Жаҳон | 22:27 / 10.08.2024
9008
3 дақиқада ўқилади

Forbes АҚШдаги президентлик пойгасининг «энг қашшоқ» иштирокчиси номини маълум қилди

Камала Харрис вице-президентликка номзод сифатида танлаган Уолцнинг бойлиги 1 млн долларни ташкил этади. Бу ўртача статистик америкаликнинг даромадига тенг демак.

Фото: Reuters

Миннесота губернатори ва АҚШ вице-президентлигига номзод Тим Уолц сайловолди пойҳасининг энг «қашшоқ» иштирокчиси ҳисобланади, деб хабар беради Forbes.

Bloomberg ва Forbes нашрларининг баҳолашича, Уолцнинг бойлиги 1 миллион доллардан сал ошади. У бошқа номзодлардан кўра оддий америкаликка яқинроқ: АҚШда ўртача статистик аҳолининг бойлиги 540 минг долларни ташкил этади. АҚШ Федерал захира тизими ва Висконсин университети томонидан 2019 йилда ўтказилган тадқиқотда даромадни ҳисоблашда ижтимоий таъминот доирасида бериладиган пенсия ва ёрдам пуллари, шунингдек, бошқа активлар ҳам инобатга олинган.

Уолц 2019 йилда тақдим этган ҳисоботга кўра, у конгрессмен лавозимида бўлганида ўзи ҳам, рафиқаси Гвен ҳам акциялар ёки облигацияларга эгалик қилмаган. Шунингдек, Уолцларнинг уйи йўқ: Манкейтодаги беш хонали уйини улар Тим Уолц губернатор бўлганидан кўп ўтмай сотиб юборган.

Нашрнинг қайд этишича, Уолцнинг губернатор маошидан ташқари даромад келтирадиган бирор бизнеси борлиги ҳақида шама қилувчи белгилар ҳам йўқ. У йилига 149 минг доллар ишлаб топади. Уолцларнинг деярли барча даромадлари давлат ва ҳарбий хизматда бўлган йиллари давомида олган давлат пенсиялари ҳисобига шаклланади.

Шу билан бирга, вице-президент бўлишидан олдин узоқ йиллар прокурор, штат бош прокурори ва сенатор лавозимида ишлаган Ҳарриснинг бойлиги 8 миллион долларга баҳоланади. Маблағларнинг бир қисмини у эри юрист Даг Эмхоффдан олган.

Республикачилардан президентликка номзод, АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг бойлигини эса Forbes 4,8 миллиард долларга баҳолади — у сайловолди пойгасининг энг бадавлат иштирокчиси. У томонидан вице-президентликка номзод сифатида танланган Оҳайо штати губернатори Дэвид Вэнснинг бойлиги 10 миллион доллар атрофида.

Президентлик пойгасида мустақил номзод сифатида иштирок этаётган марҳум президент Жон Кеннедининг жияни, кичик Роберт Кеннедининг бойлиги 15 миллион долларга тенг, унинг шериги Никол Шанахан — Google асосчиларидан бири, бойлиги 130,6 миллиард долларга баҳоланган Сергей Бриннинг собиқ рафиқасидир.

Мавзуга оид