Ўзбекистон | 19:03 / 07.08.2024
3292
3 дақиқада ўқилади

Июл ойида баъзи ҳудудларда ҳарорат меъёрдан юқори бўлди - «Ўзгидромет»

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳарорат максимал кўрсаткичлардан паст бўлди, бироқ, Чимбой ҳудудида кучли жала, Навоийда кучли шамол рекорд кўрсаткичларга етган.

Фото: Kun.uz

2024 йил июл ойида ўртача ойлик ҳарорат кўп йиллик қийматларга яқинлашди, марказий ҳудудларнинг қатор қисмида меъёрдан 1-1,7 даража юқори бўлди. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хулоса берди.

Қайд қилинишича, июл ойининг катта қисмида ҳарорат тартиби жуда қулай бўлган, бундай ҳолат Ўзбекистонда ёз фасли ўртаси учун хос эмас.

Республика ҳудудининг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати 32-37 даража атрофида бўлди. Фақат республика жанубида ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда ҳаво кундуз кунлари 39-41 даражагача исиди.

Июл ойи учинчи ўн кунлигидан бошлаб ҳаво ҳарорати кўтарила бошлади. Мксимал қиймат 38-41 даражага, чўл ҳудудлари жанубида 42-44 даражага, Ўзбекистоннинг энг жанубий нуқтаси - Термиз шаҳрида эса 45-46 даражага етди. 25-28 июл кунлари иссиқ энг юқори чўққига кўтарилди. Ойнинг охирги кунларида ҳарорат бироз пасайди.

Таъкидланишича, июл ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида максимал ҳаво ҳарорати рекорд кўрсаткичлардан паст бўлган. Мисол учун, Тошкент шаҳрида максимал кўрсаткич 40,6 даражани ташкил қилган (рекорд кўрсаткич 44,6 даража бўлиб, 1997 йилда қайд этилган).

Максимал ҳарорат 40 даража ундан юқори бўлган кунлар сони ҳудудларнинг катта қисмида 1-3 тани, чўл ҳудудларда 4-7 тани ташкил этган. Максимал ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган энг кўп кунлар сони дашт ҳудудида (Муборак, 11 та) ва энг чекка жанубда (Термиз, 15 та) кузатилган.

Июл ойида максимал ҳаво ҳарорати 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони сўнгги 10 йил ичида энг кам бўлган.

Одатда ёзнинг ўрталарида кузатилгани каби, июл ойида ёмғир жуда нотекис ва кам ёғган. Фарғона водийси вилоятларида, Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғирлар тез-тез ёғган.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой ҳудудида кучли жала энг ғайриоддий ҳодиса бўлган. 7 июл куни 2 соат 40 дақиқада 23 мм ёмғир ёғган - бу ушбу ҳудуд учун рекорд кўрсаткич (илгари 14 мм бўлган).

Республика шимолида ва чўл ҳудудларида айрим кунларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача, Бекободда 22-25 м/с гача кучайган, баъзи жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилган, кўринувчанлик 1 минг метргача ёмонлашган.

Навоийда 7 июл куни шамол тезлиги 35 м/с га етган. Бу ушбу ҳудуд учун рекорд кўрсаткичнинг такрорланишидир.

Жиззах, Сурхондарё, Андижон ва Фарғона вилоятларининг айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларида жала ёмғирлар ёғиши оқибатида сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилган.

Мавзуга оид