Жаҳон | 00:36 / 07.08.2024
9669
2 дақиқада ўқилади

Яҳё Синвар ҲАМАСнинг янги раҳбари этиб сайланди

Исроил томонидан уч маротаба ҳибсга олинган Синвар ҳаракатнинг ҳарбий қанотини бошқарган ва Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларга масъул бўлган.

ҲАМАС ҳаракати Теҳронда ўлдирилган Исмоил Ҳания ўрнига сиёсий бюрога янги етакчи сайланганини эълон қилди. Бу ҲАМАСнинг ҳарбий қанотини бошқарган ва Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларга масъул бўлган Яҳё Синвардир.

«ҲАМАС ҳаракати шаҳид кетган Исмоил Ҳания ўрнига командир Яҳё Синварни сиёсий бюро раҳбари сифатида эълон қилади», — дейилади хабарда.

61 ёшли Яҳё Синвар — ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиларидан, ташкилот ҳарбий қаноти ва ички хавфсизлик бўлинмаси асосчиларидан биридир. Исроил томонидан уч маротаба ҳибсга олинган — 1982, 1985 ва 1988 йилларда. 2011 йилда у ЦАХАЛ аскари Гилад Шалитга алмашилиб, Исроил қамоқхонасидан озод этилган. 2015 йилда АҚШ Синварни халқаро террорчилар рўйхатига киритган.

Исмоил Ҳания 31 июль куни Эроннинг янги сайланган президенти Масъуд Пизишкиённинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга борганида ўлдирилган. Суиқасд Исроил томонидан АҚШ ҳукумати кўмагида режалаштирилган ва амалга оширилгани айтилмоқда. Ҳания оғирлиги тахминан 7 кг бўлган жанговар каллакли қисқа масофага учувчи снаряд ёрдамида ўлдирилгани ҳақида хабарлар берилди. 

Аввалроқ The New York Times Ҳания ҲАМАС ва Эрон расмий маълумотида айтилганидек ракета зарбаси ёки учувчисиз курилма ёрдамида эмас, у Теҳронда тунаб қолган уйда бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида ёзганди. Британиянинг Telegraph нашри ҳам бу версияни қувватловчи янги тафсилотларни эълон қилди.

Инглиз суриштирувчиларининг аниқлашича, Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши тўлалигича Исроил махсус хизмати Моссад операцияси бўлган. ҲАМАС лидерини ўлдириш учун Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси агентлари ёлланган ва улар ёрдамида Ҳания тунаган хонага бомба қўйишган. Май ойида ёлланган агентлар Ҳания тунаб қолиши мумкин бўлган учта хонага бомба қўйган.

Мавзуга оид