Жаҳон | 15:05 / 10.08.2024
5170
9 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Хон Юнусга қайта ҳужуми, Россиянинг уч областида махсус режим ва Бразилиядаги авиаҳалокат — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазодаги мактабларга авиазарбаси оқибатида 15 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида вояга етмаганлар ҳам бор.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Ғазо шаҳри шарқидаги Туффа ҳудудида «Аз-Заҳро» ва «Абдулфаттоҳ Ҳамуд» мактабларига берган зарбаси оқибатида камида 15 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлди.

Ушбу мактаблар ўз турар жойларидан мажбурий кўчирилган фаластинликлар учун бошпана вазифасини ўтаган. Лекин Исроил армияси мазкур бинолар ҲАМАС ҳаракати томонидан «хавфсиз бошпана» сифатида фойдаланилганини иддао қилган.

Шунингдек, исроиллик ҳарбийларнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида уйни ўққа тутиши оқибатида беш нафар фаластинлик ҳалок бўлган, яна икки нафари яраланган. Хон Юнуснинг шарқидаги Ал-Қарара ҳудудида фаластинлик Аҳмад оиласининг уйи ўққа тутилди.

Исроил армияси Хон-Юнусга қуруқликдаги ҳужумини қайта бошлагани маълум қилинмоқда.

Эътиборлиси, қуруқликдан ҳужум қилиш ҳақидаги қарор АҚШ, Миср ва Қатарнинг 15 август куни Қоҳира ёки Доҳада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича музокараларни қайта бошлаш чақириғидан кейин қабул қилинган.

Исроил ҳарбийлари минглаб мажбуран кўчирилган фаластинликлар бошпана топган Хон Юнус шарқидаги ҳудудлар аҳолисини эвакуация қилишни буюрди.

Минглаб кўчирилган аёллар, болалар ва қариялар вайрон бўлган бинолар харобалари орасидан кўчиб ўтишга мажбур бўлишди ва ўзлари билан фақат энг зарур нарсаларни олиб кетишди. Ижтимоий тармоқларда фалокатли ҳуманитар вазият акс этган кадрлар кенг тарқалмоқда.

Россиянинг уч областида АТО режими

Россиянинг уч вилоятида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди.

Россия Федерацияси Миллий аксилтеррор қўмитасининг 9 августдаги қарори билан Белгород, Брянск ва Курск областларида «вазиятни беқарорлаштиришга мисли кўрилмаган уриниш» туфайли аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий чекланмоқда.

Курск области губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирновнинг сўзларига кўра, расмийлар кейинги «саботаж ва террорчилик таҳдидлари»дан хавотирда.

Режим жисмоний шахсларнинг ҳужжатларини текшириш ва ҳужжатлар йўқ бўлган тақдирда уларни ички ишлар органларига юборишни ўз ичига олади. Аҳолига маълум ҳудудлар ва объектларга кириш тақиқланиши мумкин. Расмийлар электрон ёзишмаларни ўқиш ва телефон суҳбатларини тинглаш ҳуқуқига эга.

Ушбу чора фуқароларни «вақтинчалик кўчириш»ни, шунингдек, транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини чеклашни назарда тутади. Хавфсизлик хизматига уй-жой ва ер участкаларига тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилади.

АТО учун ҳарбийлар, Миллий гвардия, фуқаролик мудофааси ва федерал идоралардан иборат махсус кучлар гуруҳи яратилиши мумкин. Россияда уни ким бошқариши мумкинлиги ҳозирча аниқлаштирилмади. Режим ҳарбий техника, қурол ва махсус техникадан фойдаланишга расман рухсат беради.

Урушни ўрганиш бўйича Америка институтининг 8 август куни хабар беришича, Украина Қуролли кучлари Украинанинг Суми вилояти билан чегарасидан Россия ҳудудига 35 километр ичкарига илгарилаб кетган.

Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган "Рыбарь" Telegram-канали Украина қуролли кучлари Суджанинг ғарбий чекка ҳудудларини назорат остида ушлаб турганини маълум қилди.

Беларус режими Россиянинг шериги

Беларус режими Россиянинг Украинага қарши ноқонуний тажовузкор урушида шерикдир. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 2020 йил августида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилганига тўрт йил тўлиши арафасида берган баёнотида айтиб ўтган.

Баёнотда айтилишича, Москванинг сиёсий, ҳарбий ва моддий-техник ёрдамидан ташқари, Александр Лукашенко режими «украиналик болаларни Украинанинг Россия томонидан вақтинча эгаллаб олинган ҳудудларидан ноқонуний депортация қилишга ёрдам берган».

Бундан ташқари, 2021 йилдан бери Минск ЕИнинг ташқи чегараларида миграция босимини ташкил қилмоқда, дея таъкидланади ҳужжатда.

Расмийлар, шунингдек, «ўз халқига қарши кенг кўламли зўравонлик ва қўрқитиш кампаниясини» давом эттирмоқда, деди Боррел. Беларус қамоқхоналарида 1400 га яқин сиёсий маҳбус бор ва бу 2020 йилдан бери сиёсий сабабларга кўра жазони ижро этиш тизимидан ўтганларнинг кичик бир қисми.

Боррелга кўра, Лукашенко «Беларус фуқаролик жамияти, ҳуқуқ фаоллари, эркин оммавий ахборот воситалари ва журналистлар, сиёсий мухолифлар, мустақил касаба уюшмалари, миллий озчиликлар вакилларига ва пировардида, мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам ўз фикрини билдирувчи барча оддий фуқароларга қарши тўлиқ репрессияларни амалга оширмоқда».

Камида олти сиёсий маҳбус ҳибсда вафот этди, кўплари бир йилдан ортиқ вақт давомида ташқи дунё билан алоқа қилмадилар. Айримларнинг аҳволи ҳаёти учун хавфли ва шошилинч тиббий ёрдамни талаб қилади, дея қўшимча қилди Брюссел.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Туркнинг ҳисоботига кўра, Беларусда таъқиблар инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланиши учун етарли асослар мавжуд, деб таъкидлади ЕИ.

«Биз барча сиёсий маҳбуслар ва ноҳақ қўлга олинганларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақирамиз», деб таъкидлади Боррел.

Мигрантларнинг ишлашига тақиқ

Россиянинг яна бир ҳудудида мигрантларга таксида ишлаш тақиқланди.

Красноярск ўлкасида губернатор фармони билан мигрантлар меҳнатига бир қанча чекловлар киритилди. Қайд қилинишича, мигрантлар ишлаши тақиқланадиган соҳалар янада кўпайиши мумкин.

Жумладан, мигрантларга таксида йўловчиларни ташиш, ихтисослашган дўконларда алкоголли ичимликлар, шу жумладан пивонинг чакана савдоси, ихтисослашган дўконларда тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланиш тақиқланди.

«Иш берувчилар чет эллик ишчиларни четлатишга улгуриши учун» фармон 2025 йил 1 мартдан кучга киради.

Россиянинг бир қатор минтақаларида: Томск, Самара, Липецк ва Курск вилоятларида меҳнат мигрантларининг муайян соҳаларда ишлашини тақиқловчи фармойишлар аллақачон кучга кирган. Кўпинча гап такси ҳақида кетади.

Июл ойи охирида Россия Давлат Думасига чет эл фуқароларига мактаб ва мактабгача таълим, тиббиёт ва фармацевтика, йўловчи ташиш соҳаларида ишлашни, шунингдек, «айрим фаолият турлари билан шуғулланишни тақиқлашни» таклиф қилувчи қонун киритилган эди.

Шу билан бирга, Россияда патент асосида ишлаётган мигрантларнинг даромадини 30 фоизгача солиққа тортиш ҳам таклиф қилинмоқда.

Бразилиядаги авиаҳалокат

Бразилияда йўловчи самолёти ҳалокатга учради. Voepass Linhas Aéreas авиакомпаниясига тегишли самолётнинг текис штопорга тушиб қолиб қулаши натижасида самолёт бортида бўлган 62 кишининг барчаси ҳалок бўлгани таъкидланмоқда.

Воқеа Сан-Паулу штатида рўй берган. Кучли шамол ва ёмғирли об-ҳаво шароитида ички рейсни амалга ошираётган турбопарракли ATR 72 самолёти қулаб тушиб ёниб кетган.

Самолёт аҳоли яшаш пунктига қулаб тушган. Унинг бортида 58 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган.

BNO News уларнинг барчаси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Нигерияда юқимли касаллик авж олмоқда

Нигерияда Ласса безгаги қурбонлари сони 163 кишига етди. Нигерия Касалликларни назорат қилиш маркази маълумотларига кўра, ўлимга олиб келадиган касаллик Нигериянинг 34 штати, жумладан, пойтахт Абужада ҳам тарқалган.

Нигерия ҳукумати касалликни даволаш учун 3 та дори аниқланганини билдирди.

Ўтган йили Нигерияда 1227 та ҳолатда Ласса безгаги аниқланган, улардан 219 таси ўлим билан якунланган.

Ласса безгаги биринчи марта Нигерияда 1969 йилда мамлакат шимоли-шарқидаги Борно штатида аниқланган. Бу юқимли касаллик туфайли Нигерия ҳукумати ўтган йилнинг феврал ойида фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Ласса безгаги каламуш ва сичқонлардан юқади. Ушбу хавфли касаллик одамдан одамга юқиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Мамлакат ҳукумати аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга, гигиена қоидаларига риоя қилишга ва кемирувчиларга яқинлашмасликка чақирди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид