Жаҳон | 14:50 / 07.08.2024
6381
9 дақиқада ўқилади

ҲАМАСнинг янги раҳбари, ўзига шерик танлаган Камала Ҳаррис ва Россиядан ёрдам сўраган Эрон — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

ҲАМАСнинг янги раҳбари

Исмоил Ҳания Эронда ўлдирилгач, Яҳё Синвар ҲАМАСнинг янги раҳбари этиб сайланди. Синвар ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларга масъул бўлган.

61 ёшли Яҳё Синвар — ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиларидан, ташкилот ҳарбий қаноти ва ички хавфсизлик бўлинмаси асосчиларидан биридир. Исроил томонидан уч маротаба ҳибсга олинган — 1982, 1985 ва 1988 йилларда. 2011 йилда у 1027 нафар фаластинлик маҳбуслар қаторида ЦАҲАЛ аскари Гилад Шалитга алмашилиб, Исроил қамоқхонасидан озод этилган. 2015 йилда АҚШ Синварни халқаро террорчилар рўйхатига киритган.

Исмоил Ҳания 31 июл куни Эроннинг янги президенти Масъуд Пизишкиённинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга борганида ўлдирилган. Суиқасд АҚШ ҳукумати кўмагида Исроил томонидан режалаштирилган ва амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Инглиз суриштирувчиларининг аниқлашича, Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши тўлалигича Исроил махсус хизмати Моссад операцияси бўлган. ҲАМАС лидерини ўлдириш учун Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси агентлари ёлланган ва улар ёрдамида Ҳания тунаган хонага бомба қўйилган.

Камала Ҳаррис шерик танлади

АҚШ президентлигига демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис президентлик кампаниясидаги вице-президентлик лавозими учун шерик танлади.

Камала Ҳаррис агар сайловда ғалаба қозонса Миннесота штати губернатори Тим Уолц вице-президент лавозимини эгаллайди.

Энди Тим Уолц асосий сиёсий жанглар кечадиган муҳим штатлардаги еттита шаҳар бўйлаб беш кунлик тур давомида Ҳаррисга ҳамроҳлик қилади.

Вице-президентликка номзод танланмасдан аввал таҳлилчилар бу одам азалдан демократлар ҳам, республикачилар ҳам яққол устунликка эга бўлмаган иккиланувчи штатларга мансуб ва оқ танли киши бўлишини кутаётганди.

Жо Байден пойгадан чиққач, сайловчиларнинг алоҳида тоифалари яна демократларга ишонч билан қарай бошлади — масалан, 30 ёшгача бўлганлар ва лотин америкаликларнинг жамоалари. Аммо шу ўринда Ҳарриснинг заиф нуқтаси кўриниб қолди — Байденни фаолроқ қўллаган кекса ёшли сайловчилар.

Вице-президентликка номзодлар бир қанча эди, аммо Ҳаррис Тим Уолцни — Миннесота губернаторини танлади. Бу штат азалдан демократларга мойиллик билдириб келади ва сайловлар натижасига сезиларли таъсир кўрсатмайди, аммо 60 ёшли Уолц танлангани кўплаб сайловчиларни қониқтириши тайин.

Россиядан Эронга ёрдам

Эрон Россиядан ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини сўраган ва Москва аллақачон Эронга радарлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ускуналар етказиб беришни бошлагани таъкидланмоқда.

The New York Times нашри бири Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси вакили бўлган эронлик икки манбага таяниб бу хабарни тарқатган. Уларнинг сўзларига кўра, Москва аллақачон Эронга радарлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ускуналар етказиб беришни бошлаган.

5 август куни Россиянинг собиқ мудофаа вазири, айни пайтда Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Теҳронда мамлакатнинг янги президенти Масъуд Пизишкиён ва Эрон Бош штаби раҳбари генерал Муҳаммад Боқирий билан учрашди. «Биз Эрон билан минтақавий масалалар бўйича тўлиқ ҳамкорликка тайёрмиз», деган Шойгу.

The Jerusalem Post газетасининг ёзишича, АҚШ яқин 48 соат ичида Эроннинг Исроилга ҳужумини кутмоқда. Баъзи бошқа манбаларга кўра, Эрон зарба бериш учун 12 ёки 13 августни танлаши мумкин.

Украина урушидаги йўқотишлар

«Медиазона» ва «Би-би-си» рус хизмати журналистлари Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг аниқ рўйхатини юритмоқда. Бунда улар қабртошлар, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги некрологларга қараб ҳисоб юритишмоқда. Йўқотишларнинг ҳақиқий миқёси, эҳтимол, анча катта.

Шундай қилиб, 2022 йилнинг феврал ойида кенг кўламли ҳужум бошланганидан бери Украинадаги урушда ҳалок бўлган 61 минг 831 нафар россиялик ҳарбийнинг исмлари аниқланди. Нашрларда айтилишича, 30 ёшдан 38 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар бошқаларга қараганда кўпроқ вафот этади.

Биргина 19 июлдан буён ўлганлар рўйхатига икки мингдан ортиқ киши қўшилган.

