Ўзбекистон | 10:58 / 11.08.2024
12968
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда ҳайдовчилар учун ягона имтиҳон маркази очилди

Самарқандда вилоят имтиҳон маркази очилди. Энди автомактабларда ўқиган бўлажак ҳайдовчилар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун шу масканга келиб, назарий ва амалий имтиҳон топширади.

Суперфосфат заводининг орт томонида, Паст Дарғом тумани ҳудудида очилган имтиҳон марказининг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов чиқиш қилди. У имтиҳон марказининг очилишидан мақсад, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда таниш-билишчилик ва коррупцияга барҳам бериш эканлигини таъкидлаб ўтди.

Сўнгра Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Шерзод Ибрагимов бундай марказларнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Ушбу инновацион мажмуада имтиҳоннинг назарий қисмида бирваракайига 25 кишидан тест олиш мумкин. Автополигонда эса 10 та курсант бир вақтнинг ўзида амалий имтиҳон топширса бўлади.

Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Номзод Марказга келганида ўзига тегишли индивидуал QR-кодини олади, бунда у топширадиган имтиҳонларнинг ҳар бир босқичи белгилаб қўйилган бўлади.

Маслан, назарий имтиҳондан ўтиш учун 20 та саволдан камида 18 тасига тўғри жавоб бериш талаб этилади, бунга 25 дақиқа вақт ажратилади. Агар ушбу синов босқичидан муваффақиятли ўтса, номзод ҳайдовчилик бўйича амалий имтиҳонни топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Кутиш залида унга зарур кўрсатмалар берилади, шунингдек, қайси машғулотларни ва қандай кетма-кетликда бажариш кераклиги тўлиқ акс эттирилган видео маълумотнома намойиш этилади.

Машинани курсантнинг бир ўзи бошқаради. Машина бошқаруви асносида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бериладиган жарима баллари 99 балл чегарасидан ошиб кетмаса, имтиҳон топширилган ҳисобланади.

Номзод амалий имтиҳондан ўта олмаса, у назарий имтиҳонни муваффақиятли топширган пайтдан бошлаб 2 ой ичида 7 кунлик интервал билан қайта топшириши мумкин. Агар бу муддат ичида топшира олмаса назарий имтиҳонни ҳам бошқатдан топширади.

Амалий имтиҳонни топшириш учун Марказда учта майдонга бўлинган автоматлаштирилган автодром мавжуд. Бирида «B», «C» ва «D» тоифалари, яъни енгил автомобиль, юк машинаси ва автобусни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга даъвогар номзодлар имтиҳон топширади.

Иккинчи майдонда эса «А» тоифаси учун – мототранспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлишни хоҳловчилар амалий кўникмаларини намойиш этадилар.

Учинчи майдон «BE», «CE» ва «DE» тоифалари учун, яъни тиркамали автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича имтиҳонларга мўлжалланган.

Назарий ва амалий имтиҳонлар бўйича қўшимча тайёргарликка муҳтож номзодлар учун Марказда экспресс-курслар мавжуд.

Имтиҳонларнинг иккала босқичи муваффақиятли топширилганидан сўнг, сертификат берилади, номзодлар бу сертификат билан ЙҲХБга мурожаат қилишлари лозим. Сертификат маълумотлар базасида текширилганидан сўнг, уларга белгиланган тартибда ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилади.

Имтиҳон маркази директори Сергей Крот марказ ҳозироқ ишга тушгани ва унда имтиҳон топшириш учун нималар кераклигини санаб ўтди:

Автомактабни тугаллаб келаётган янги курсантлар учун имтиҳон топширишга белгиланган нархлар биринчи марта учун назарий ва амалий имтиҳонларда 500 минг сўмдан, қайта имтиҳон топшириш учун 600 минг сўмдан қилиб белгиланган.

Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи жуда долзарб. Самарқанддаги ушбу марказ республикамизда очилган марказларнинг тўққизинчиси бўлди.

Ушбу марказларнинг фаолияти ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш соҳасидаги коррупцияга тўлиқ барҳам бериш имкони борлигини амалда намоён этди. Бу, ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартидир, чунки имтиҳон муваффақиятли топширгани тўғрисидаги гувоҳномани фақат йўл ҳаракати қоидаларини, ҳайдовчилик кўникмаларини билган ва буни амалда қўллай оладиганларгина олишлари мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид