Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил қамоқхоналаридаги қийноқлар, ниятидан қайтаётган Эрон ва Россиядан депортация бўйича янги қонун — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Қатар, Миср ва АҚШ Исроилни ҲАМАС билан Ғазо бўлгасида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокараларни қайта бошлашга чақиришди.
«Биз томонларни 15 август куни Доҳа ёки Қатарда музокараларни зудлик билан қайта бошлаш, қолиб кетган барча бўшлиқларни бартараф этиш, келишувни бирор кечикишларсиз бажаришни бошлашга чақирди”, —дейилади қўшма баёнотда.
Исроил қамоқхоналари фаластинликлар учун “қийноқ лагери”га айлангани маълум қилинмоқда.
Фаластинлик арабларга нисбатан жисмоний ва жинсий зўравонлик, оч қолдириш, уйқудан мосуво этиш каби қийноқлар қўлланмоқда.
Бу ҳақда Исроил томонидан оккупация ва аннексия қилинган ҳудудларда инсон ҳуқуқлари бузилиши тўғрисида ахборот тўпловчи «Бецелем» ташкилоти сайтида маълум қилинмоқда.
Ҳисобот “Дўзахга марҳамат” деб номланади ва бир неча тилларда эълон қилинган.
Ўз тадқиқоти давомида “Бецелем” Исроил қамоқхоналарида жазони ўтаган 55 нафар фаластинликнинг гувоҳликларини йиғиб чиққан. Уларнинг ўттиз нафари Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳили ва Шарқий Қуддусда яшайди, 21 нафари Ғазо бўлгаси турғуни ва тўрт нафари миллати араб бўлган Исроил фуқароларидир.
Эрон ниятидан қайтдими?
Араб давлатлари Эронни хотиржамликка чақирди. Бир нечта араб давлатлари ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилишига жавоб бериш ниятидан қайтишга чақиришган. Бу мамлакатлар Яқин Шарқда катта уруш келиб чиқишидан хавотирда.
Теҳронга дипломатик босим ўтказишда Вашингтон билан яқин алоқаларда бўлиб турган Иордания, Миср, Саудия Арабистони ва Қатар қўшилган, деб ёзади Washington Post газетаси.
Саудия Арабистони 7 август куни Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг шошилинч йиғилишини чақирган. Қироллик ташқи ишлар вазири ўринбосари Волид ал-Ҳарайжий Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишини Эрон суверенитетининг қўпол равишда бузилиши деб атаган. Бу мазкур қотиллик юзасидан Ар-Риёднинг чиқарган энг дадил баёноти бўлди.
“Биз можарога аралашган барча томонларни уни авж олишдан қайтариш ва Ғазодаги урушни зудлик билан тугатишга чақирдик”, — деган сиёсатчи.
Минтақа йирик уруш хавфига тайёргарлик кўраётган бир пайтда Эрон ўч олиш ниятидан қайтганга ўхшайди, деб ёзади Washington Post газетаси. Унинг маълумотларига кўра Америка дипломатияси эскалацияни авж олдирмасликка Эрон раҳбариятини кўндира олган.
Шунингдек, Эронга Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ташриф буюриб, Путиннинг Исроилга зарба беришдан қайтиш кераклиги тўғрисидаги номасини етказган.
Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам Эроннинг янги сайланган президенти Масъуд Пизишкиён билан гаплашиб, Теҳроннинг Исроилга ҳужум қилиш ниятидан қайтарган.
Украинанинг Курскка ҳужуми
Украина Россиянинг Курск областига қилинган ҳужумдан мақсад нима эканини маълум қилди. Мамлакат расмийси сўзларига кўра, Украина бу билан эҳтимолий музокаралардаги позициясини мустаҳкамламоқчи.
Украина Қуролли кучларининг Россиянинг Курск вилоятига ҳужумидан мақсад Киевнинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлашдир, деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк.
«Улар қўрқувдан бошқа нарсага муносабат билдиряптими? Йўқ, ниҳоят буни англаб олиш керак. Россия ҳар қандай муросани заифлик ва музокаралар столига ўтиришга розилик, деб билади. Улар музокара столига ўтирганида фақат уруш уларнинг сценарийси бўйича кетмаётганини тушунсагина бирор нарсани ундириш, эришиш мумкин», деган Подоляк.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, ҳарбий операцияларнинг Россия ҳудудига чуқурроқ кириб бориши россияликларни «қўрқитади» ва уларнинг Путинга муносабатини ёмонлаштиради.
Россиянинг Курск вилоятига оммавий ҳужумлар 6 август куни эрталаб бошланган эди.
7 август куни Мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Курск вилоятида «Украина қуролли кучлари бўлинмаларини йўқ қилиш операцияси»ни давом эттираётганини маълум қилди. 8 август куни Украина армиясининг олдинга силжишига йўл қўйилмади, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги.
Курск области раҳбари ўринбосари Андрей Белостоцкий 8 август куни Курск вилоятидаги ҳужумлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Унга кўра, Курск областининг чегара ҳудудларидан уч мингга яқин тинч аҳоли эвакуация қилинди, уларнинг ярми вақтинчалик жойлаштириш марказларида.
Бангладешда янги ҳукумат раҳбари
Париждан қайтган иқтисодчи Муҳаммад Юнус Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбари сифатида қасамёд қилди. 2006 йилда у камбағалларга микрокредит бериш соҳасидаги изланишлари учун тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган эди.
8 август, пайшанба куни кечқурун президент саройида 84 ёшли Юнуснинг қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда у «мамлакат Конституциясини ҳимоя қилишга ҳамда ўзининг янги вазифаларини чин дилдан бажаришга» ваъда берди ҳамда фуқароларни «бутун мамлакат бўйлаб» зўравонликни тўхтатишга чақирди.
Кейинчалик журналистлар билан суҳбатда Юнус мамлакат «янги ғалаба кунини» кутганини ва «иккинчи мустақилликка эришганини» айтди.
Муҳаммад Юнусни тайинлаш тўғрисидаги қарор Бангладеш президенти Шаҳабуддин Чуппу ва Юнус номзодини илгари сурган «Талабалар дискриминацияга қарши» норозилик ҳаракати етакчилари ўртасидаги учрашувда қабул қилинди. Муваққат ҳукуматнинг якуний таркиби мамлакат сиёсий партиялари билан маслаҳатлашувлардан сўнг аниқланади, дея аввалроқ хабар берган эди давлат раҳбари матбуот хизмати.
5 август куни Бангладешда 2009 йилдан бери бош вазир лавозимида ишлаб келган 76 ёшли Шайх Ҳасина норозилик намойишлари остида мамлакатни тарк этган эди. Унинг истеъфоси камида 455 кишининг ўлимига сабаб бўлган бир неча ҳафталик намойишлар ортидан юз берди.
Россиядан депортация қилиш
Россияда қабул қилинган янги қонунга кўра, полиция суд қарорисиз чет элликларни депортация қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Россия президенти Владимир Путин Ички ишлар вазирлигига чет эл фуқароларини айрим ҳуқуқбузарликлар учун суд қарорисиз мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқини бериш ҳақидаги қонунни имзолади.
Қабул қилинган қонунга кўра, ички ишлар органлари ходимлари чет эл фуқароларини маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун Россиядан депортация қилиш тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилиши мумкин.
Чет элликлар қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун шу тариқа жазоланиши мумкин:
- гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи, ташиш, истеъмол қилиш ва тарғиб қилиш;
- ноанъанавий жинсий алоқалар ва педофилияни тарғиб қилиш;
- виждон ва дин эркинлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда миссионерлик фаолияти;
- жамоат жойларида спиртли ичимликларни истеъмол қилиш;
- стадионларда ўзини тутиш қоидаларини бузиш.
Қонундаги ўзгаришлар 180 кундан кейин кучга киради.
Россияда курйерлар етишмовчилиги
Россияда мигрантларнинг оммавий депортацияси туфайли курйерлар танқислиги юзага келди. 2024 йил охирига бориб курйерлар етишмовчилиги 300 мингга етиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
«Коммерсант» нашрининг ёзишича, апрел-июн ойлари натижаларига кўра, биринчи чоракка нисбатан қисқариш 3,2 фоизни ташкил этди. Нафақат курйерлар, балки буюртмачиларнинг етишмаслиги ҳам бу пасайишнинг сабаби сифатида кўрсатилмоқда. Натижада компаниялар етказиб бериш соҳасини торайтириб, бепул хизматларни бекор қилмоқда.
2024 йил март ойида бутун Россия бўйлаб курйерлар етишмовчилиги 140 минг кишини ташкил этган бўлса, жорий йил охирига бориб бу кўрсаткич 300 мингга етиши мумкин, деб ёзди нашр Restomania етказиб бериш хизматига таяниб.
Қайд қилинишича, 2024 йилнинг иккинчи чорагида Wildberries ва Ozon тармоқларида озиқ-овқат буюртмалари ҳажми биринчи чоракка нисбатан мос равишда 22,4 фоизга ва 7,9 фоизга камайган. Тармоқлар буни мавсумий пасайиш билан тушунтирмоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йил дастлабки 6 ойида Россиядан 40 минг нафар мигрант чиқариб юборилган. Ўтган йил давомида Россиядан 44 минг мигрант чиқариб юборилган эди.
Meta Туркияда ваколатхона очади
Туркия парламентининг рақамли ОАВлар бўйича комиссияси раҳбари Ҳуссайн Яйман Туркия раҳбарияти Meta компанияси билан иккита учрашув ўтказганини маълум қилган.
Музокаралар чоғида Туркия томони Meta вакилларини эшитган ва компаниянинг Туркияда ваколатхонасини очиш талабини қўйишган. Хабар қилинишича, Meta компанияси вакиллари бу талабларга ижобий реакция билдирган ва депутатларнинг саволларига самимий жавоб берган.
Эслатиб ўтамиз, 2 август куни Туркия Meta компаниясига тегишли Instagram ижтимоий тармоғини блоклаб қўйган эди. Вазиятдан хабардор манбаларнинг айтишича, бунга сабаб Теҳронда ўлдирилган ҲАМАСнинг сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания билан боғлиқ контентларнинг ўчирилгани бўлган.
Кейинроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ижтимоий тармоқ мамлакат ҳукумати талабларини бажарса блок олиб ташланишини айтган.
Ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси мазкур ижтимоий тармоқ АҚШ ва Буюк Британиянинг қоидаларига риоя қилгани каби Туркия талабларини ҳам бажариши шартлигини таъкидлаган.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025