимидан рўйхатдан ўтгани ҳамда рақамли маркировкалаш талабларига риоя этилаётганини назоратга олади.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 ноябрга қадар рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларнинг улгуржи савдосини фақат нақд пулсиз шаклда сотиш талабини белгилайдиган ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилган.

Когоннинг собиқ прокурорига 15 йил

200 минг доллар пора сўраган Когон туманининг собиқ прокурори 15 йилга қамалди. Шунингдек, ҳукм билан Ғуломовнинг жиноий шериклари ҳам узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Когон тумани собиқ прокурори Баҳодир Ғуломовга ҳукм Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ўқилган.

Суд ҳукмида келтирилишича, Баҳодир Ғуломов прокурор лавозимида ишлаб, 2024 йил январ ойи бошларида Нажмиддин Нўъмонов ва хавфли рецидивист бўлган Зафар Одилов билан жиноий тил бириктирган.

Улар Бухоро вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган “Когон ёғ-экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича айблов эълон қилмасликни ҳал этиши мумкинлигини айтиб, 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилишган.

Баҳодир Ғуломов 2024 йил 15 январ куни 100 минг АҚШ долларини жиноий шериги Н.Нўъмонов орқали олган.

У жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Когон ёғ-экстракция заводи” АЖга алоқадор шахсларни терговга жалб қилмаслик эвазига такроран 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилган ҳамда фирибгарлик йўли билан 44 минг АҚШ долларини қўлга киритган.

2024 йил 13 феврал куни Бухоро шаҳар марказий касалхонаси ёнида ўтказилган тезкор тадбирда Баҳодир Ғуломов Н.Нўъмонов орқали қолган 56 минг долларни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Суд мажлисида собиқ прокурор айбига иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини, давлат раҳбаридан кечирим сўрашини айтган ҳамда суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.

Суд ҳукми билан Баҳодир Ғуломов 3 йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, суд ҳукми билан “New imperial oil” МЧЖда экспедитор лавозимида ишлаган Нажмиддин Нўъмонов 11 йил, хавфли рецидивист ҳисобланган Зафар Одиловга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.

Бўстонлиқдаги фожиа

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида профилактика инспектори хотини ва 7 ойлик чақалоғини, сўнгра ўзини отиб ўлдирган.

Воқеа 6 август куни тунда содир бўлган. Бўстонлиқ туманида хизмат хонадонида яшовчи 28 ёшли профилактика инспектори Макаров маркали табел тўппончасидан аввалига турмуш ўртоғи ва 7 ойлик ўғил фарзандига, сўнгра ўзига ўқ узган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид