Жамият | 11:12 / 09.08.2024
3642
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ёш қизнинг умрига зомин бўлган ҳайдовчи 4 йилга озодликдан маҳрум этилди

22 ёшли йигит Damas машинасини бошқариб бораётиб, тезлик чекловига амал қилмасдан пиёдалар йўлагидан ўтаётган мактаб ўқувчисини уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган. ЙТҲда вафот этган 11 ёшли қизнинг яқинлари 11 млрд сўм маънавий ва яна шунча моддий зарар талаб қилган. Суд фақат 15 млн сўм маънавий зарар ундиришни лозим топган.

Фото: Kun.uz

Андижон шаҳрида мактаб ўқувчисининг умрига зомин бўлган ҳайдовчи жиноий жазога тортилди. Kun.uz ўрганган суд ҳужжатига кўра, ЙТҲ 2024 йил 15 март куни содир бўлган. 2002 йилда туғилган ҳайдовчи А.Ж. Damas машинасини Андижон шаҳри Мустақиллик маҳалласи ҳудудида бошқариб кетаётиб, пиёдалар йўлагидан ўтаётган 11 ёшли қизни уриб юборган. Вояга етмаган Р.О. ушбу пайтда мактабдан қайтаётган бўлган. ЙТҲ оқибатида ўқувчи кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан орадан 4 кун ўтиб, шифохонада вафот этган.

Ҳукмда келтирилишича, ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, 30 км/соат тезлик белгиланган ҳудудда машинани юқори тезликда бошқарган.

Ҳайдовчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, машинани 50-60 км/соат тезликда бошқарганини, қиз пиёдалар йўлагидан югурган ҳолда чиққанлигини ва масофа жуда яқинлиги сабабли уни уриб юборганлигини маълум қилган. Шунингдек, у жабрланувчининг дафн маросимларига оила аъзолари томонидан моддий ёрдам таклиф этилганида, марҳуманинг қонуний вакили томонидан рад этилганини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.

Қизнинг қонуний вакили эса суддан ҳайдовчига нисбатан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўраган.

Ўша куни воқеани эшитиб, дарҳол шифохонага етиб бордим. Оғир жароҳат олган қизим кома ҳолатида ётарди. У 19 март кунидан 20 март кунига ўтар кечаси вафот этди.

Фарзандимнинг ўлими биз учун қаттиқ изтироб бўлди: 11 ёшга киргунга қадар боқиб-парваришлаб, тарбиялаб, вояга етказгандик, вафоти қаттиқ руҳий азоб берди. Қизимнинг дафн маросимларига судланувчининг оила аъзолари моддий ёрдам беришмоқчи бўлишди, лекин қонуний тарзда моддий зарар ундириш мақсадида таклифни рад қилдик.

Судланувчидан 11 млрд сўм моддий ва 11 млрд сўм маънавий зарар ундирилишини, унга нисбатан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўрайман”, деган марҳуманинг қонуний вакили.

Суд ҳукми билан А.Ж. Жиноят кодесининг 266-моддаси 2-қисмида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб одам ўлимига сабаб бўлиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 3 йил транпорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. А.Ж.дан жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 15 млн сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Аввалроқ Фарғонада 4 пиёданинг умрига зомин бўлган ҳайдовчи 9 йилга қамалганди.

Мавзуга оид