«Сўнгги ойларда йўқотишларнинг ўсиши ёзиб олишга кетаётган вақтимиздан кўра кўпроқдир», деб ёзади «Медиазона». Оқибатда журналистлар бир неча минг исмга дуч келишди, дейилади матнда. Ушбу некрологларни қайта ишлаш Россия армиясидаги тасдиқланган қурбонлар сонини оширади.

Германия федерал канцлери Олаф Шолц май ойида Украинадаги урушда ҳар ой 24 мингга яқин россиялик аскарлар ҳалок бўлишини ёки оғир яраланишини айтганди.

Британия Мудофаа вазирлиги Россиянинг Украинадаги урушдаги йўқотишларини 450 минг киши деб ҳисоблаган.

Аввалроқ Россия Хавфсизлик кенгаши раиси Сергей Шойгу 2024 йилнинг ёз ойларининг ўзида Украина 110 минг аскаридан айрилганини таъкидлаган эди.

Саакашвили афв қилинадими?

2021 йилдан буён Гуржистонда қамоқхонада сақланаётган собиқ президент Михаил Саакашвили мамлакатнинг амалдаги президенти Саломе Зурабишвили томонидан афв этилиши мумкин.

Бу борада Гуржистон парламенти спикери Шалва Папуашвили маълум қилди.

«Саломе Зурабишвили Михаил Саакашвили туфайли лавозимда қолди. Улар зарур деб топганда, Зурабишвили афв этиш бўйича ҳужжатни чиқаради», — деган у.

У 2023 йил июнда камомад бўйича айбланган «Мтавари архи» телеканали асосчиси ва «Рустави 2» телекомпанияси собиқ бош директори Николоз Гварамия афв этилганини эслатиб ўтган. Гварамия Саакашвили даврида адлия ва таълим вазири эди.

Гварамия Саакашвили 2021 йилда Украинадан Гуржистонга қайтганида адвокатлик ҳам қилган — ўшанда Саакашвили бир нечта жиноий ишларда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Папуашвилининг маълум қилишича, Зурабишвили учун Саакашвилини ҳам афв этиш «қийинчилик туғдирмайди». .

Саакашвили 2004 йилдан 2013 йилга қадар мамлакатни бошқарган, кейин эса Гуржистондан чиқиб кетган. Унга нисбатан бир нечта жиноий иш очилган, фуқароликдан ҳам маҳрум этилганди.

Саакашвили Украина фуқаролигини олиб, 2015-2016 йилларда Одесса администрациясида фаолият юритди. 2017 йилда Украинанинг ўша вақтдаги президенти Петро Порошенко уни фуқароликдан маҳрум этди. Володимир Зеленский 2019 йилда Саакашвилига яна фуқаролик берди.

2021 йил кузида Саакашвили сайловлар арафасида Гуржистонга қайтади ва фуқароларни намойишларга чорлайди. Шундан сўнг у қўлга олиниб, тергов изоляторига юборилади.

Ҳибсга олинганидан кейин у бир неча бор очлик эълон қилди, унинг соғлиғи ёмонлашгани тўғрисида хабарлар берилди. 2023 йилда Тбилиси суди Саакашвилини соғлиғидаги муаммолар туфайли озод қилишни рад этган эди.

Туркча меҳмоннавозлик басми?

Туркиядаги меҳмонхона эгалари “all inclusive” тизимидан воз кечиш таклифини илгари сурди.

Туркия туризм соҳаси вакиллари яна бир бор меҳмонхоналарнинг “барчаси киритилган” (all inclusive) форматидаги хизматларини бекор қилиш таклифини илгари сурди, деб хабар беради Hurriyet нашри.

“Бу орқали эришилган натижаларни инкор этиб бўлмайди. Аммо шунча йилдан кейин бошимиздан ўтказаётган янги жараёнда уни қайта кўриб чиқиш керак”, — дейди 1990 йилларда ушбу тизим асосчиларидан бири бўлган тадбиркор Зафар Олқоя.

Унинг сўзларига кўра, меҳмонхона эгалари туристларга тақдим этилаётган озиқ-овқат сифатини яхшилаш сиёсатини қайта кўриб чиқиши зарур.

“Юқори даражадаги хизматлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари талаб этиладиган туристлар, табиийки, унга мос пулни тўлашга тайёр. Бунда узоқ/яқин туризм борасидаги географиямизда ушбу туристларни қамраб олиш масаласи муҳим”, — дея таъкидлайди экcперт.

Туркияда бундан олдин ҳам “барчаси киритилган” тизимини бекор қилиш таклифи билдирилган эди. 2023 йилнинг январида туроператор Эрол Гулдол Turkiye Turizm газетасига берган интервьюсида Туркия “барчаси киритилган” тизимидан воз кечиб, “бой немис туристлари келиши учун” яримпансион тизимига ўтиши мумкинлигини маълум қилганди.

Жорий йил якунлари бўйича Туркия 60 млн туристни қабул қилиб, туризм соҳасидан 60 млрд доллар даромад кўришни режалаштирган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид