Ўзбекистон | 22:22 / 09.08.2024
3893
5 дақиқада ўқилади

9 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Сотувга қиммат нархда чиқарилиши мўлжалланаётган маҳаллий BYD электромобили, “Омонқўтон” миллий табиат боғидаги ноқонуний ҳаракатлар, Қашқадарёда лифтда ҳалок бўлган орастабон аёл — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистоннинг BYD электромобиллари қиммат бўлади

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган BYD E2 Comfort электромобилининг энг арзон версияси 242 миллион сўмдан сотилиши маълум бўлди. Бу худди шу русумдаги электромобилнинг хусусий сотувчилар таклиф қилаётган Luxury комплектацияси нархдан роса 42 млн сўмга қиммат.

Боз устига, хусусий автосалонлар 200 млн сўмга Хитойдан келтириб берадиган электромобил нархига уни олиб келиш, ҚҚС, қайта ишлаш тўлови, сертификатлаш ва божхона тўловларини киради. Бундан ташқари, баъзи “кулранг” дилерлар машинага 2 йиллик кафолат беради”, - деб ёзади Австострада нашри.

“Ўзавтосаноат” жорий йилнинг июл ойида BYD Uzbekistan Factory хитойлик ҳамкорлари билан янги моделларни ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришгани, бу моделлар BYD Seagull ва E2 бўлиши хабар қилинганди.

Аввалроқ, BYD Uzbekistan Factory бош директори Шафқатбек Алимов Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD’лар четдан олиб келинадиганларидан арзон бўлишини айтиб ўтганди.

Ўзбекистонда KIA автомобилларини ишлаб чиқараётган ADM Jizzakh компанияси бош директори Дониёр Давлетяров маҳаллий бозор “ҳаддан ташқари тўйингани ва қизиб кетгани”ни иддао қилиб, жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган автомобиллар импортини тартибга солиш ва электромобиллар импорти учун божларни қайта тиклаш таклифи билан чиққанди.

26 июл куни бўлиб ўтган автомобилсозлик ва электротехника соҳаси тадбиркорлари билан очиқ мулоқотда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов электромобил импортига бож киритишни “100 фоиз” қўллаб-қувватлаган эди.

Миллий табиат боғида ноқонуний қурилишлар

Экология вазирлиги тасарруфидаги «Омонқўтон» миллий табиат боғида экскаватор ва булдозерлар киритилиб, йўллар ва иншоотлар қурилиши оқибатида дарахтлар ва ўсимликларга зарар етказилган.

Маълум бўлишича, 5 нафар фуқаро Миллий боғга «Йўлсой» бўлимида жойлашган собиқ оромгоҳ ҳудуди орқали рухсатсиз ва ҳеч қандай ҳужжатсиз экскаватор ва булдозерлар билан кириб борган. Боғ раҳбарияти табиат боғи муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд экани, бу ерга рухсатсиз кириш, қурилиш ва қазиш ишларини олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган ҳамда ҳудуддан чиқиб кетишни талаб қилган.

Шунга қарамасдан, фуқаролар ноқонуний тарзда боғ ҳудудига киришда давом этган ва бир неча дарахтлар ҳамда ўсимликларга жиддий зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тегишли ҳужжатлар Бош прокуратурага йўлланди.

Самарқанд вилоят прокуратураси ва кадастрлар палатаси вилоят бўлими ходимлари бориб вазиятни жойида ўрганганида Миллий боғ ҳудудида ноқонуний қурилган иншоотлар борлиги аниқланган.

Таъкидлаш лозимки, «Омонқўтон» миллий табиат боғида 1300 турдан ортиқ ўсимлик, ноёб, қимматбаҳо дарахтлар, 126 турдан ортиқ умуртқали ҳайвон, 100 турдан ортиқ қуш учрайди. Ўсимликларнинг 101 тури муҳофазага муҳтож ҳисобланади.

Лифт шахтасидан топилган жасад

Қашқадарёда шифохонада орастабон бўлиб ишлаган 36 ёшли аёл носоз лифтнинг шахтасига йиқилиб тушиб, вафот этган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё филиалига қарашли эски темирйўл шифохонасидаги лифт шахтасидан аёл жасади топилган, деб хабар берган «Марказий студия» кўрсатуви.

Қарши туманида яшовчи аёл 3 август куни ишга борган ва одатдагидек ўз иш фаолиятини давом эттирган. Тушга яқин бинодаги лифтдан фойдаланиш мақсадида унинг эшигини очган. Тахминларга кўра, аёл шу пайтда лифт носозлиги сабабли шахтага тушиб кетган.

Орадан бир неча соат вақт ўтгач, шифокорлар орастабоннинг кўринмай қолганини сезиб, унинг шу шифохонада ишлайдиган синглисига айтган. Излаш ишларидан натижа бўлмагач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган.

Орадан деярли 20 соат вақт ўтиб, 4 август куни аёл жонсиз ҳолда лифт шахтасидан топилган. Ҳозирда лифтдан фойдаланиш чеклаб қўйилган.

Марҳуманинг 3 нафар фарзанди бўлган, турмуш ўртоғи ишлаш учун Россияга кетган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБ томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Туманларга тайинланган янги ҳокимлар

Республикамизнинг яна бешта туманига янги ҳокимлар тайинланди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида Камилжан Айтбаев Тахиатош туманига, Анвар Баймуратов Қораўзак туманига ҳоким этиб тайинланди.

Хоразм вилоятида эса Зафарбек Матназаров Янгиариқ туманига, Руслан Ўразбаев Гурлан туманига ҳоким этиб тасдиқланди.

Шу вақтгача Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига раҳбарлик қилиб қелган Аҳрор Мансуров Мингбулоқ туманига янги ҳоким тайинланди.

Мавзуга оид